Ўзбекистон янгиликлари

Шайх ҳазратлари имомлар билан учрашди

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар ва имом-ноибларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув семинари бошланган бўлиб, мазкур семинарга пойтахтдан меҳмонлар таклиф қилиниши ҳақида айтилганди.

Муборак ойнинг фараҳбахш кунларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Ҳасанбой домла Қодировлар Фарғона вилоятига ташриф буюрдилар.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали мажлислар залида мартабали меҳмонлар ва вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиблар билан учрашув бўлиб ўтди.

- Бугун имом-хатиблар зиммасида масъулият ва вазифалар ҳар қачонгидан ҳам талайгина. Шундай экан, ҳар бир имом ўз устида мунтазам ишлаши, доимий равишда китоб мутолааси билан ошно бўлиши лозим. Айниқса, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан очилган "Фиқҳ мактаби"нинг мавқеини кўтариш, бу ердан Бурҳониддин Марғилонийнинг ворисларини яна тарбия қилиш даркор, - дея таъкидлади шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Ҳасанбой домла Қодиров ҳам тадбирда нутқ сўзлаб: - "Имомлар халқнинг бир бўлаги. Бугун мўмин-мусулмонлар ҳар ишида унинг фиқҳий ечимини сўрашга ошиқмоқда. Бу албатта халқимизни  муқаддас динимизга бўлган муҳаббати ва ихлосидан нишона. Шундай экан, имом-хатиб саволларга жавоб берар экан, албатта илмий асосланаган, ҳужжат-далил орқали жавоб беришга тайёр туриши муҳим", - эканини қайд этди.

Учрашув савол-жавобларга уланиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, имом-хатиблар ва имом-ноиблари  учун қисқа муддатли ўқув семинари давом этади. Семинар дастури давомида ана шундай қизиқарли учрашувлар белгиланган.

Вакиллик матбуот хизмати

3055 марта ўқилди

Янгиликлар

Top