Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро Пресс-клубда Президент Фармони муҳокамасига бағишланган сессияси бўлиб ўтди

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қатори диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, амалиётга изчил татбиқ этилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йилнинг 16 апрель куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони Халқаро Пресс-клуб майдонида муҳим муҳокама мавзусига айланди. 
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 
Сўнгги бир ярим йил давомида мамлакатимизда Имом Термизий ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Бухорода “Мир араб” Олий мадрасаси очилди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари аввалги йилларга нисбатан икки баробарга оширилди. 
Калом, Ҳадис, Ақида каби Илмий мактаблар республикамиз бўйлаб ўз фаолиятини бошлади. 2017 йил 13 сентябрь куни «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Диний-маърифий соҳада амалга оширилган мазкур ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. 
Ушбу мақсадда Фармонда қатор устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби вазифаларни қайд этиш лозим. 
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши сингари вазифалар белгилаб қўйилган. 
Ушбу сессияда тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари, диний-маърифий соҳа ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

ЎМИ Матбуот хизмати

3265 марта ўқилди

Янгиликлар

Top