Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Андижондаги имомлар билан  мулоқот ўтказди

Рамазон кунларида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, халқаро ислом академияси ректори Неъматуллоҳ Иброҳимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурхон Акрамов бошчиликларидаги мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан мулоқотлар ўтказиш ва имом-домлалар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида, Андижон вилоятидаги хизмат сафарларини давом эттиришмоқда.
Бугун, муфтий ҳазратлари Шаҳрихон туманидаги масжид имом-хатиблари учун халқаро ислом академиясининг профессор-ўқитувчилари иштирокида ўтказилаётган ўқув семинарга ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари имом-домлалар билан мулоқотда, имом-хатиб ўз устида мунтазам ишлаши, замон билан ҳамнафас яшаши, юртимиздаги ижобий ўзгаришлар ва дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳақида алоҳида тўхталдилар. Шундан сўнг семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.


Сўзга чиққан имом-хатиблар, икки кун давомида ўтказилган ўқув машғулотлари натижасида уларнинг дунёқарашлари муҳим маълумотлар билан бойигани, мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини яхши англаб етишгани, бузғунчи кучларнинг асл мақсадларини кенг тушуниб етишганини билдиришди. Шунингдек, имом-хатиблар эндиликда иш фаолиятларини тубдан такомиллаштиришлари, айниқса, Ислом дини маърифатини халқимизга етказиш, ёшлар ва аёл-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда турли рўйхатлардан чиқарилган ва хорижга меҳнат сафарига бориб келган фуқаролар билан янгича услубда ишлашларини айтишди.
Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан дин соҳасида катта ўзгаришлар қилинаётгани, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, илмий мактаблар ва янги масжид-мадрасалар очилаётгани мўмин-мумулмонларимизни жуда ҳам мамнун этаётганини сўзлашди. Хусусан, шу йил 16 апрель куни Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида имом-хатибларга берилган имкониятлар уларга жуда катта қувонч бағишлаганини изҳор қилишди. Айниқса, “Вақф” фонди ташкил этиш орқали имом-хатибларга ойлик ўпайтириб берилиши уларнинг янада куч-ғайрат билан ишлашларига катта омил экани кўп бор таъкидланди.
Учрашувда ҳудуддаги муаммолар ва камчиликлар муҳокама қилинди. Иш фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан таклифлар ҳам билдирилди. Семинар якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларга нисбатан муҳтарам Президентимизга миннатдорлик мактуби йўллашга келишиб олинди.
Муфтий ҳазрат бошчиликларидаги мутасаддиларнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2722 марта ўқилди

Янгиликлар

Top