Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Андижонда жума намозини адо этдилар

Айни кунларда Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, бугун жума намозини адо этиш учун Андижон шаҳридаги “Пистамозор” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ушбу кўркам жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун минглаб намозхонлар йиғилди.
Муфтий ҳазратлари “Ислом – мўътадил дин” мавзусида маъруза қилиб, динимиздаги барча ибодатлар бандаларнинг тоқатларига қараб буюрилиши, Ислом уммати мўътадил уммат экани, инсон ўз фитратидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда экани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, мўмин-мусулмонларга муборак Рамазон ойида ибодату илтижоларни кўпайтириш, ғанимат кунларни қадрига етиб қолиш тўғрисида ҳам нутқ қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга нисбатан ҳар бир киши туну кун Парвардигорга доим шукрона қилиш тўғрисида гапирдилар.
Жума намози адо этилгач, муфтий ҳазратлар бошчиликларида барча жамоат баралла дуога қўл очиб, юртимиз тинчлиги, динимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини сўрашди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2765 марта ўқилди

Янгиликлар

Top