Ўзбекистон янгиликлари

Ўтганларни хотирлайлик

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда фашизмга қарши курашишларда қатнашган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, шунингдек Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди, Наджмиддин Кубро каби қахрамонлар ва асрлар давомида халқ орзу қилган эркинлик учун курашган Қодирий, Беҳбуди, Мунаввар қори, Чўлпон, Авлоний, Фитрат, Усмон Носир каби миллий қахрамонларимизнинг руҳини шод этиб, уларни хотирлаш барчамизнинг вазифамиздир.

Агар бизга хотира мураббий бўлса биз тарихга назар ташлаб келажак сари қадам ташлаймиз. Чунки биз ўтган вақтда бўлган ходисалардан ибрат олиб келажакда бундай ҳолатларни такрорланмаслигини, қолаверса тинч-фаровон ҳаётни қадрига етамиз. Қадрлаш ёши улуғларга нисбатан эъзоз ва ҳурмат, инсоний бурчдир. Шу боис, хотира, қадр тушунчалари азал-азалдан халқимиз тафаккури, маънавий ҳаётнинг ажралмас бир қисми бўлиб келган.

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг ўзига яраша қадрияти, урф-одатлари, анъаналари борки, асрлар давомида авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтиб келади. Қайсики юртда мана шу қадрият, урф-одат ва анъаналар топталадиган, оёқ-ости қилинадиган бўлса, ўша жамиятнинг келажаги бўлмайди.

Бунинг аччиқ мевасини собиқ шуро давлати тотиб кўрди. Ҳар бир ақли расо инсоннинг энг қадрли ва қимматли суйган нарсаси бўлади. Мана шу қадр-қимматни инсон ҳимоя қилмас экан, албатта у келажак авлод олдидаги маъсулиятини унутиб қўйганлар қаторида бўлиши ҳеч гап эмас. Ислом динида инсон қадрини юқори кўтарган Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...”. Бу азизлик ва мукаррамлик ўтганларни хотиралаш ва тирикларни қадирлаш билан мукаммал бўлади. Ўтганларни яхши сифатларни эсласак, орамизда ҳар бир дақиқаси ғанимат бўлган ёши улуғларни, пиру-бадавлат ота-оналаримизни дуосини олсак ҳеч қачон ёмонлик кўрмаймиз. Чунки халқимизда олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасму деб бежизга айтилмаган.

Мустақилликга эришмасимиздан олдин яъни собиқ шуро даврида миллий анъаналаримиз, дину-диёнатимиз, миллий байрамларимиз, тилимиз, қомусимиз, байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимиз хақида гапириш бизга ушалмас орзу ҳавас эди. Азиз авлиёларимиз зиёратгоҳлари вайронага айланган эди. Масжиду-мадрасаларимиз омборхоналарга айлантирилиб, ачинарли аҳволга тушуб қолган эди. Қанчадан-қанча бегуноҳ ота-боболаримиз қатағон қилиниб бевақт оламдан ўтишди. Хуллас калом ўзбек халқининг қадр-қиммати топталган эди. Яратганга беадад шукурки, жаннатмакон Ўзбекистонга мустақиллик неъматини инъом этди.

Ўз аждодларини, ўз юртининг ўтмишини, тарихини эсламайдиган, билишни истамайдиган, ўз хотирасида сақламайдиган одам боласини, онгли инсон деб тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабали келажак авлоднинг тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, халқимизнинг азалий қадрият, урф-одат ва анъаналарига содиқ қоладиган зурриётларни ортимиздан қолдиришимиз лозим бўлади.

Мансуров Шокиржон,
Наманган вилояти Учқўрғон тумани

“Саидхон эшон” жоме масжиди бош имом-хатиби

2634 марта ўқилди

Янгиликлар

Top