Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентдаги масжидларда инфокиоскалар ўрнатилди

"Вақф" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳридаги 12 та масжидга ҳамда Зангиота мажмуасига тижорат банклари билан ҳамкорликда хайрия, вақф, закот, ушр, фитр ва фидя тўловларни амалга ошириш учун инфокиоскалар ўрнатди.

Фонд "Kapitalbank" ва "Ipak yo'li banki" билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг 12 та масжидига нақд пул ёки пластик карта орқали доимий тўловлар билан биргаликда мусулмонларга фарз бўлган закот ва бошқа хайрия тўловларини амалга ошириш учун инфокиоскалар ўрнатди.

Инфокиоскалар ўрнатилган масжидлар рўйхати:
1. Ҳазрати Имом масжиди
2. Минор масжиди
3. Шайх Зайниддин масжиди
4. Мирза Юсуф масжиди
5. Новза масжиди
6. Шайх Зиёвиддин масжиди
7. Бўрижар масжиди
8. Абдуллоҳ ибн Масъуд масжиди
9. Катта Қозиработ масжиди
10. Имом Бухорий масжиди
11. Ракат масжиди
12. Хўжа Аламбардор масжиди

Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуасида ҳам инфокиоска ўрнатилган бўлиб, ушбу инфокиоскалар юртимиз мусулмонларига молиявий ибодатларини бажаришда ва хайр-саховат қилишда кўмакчи бўлади.

Инфокиоскалар орқали закот ва бошқа маблағларни ўтказиш тартиби:
Керакли тиллардан бирини танлаб, тўлов хизматлари тугмасини босинг. Сизга турли тўлов хизматлари, жумладан, "ВАҚФ Хайрия", "ВАҚФ закот, фидя, фитр, ушр” ва "ВАҚФ вақф” хизматлари ҳам таклиф этилади. Керакли бўлимни танлаб банк картаси ёки нақд пул бандларидан бирини танлайсиз. Керакли суммани киритасиз. Шу билан тўловингиз "Вақф" хайрия жамоат фондининг керакли бўлими келиб тушади ҳамда шариатда кўрсатилган ўринларга етказилиши таъминланади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб, у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

ЎМИ Матбуот хизмати

3031 марта ўқилди

Янгиликлар

Top