Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни муҳокама этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мазкур қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йилнинг 12 июнь куни қабул қилинди. Қонун шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлашга қаратилган.

Қонунни ишлаб чиқишда хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳисобга олинган. Унда экстремизмга қарши курашишнинг асосий тушунчалари, принциплари, йўналишлари, экстремизмга қарши фаолият олиб борадиган органлар доираси ва уларнинг ваколатлари, шунингдек, экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

– Қонунда экстремизмга қарши курашишнинг устувор йўналиши сифатида унинг олдини олиш ва аҳоли орасида экстремизмга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда унинг профилактикасига урғу берилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим прокурори Фарҳод Очилов. – Қайд этиш лозимки, ташкилотларни экстремистик, деб топиш ва уларни тақиқлаш тартиби жорий этилиб, унинг механизмлари белгиланган. Қонун лойиҳаси билан ташкилотни экстремистик, деб топиш ва уни тугатиш фақатгина Бош прокурорнинг аризасига асосан Олий суд томонидан амалга оширилади.

Қонуннинг қабул қилиниши экстремистик фаолият билан боғлиқ ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва чек қўйишнинг ҳуқуқий имкониятларини янада мустаҳкамлайди. Аҳоли осойишталигини сақлашга хизмат қилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

3474 марта ўқилди

Янгиликлар

Top