Ўзбекистон янгиликлари

Уфа анжуманида вакилларимиз иштироки

Бугун, 26 апрель куни Уфа шаҳрида “Ёшлар экстремизми: замонавий вазият ва қарши туриш йўллари” номли Умумроссия илмий-амалий анжумани ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур Уфа илмий-амалий анжумани Россия Федерацияси Таълим ва фан Вазирлиги, Россия мусулмонлари марказлашган диний идораси, Бошқирдистон Республикаси раҳбарияти қошидаги давлат-конфессионал муносабатлари бўйича Кенгаш раҳнамолиги остида бўлиб ўтади.

Ушбу нуфузли анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Диний таълим бўлими бошлиғи Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва “Имом Бухорий” номли Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуровлар иштирок этишмоқда.

Анжуман доирасида “МДҲ мамлакатлари мусулмонлари диний идоралари: диний бирдамлик халқаро экстремизмга қарши курашиш йўлидаги омилдир” номли халқаро форум бўлиб ўтади. М.Акмулла номли Бошқирдистон давлат педагогик университети, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси қошидаги Россия ислом университети мазкур халқаро форумнинг ташкилотчилари саналади.

Форум ишида қуйидаги масалалар муҳокама этилади:

  1. МДҲ мамлакатлари ҳудудида экстремизмга қарши курашиш йўллари ва шаклларини кўриб чиқиш ҳамда биргаликда қўшма таклифлар ишлаб чиқиш ва ушбу масала бўйича тавсиялар бериш.
  2. МДҲ мамлакатлари ҳудудидаги диний таълим муассасалари ва ташкилотлари ҳамкорлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини ривожлантириш бўйича ечимларни шакллантириш.

Анжуман иши давом этмоқда. 

 

 

ЎМИ  Халқаро алоқалар бўлими

2643 марта ўқилди

Янгиликлар

Top