Ставрополь ўлкаси мусулмонлари идораси бошқармасида ўлка муфтийси Муҳаммад ҳожи Раҳимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсун ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Муҳаммад ҳожига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг дуои саломларини етказган Абдулҳамид Турсун домла ушбу ташриф қардош халқларнинг дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний-маънавий ришталарнинг янада мустаҳкам боғланишига, мусулмонларнинг беҳад қувончига сабаб бўлишини билдирди.
Ўз навбатида муфтий Муҳаммад ҳожи Раҳимов Ставрополь ўлкаси мусулмонлари идораси фаолияти, ислом ва православь жамоаларининг ўзаро алоқалари, ўлкадаги маданий-миллий автономиялари ва диаспоралари билан ишлаш борасида сўзлаб берар экан, жумладан, бундай деди: “Бугунги кунда халқаро терроризм ва экстремизмга қарши самарали курашиш учун жамики миллий ва диний жамоатлар бирлашмоқлари даркор”.
Суҳбат чоғида ёшлар тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга ислом таълимотининг асл моҳиятини тушунтириш, ёш авлодни ислом маданиятининг беқиёс қадриятлари билан ошно қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати