Ўзбекистон янгиликлари

Ҳамкорлик қадамлари жадаллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази лойиҳасини Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатларнинг дипломатик миссияларига тақдим қилиш мақсадида Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти мусулмон мамлакатларининг Тошкентдаги элчилари билан туркум учрашувлар ўтказишга киришди.

Жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мосуд Маннан билан учрашди.
Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида илмий-маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳатлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот берилди. Марказ фаолияти, мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Бангладеш томони билан ҳамкорлик бўйича мавзу ва йўналишлар мухокама этилди.
Элчи Мосуд Маннан жаноблари Ўзбекистон Республикаси Раҳбариятининг барча соҳаларда олиб бораётган изчил ислоҳатлари, саъйи-ҳаракатларига юқори баҳо бериб, улкан ва ислом олами учун ноёб бўлган “Ислом цивилизацияси маркази” лойиҳасига Бангладешнинг алоқадор вазирлик, университет ва илмий марказларини жалб этиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишида ўз ҳиссасини қўшишни шараф, деб билишини таъкидлади.
Самимий тарзда ўтказилган учрашув натижаларига кўра, тез кунларда элчихона томонидан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши мумкин бўлган Бангладеш ташкилотлари борасида аниқ таклифлар, шунингдек Бангладеш фондларида мавжуд бўлган Ўзбекистонга оид қўлёзма ва манбалар ҳақида маълумот тақдим этилишига келишилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2834 марта ўқилди

Янгиликлар

Top