Ўзбекистон янгиликлари

Кўнгилни обод қилиш, Маккани обод қилишдек улуғ ишдир!

Бугун Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” (Кўкча) жоме масжидида навбатдаги кар-соқовлар билан “Имонимизни мустаҳкамлашни хоҳлаймиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар билан ишлаш мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти аёллар ўртасидаги ижтимоий масалалар мутахассиси Дилбар Аҳмедова, “Исломобод” жоме масжиди бош имом-хатиби Жуманов Абдулҳамид домла, “Кар-соқов”лар жамияти аъзоси Моҳира Кубаевалар қатнашишди.

Ушбу учрашувдан мақсад, уларнинг соф динимизни ўрганишга бўлган иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёлғиз эмасликлари, жамиятнинг барча қатлами давлатнинг ҳимоясида бўлишини учрашувга келган имконияти чекланганларга етказишдир.

Динимиздаги 40 фарз ҳақида билганларини гапириб бериш учун уларни минбарга таклиф қилишди. Кўплаб иштирокчилар бу саволга жуда оқиллик билан жавоб беришди. Ҳаттоки қўшимча ўқиб келган маълумотлари ҳақида ҳам ўртоқлашишди. Сўнгра бу жараён саволларга уланиб кетди. Эътиборимизни бир савол ўзига тортди. Эндигина 20 ёшни қаршилаган Азизбек Қурбонов қалбини келганларга очиб шундай деди: “Ислом динини мукаммал ўрганишни хоҳлайман. Бу йил Президентимизнинг қарорлари билан ногиронларни қўллаб қувватлаш учун махсус олий ўқув юртларида квоталар берилишидан хурсанд бўлдим. Худо хоҳласа, Ахборот технологиялар институтига кирмоқчиман. Саволим шундан иборатки, Қуръони каримдаги Бақара сурасининг 18- оятини ўқиб тўғриси чўчиб кетдим, биз кар-соқовларга ҳидоят бўлмасмикан? Шу масалага ойдинлик киритсангиз. Қалбимда имон борлиги, Аллоҳга бўлган ишонч кучли аммо бу оятни мен тушунолмаяпман?”, деди. Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова қўйидагича жавоб бердилар: “Энг долзарб бўлган саволни бердингиз, оятларни ўқиб бошқача талқин қилиб олаётганлар, айниқса, миссионерлар бу каби ҳолатлардан яхшигина фойдаланаётгани бизларга маълум. Ниманики тушунишга қийналсангиз, ҳар бир масжидларимизда имом-хатиб домлаларимиз бор улардан барча саволларингизга тўғри-аниқ жавоб олишингиз мумкин. Ушбу саволга келадиган бўлсак, “(Улар маънан) кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар зинҳор (ҳидоятга) қайтмагайлар” (Бақара сураси, 18-оят). Бу оятнинг кар-сақовларга умуман алоқаси йўқ. Ушбу оят мушрикларга қарата айтилган бўлиб, яъни уларнинг карлиги – ҳақ гапларни тингламасликлари, соқовликлари – ҳақ гапни гапирмасликлари, кўрликлари эса ҳақ нарсани кўриб, тасдиқ этмасликларидир. Иншоаллоҳ Аллоҳ итоатли бандаларига меҳрибон ва шафқатлидир”.

Тадбирга сал кейинроқ ташриф буюрган “Исломобод” жоме масжиди бош имом-хатиби Жуманов Абдулҳамид домла эса қатнашчиларга илоҳий китоб Қуръони каримнинг “Юсуф” сураси ҳақида батафсил тушунчалар бериб, Қуръони карим оятларининг бутун инсониятга манфаати бениҳоя чексизлиги ва биз бандаларга шифо ва раҳматлигини таъкидлаб ўтдилар. Ва: “Сизлар ҳозир эшитган маълумотларингиз тезда эсингиздан чиқиб кетиши мумкин, шунинг учун кўпроқ китоб ўқишга ҳаракат қилингизлар. Қандайдир тушунилиши қийин саволлар туғилса, албатта, ёзиб қўйинг-ки, келгуси учрашувимизда уларга ойдинлик киритамиз, иншоаллоҳ. Олдингига нисбатан, анча билим савияларингиз ошганидан кўнглимиз беҳад шодланди. Ўқиб ўрганишга бўлган шижоатингиздан хурсанд бўлдик...” дедилар.

Соф Ислом динини гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахсларга атрофлича тушунишга беминнат ёрдам бераётган мутасадди раҳбарларнинг саъй-ҳаракатлари натижасини кўриб ҳақиқатан “Машаллоҳ” деймиз. Улар эса синиқ кўнгилларини шунчалик кўтариб, эътибор берилаётганларидан мамнунлигини ва ҳар бир учрашувни интизорлик билан кутишларини изҳор қилишди.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

 

 

2764 марта ўқилди

Янгиликлар

Top