Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат иштирок этган таровеҳга минглаб намозхонлар ташриф буюрди

Шу кунларда Асака шаҳридаги “Холид ибн Валид” масжиди илоҳий раҳмат нурлари билан лиммо-лим тўлмоқда, десак сира муболаға бўлмайди. Сабаби, бу жомеда хатми Қуръон ва таровеҳ намозларини адо этиш учун бир неча минглаб мўмин-мусулмонлар жам бўлиб, ҳусни совт билан қориларимизнинг Қуръони карим тиловатларини ихлос билан танглашмоқда. Намозхонларнинг аъло кайфияти ва об-ҳавонинг мўътадиллиги ҳам Рамазони шарифнинг диёримизда ўзгача файз билан ўтаётганига дарак бериб турибди.
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу муҳташам жомега ташриф буюриб, намозхонларни Рамазони шарифнинг мағфират даҳаси билан муборакбод этиб, дунёдаги барча мусулмонлар каби юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам Рамазон ойини катта хурсандчилик билан ўтказишаётгани, ибодатларини иймону ихлос билан адо этишаётганини сўзлаб бердилар. Шунингдек, кишилар Рамазон кечаларини Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, тавба-истиғфор билан бедор ўтказиши лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиш, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашиш жуда савобли амал эканини билдирдилар.
Рамазон ойи давомида шукроналик фазилатларини янада кучли намойиш этиш, мамлакатимизнинг янги тараққиёт даврида динимиз равнақи йўлида Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган тарихий ишларни кенг халқ оммасига етказиш ва бу борада барча камарбаста бўлиши зарурлиги ҳақида муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Муфтий ҳазратлари иштирок этган Асака шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжидидаги таровеҳ намозида минглаб намозхонлар иштирок этиб, қориларнинг чиройли совт билан ўқиган Қуръони карим тиловатларидан баҳраманд бўлишди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2855 марта ўқилди

Янгиликлар

Top