Ўзбекистон янгиликлари

Аёлларни эъзозлайлик

Аёллар табиатан нозик, латофатли, ҳусну жамолли ва мулойим қилиб яратилган. Шунингдек, улар заиф хилқатдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг нафақасини, ҳимоясини эркаклар зиммасига юклади.

Аёлларни ҳурмат қилайлик! Улар билан аҳил, тинч-тотув ҳаёт кечирайлик.

Тўғри, уларнинг орасида айрим маккоралари, эри билан урушиб қолганда уни жуда қийин ва ноқулай ҳолатларга солиб қўядиганлари бор. Аммо фоиз ҳисобида олиб қарасак, ундайлари озчиликни ташкил этади.

Улар доим эркакнинг ҳимоясига, эътиборига муҳтож бўлишади. “Ўзим эплайман, тадбиркорман, машинам, пулим, уйим бор. Эркакнинг ёрдами ҳам, ҳимояси ҳам керакмас” дейдиган аёлнинг қалбига қулоқ тутсангиз, у ҳам ожизалигини эътироф этишини, яхши, солиҳ эркакнинг жуфту ҳалоли бўлиб, унинг елкасига бош қўйишни исташини сезасиз.

Шунинг учун динимиз кўрсатганидек, улар билан яхши ҳаёт кечирайлик. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Нисо сурасининг 19-оятида: Ва улар ила яхшиликда яшанг деган.

Аёлингизнинг баъзи қилиқлари ёқмаяптими? Ғашингизга тегяптими? Бундан безовта бўлманг. Битта иши ёқимсиз бўлса, ёқадиган 99 та иши бор-ку! Нега энди уларга муносабатимиз кўплаб ёқимли ишларидан келиб чиқиб эмас, бир дона ёқимсиз ишидан келиб чиқиб бўлиши керак?!

Аллоҳ таоло юқоридаги оятнинг давомида: “Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” деб марҳамат қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам энг охирги айтган гапларидан бири “Аёлларга яхши муносабатда бўлинглар!” деган маънода эди.

Биз мўмин-мусулмонлар Роббимизнинг оятига ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилсак, дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эришамиз.

Аллоҳ таоло оила қурганларга тотувлик, қурмаганларга ёки ажрашганларга солиҳ-солиҳа жуфтларни насиб этсин!

 

Нозимжон Иминжонов

2929 марта ўқилди

Янгиликлар

Top