Самарқандда 19-23 июнь кунлари умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанлари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро танловда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан вакиллар иштирок этаётир. Илк бор ташкил этилаётган халқаро олимпиадада ушбу мамлакатлардан 45 нафар истеъдодли ўқувчи физика ва астрономия фанлари бўйича билимини синовдан ўтказади.
20 июнь куни олимпиада иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейига ташриф буюриб, буюк астроном ҳайкали пойига гуллар қўйди. Меҳмонларга мазкур масканнинг яратилиш тарихи, буюк бобокалонимиз томонидан самони ўрганиш борасиди олиб борилган изланишлар ҳамда музейда сақланаётган ноёб ашёлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Кечки пайт Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ўзбекистон нафақат Шарқ, балки умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлгани халқаро миқёсда эътироф этилган. Бу заминдан етишиб чиққан Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек сингари алломалар ўз илмий изланишлари, фан оламидаги янгилик ва ихтиролари билан умумбашарият тараққиётига бемисл ҳисса қўшган. Аждодларимизнинг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти, илм-фан ривожи йўлидаги ишлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.
Буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳам ўз даврида илм-фан ҳомийси сифатида дунёнинг турли мамлакатларидан олимларни Самарқандга чорлаб, астрономия, математика фанлари бўйича муҳим тадқиқотларни амалга оширган. Бу қадимий кентда дастлабки олий таълим даргоҳи – мадрасаи олия ташкил этган. Унда ўз даврининг етук олимлари риёзиёт, ҳандаса каби аниқ фанлар соҳасида изланишлар олиб борган. Биргина “Зижи жадиди кўрагоний” асари Мирзо Улуғбекнинг дунё астрономияси тараққиётини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Давлатимиз раҳбари ғояси асосида ташкил этилган мазкур халқаро олимпиада буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ўқувчилар учун хорижлик тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Назарий ва экспериментал босқичда ўтказиладиган олимпиада ишитирокчиларининг билими жаҳонда таниқли экспертлар, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, нуфузли олимлар томонидан баҳоланади. Ғолиблар ва совриндорлар ташкилий қўмита томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.
Ўзбекистондан қатнашган халқаро олимпиада ғолиблари юртимиздаги олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади. Мазкур олимпиадани кейинчалик ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказиш кўзда тутилган. Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий объектларга саёҳати, юртимиз ёшлари ҳаёти, таълим жараёни билан ҳам яқиндан танишиши, шунингдек, турли маданий-маърифий учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
– Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ташкил этилиши бу буюк аллома илмий меросини ўрганиш учун ҳам катта имконият яратди, – дейди Назарбоев номидаги Чимкент кимё-биологияга ихтисослашган мактаб ўқитувчиси Айнур Смагулова. – Чунки, биздаги дарсликларда Мирзо Улуғбекнинг астрономия фанидаги ўрни ҳақида маълумотлар келтирилган бўлса-да, улар жуда кам. Бугун Улуғбек расадхонаси ва музейи билан танишиб, кўп янги маълумотларга эга бўлдик. Тадбир доирасида юртимиз маданияти ва санъати ўз ифодасини топган концерт дастури намойиш этилди.
21 июнь куни Самарқанд давлат университетида халқаро олимпиаданинг биринчи босқичи ўтказилади.
Ғолиб ҲАСАНОВ
Манба: ЎзА