Ўзбекистон янгиликлари

Давлат раҳбарлари Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Таййип Эрдоған Бухорога ташрифи аввалида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловат қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.

Ўзбек ва турк халқларининг дини, маънавий қадриятлари бир. Юртимизда яшаган авлиё ва алломалар Туркияда ҳам эъзозланади. Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир.

Олий мартабали меҳмонга унинг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси, «Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин» деган ғоянинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.

Мустақиллик йилларида бу маскан юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар кўп келадиган зиёратгоҳга айланди.

Туркия Президенти Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканини, халқимиз тарихи ва маънавиятига ҳурмати баландлигини таъкидлади.

Зиёрат туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2587 марта ўқилди

Янгиликлар

Top