Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги

Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!

Сизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик  ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бу қутлуғ байрамда ҳаммамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.  

Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатга  ғоят уйғун ва ҳамоҳанг эканини, ўйлайманки, шу саодатли дамларда ҳар биримиз чуқур ҳис этмоқдамиз. 

Айни вақтда муқаддас ислом динининг ана шундай буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш, тарғиб этиш ҳозирги шиддатли замонда ўта долзарб вазифага айланиб бораётганини барчамиз яхши тушунамиз. Мамлакатимизда кейинги пайтда бу борада кўп ишлар қилинаётгани сизларга яхши маълум, албатта. Жумладан, улуғ алломаларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий марказлар, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани шу йўлдаги улкан қадамлар бўлди. 

Бугунги кунда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши жаҳолатга қарши – маърифат асосида курашиш, динимиз поклигини сақлаш бўйича мамлакатимиз томонидан нуфузли халқаро минбарлардан қатор амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деган ном билан махсус резолюция қабул қилиш ҳақида билдирган таклифимиз жаҳон миқёсида кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Шу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин мусулмон мамлакатларнинг халқларини, барча дўстларимизни самимий қутлаб, уларга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилашдан беҳад мамнунмиз.

Муҳтарам юртдошлар!

Ўзбекистонимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар кучайиб бораётгани, Рамазон ҳайити муносабати  билан юртимизда уч кунлик дам олиш эълон қилингани бу йилги байрамга алоҳида файз ва тароват бағишламоқда. 

Табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида фармон қабул қилингани халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яна бир яққол намоёни бўлди. 

Ҳеч шубҳасиз, бу ҳуқуқий ҳужжат жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, соғлом ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган кенг кўламли ишларимизнинг узвий давомидир.

Албатта, биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга замонавий илм-фан, касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаш, инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг энг муҳим шарти эканини яхши тушунамиз. 

Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди. 

Барчангизни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор табриклайман.

Эл-юртимизнинг шу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимизда тинчлик, аҳиллик, файзу барака бардавом бўлсин!

Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин! 

 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

3352 марта ўқилди

Янгиликлар

Top