Ўзбекистон янгиликлари

Алҳамдулиллаҳ, орзиқиб кутилган Рамазон ойи бугун юртимизда файзу футуҳларга бой тарзда ўтмоқда. Диёримиздаги салкам бир минга яқин жоме масжидларда ўқилаётган хатми Қуръонлар бирин-кетин ниҳоялаб, вужудимиз тўла завқу завқ ила дуою илтижолар қилмоқдамиз. Йилнинг энг узун ва иссиқ кунларига тўғри келган Рамазони шариф ҳеч бир қийинчиликсиз кечмоқда. Бир паста Рамазонининг охирги ўн кунлигига келганимизни сезмай қолибмиз. Буёғида энди, Рамазонда тароватли бўлган кечалар – Лайлатул Қадрнинг борлиги, ундан сўнг ҳайит байрамига хурсандчиликларимиз уланиб кетади. Аммо Рамазони шарифнинг кетиши бизни ташвишлантиради. Чунки Рамазони шарифни яна бир йил интиқлик ила кутишимизга керак бўлади.

Рамазон Қуръон ойи, зикр ойи, тавба ойи, хайр-саховот ойи ва меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Ораларимизда биз эътибор бермаган, бир оғиз ширин сўзга, меҳрга ташна инсонлар йўқ эмас. Айниқса, кекса кишилар, табаррук ёшдаги ота-оналаримиз ёки диллари хуфтон бўлган бобо-момоларимиз ҳолидан хабар олсак, янада кўпроқ меҳр кўрсатищда давом этсак, иншоаллоҳ улкан ажрларга эришамиз.

Қолаверса, ота ё онаси ҳаётдан эрта кўз юмган кўнгли ўксик болаларнинг кам-кўстининг бут бўлишига ёрдамлашсак, жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қўшни бўлишдек бахтни қўлга киритамиз, иншоаллоҳ. Зеро Аллоҳ таоло рўзани фарз қилишининг ҳикмати шундаки, инсон очлик туфайли ноз-неъматларнинг, сувнинг қадрини ҳис этади ва шу аснода қалби юмшаб, фаъл-атворини ўзгартиради, йўқсил, бечораларга мурувват кўрсатиб, садақа, эҳсонлар беришга одатланади.

Худо йўлида эҳсон бериш инсонни жуда кўп офату кулфатлардан асраб қолади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатлардан кейинги энг афзал амаллардан бири – мўминлар қалбига хурсандчилик улашиш”, деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади. Мана шундай ҳикматни ўзига шиор қилиб олган саховатпеша кишиларимиз савобли ишлар қилишда давом этмоқда.

Айниқса, Рамазон ойида саховатпеша кишиларимиз ҳар бир яхши амалнинг савоби етти юз баробаргача кўпайтириб берилиши ҳадиси шарифларда айтилганини қалбдан ҳис этиб, бундай амалларни кўпайтиришмоқда. Муқаддас ояти каримада таъкидланганидек,

هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ

«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир». Биз савобли ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратганнинг Ўзи бизни турли бало-офатлардан, ёмонликлардан асрайди, йўлимизни очиб беради.

Саховатпеша кишиларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй ҳаракат қилувчи ёки кечалари билан тоат ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”, деган ҳадиси шарифларига мувофиқ, Аллоҳ таоло розилиги йўлида эҳтиёжманд оилаларга саховат кўрсатадилар.

Мана бугун ҳам олийҳиммат, қўли очиқ кишилар мана шундай хайрли ишга қўл урушган. Улар ҳудуддаги кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишиларга озиқ-овқат маҳсулотларини – тарқатишни ният қилишган.

Уларнинг хайр-эҳсонларини Парвардигоримиз ўз даргоҳида қабул қилсин ва улуғ ажр савоблар билан мукофотласин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2910 марта ўқилди

Янгиликлар

Top