Ўзбекистон янгиликлари

Туркиянинг 4 та университети ва Мир Араб олий мадрасаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Кеча Бухоро вилоятига Туркия Республикасининг бир қатор университетларидан 30 нафар дин соҳаси олимлари ташриф буюрди.

Куннинг иккинчи ярмида Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси раҳбарлари
ва ўқитувчилари ҳамда Туркия Республикаси университетларидан ташриф буюрган олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда
профессор-ўқитувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги барча соҳалардаги алоқалар янада ривожлантирилгани, Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам ислом цивилизациясига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган буюк алломалар етишиб чиққан диёр экани, иккала давлатдаги таълим тизими, жумладан, диний таълимни ривожлантиришга берилаётган эътибор, Мир Араб олий мадрасаси ва Туркия Республикаси университетларида таълим жараёнига оид масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда иккала давлатдаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилиб, Мир Араб олий мадрасаси ва Туркия Республикасининг қуйидаги 4 та нуфузли университети ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди:

  • Ибн Ҳалдун университети;
  • Истанбул Сабаҳаттин Заим университети;
  • Истанбул университети;
  • Кастамоний университети.

Меморандумда таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, талабаларни ўқитиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва бошқа ходимларни малакасини оширишга юбориш, ахборот ҳамда илмий маълумотлар алмашиш, илмий конференциялар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш масалалари белгиланди.

Тадбир якунида меҳмонларга ташриф ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3361 марта ўқилди

Янгиликлар

Top