Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний: “Ўзбекистон ҳаж ва умра сафарларини намунали ташкил этишда Туркия, Малайзия ва Индонезиядан ўзиб кетди”

Кеча, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳаж ва умра сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акромов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот олиб борди.

Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш борасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан жуда катта ишлар бажарилганини таъкидлаб шундай деди: “Саудия Арабистони подшоҳлиги Ўзбекистон томонидан муборак сафарларни ташкил этиш ишларига юқори баҳо бермоқда. Ҳатто, зиёратларни тартибли ва намунали ташкил этиш, Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан қўйилган талабларни тўлиқ бажариш борасида Ўзбекистон Туркия, Малайзия ва Индонезия давлатларидан ҳам ўзиб кетди. Аслида, ҳаж ва умра сафарлари давлатнинг обрў-эътибори эканини чуқур англаган Ўзбекистон ҳукумати, бу борада, жуда кўп амалий саъй-ҳаракатлар қилаётгани таҳсинга лойиқ”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари меҳмон томоннинг илиқ фикрларини қўллаб-қувватлаб, шундай дедилар: “Албатта,  биз “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Сиз юқорида санаб ўтган ютуқларимиз, Ҳаж ва умра сафарларининг муваффақиятли амалга оширилаётгани, бу – ўзаро ҳамкорлигимизнинг ижобий самарасидир”.

Суҳбат асносида Муфтий ҳазратлари бу йилги “Ҳаж – 2018” мавсуми иссиқ кунларга тўғри келаётгани сабабли тайёргарлик ишларини кенг кўламда олиб бориш муҳим вазифа эканини таъкидладилар. Шунингдек, келгуси мавсумни намунали ўтказиш ҳақида таклиф ва тавсияларни бердилар. Айниқса, зиёратчилар учун йўлда бериладиган таомлар сифатини ошириш, Мино ва Муздалифа водийларида жойлар етишмовчилигининг олдини олиш масаласига алоҳида урғу қаратдилар.

Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний ўзбекистонлик ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш шараф экани, шу кунга қадар, бу борада муваффақиятларга эришиб келинаётгани, натижада, ҳамкор эмас, балки бир оила бўлиб хизмат қилинаётганини, ҳатто бошқа давлатларнинг бу йўналишдаги таклифларини рад этиб, фақат Ўзбекистон билан ишлаш ниятида эканини билдирди. Солиҳ Баҳвайний сўзида давом этиб, олдинги мавсумларда қайд этилган камчиликларни ва бошқа турли масалаларни кўриб чиқиб, муаммоларни бартараф этиб, Ўзбекистон томонининг ишончини тўлиқ оқлаш учун бор имкониятини ишга солишини таъкидлади. Шунингдек, Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ўзининг таклифларини тақдим этди.

Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келинаётгани, ўтган давр мобайнидаги жуда катта муваффақиятларга эришилгани, айниқса, Саудия Арабистони ҳукуматининг мутасадди ташкилотлари томонидан ҳар йили ўзбекистонлик ҳожилар намунали деган мақтовга муносиб кўрилаётгани барчани мамнун этишини билдирди.

У сўзида давом этиб, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан сармоя киритилаётгани жуда ҳам яхши натижаларга олиб келишини таъкидлади. Бу борада билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қисқа фурсатларда кўриб чиқилишини маълум қилди.

Шунингдек, мулоқотда келгуси ҳаж мавсумига хизмат кўрсатиш даражасини янада кўтариш, янги ва қулай меҳмонхоналар ажратиш, ўтган йиллардаги камчиликларни такрорламаслик учун бор куч-ғайрат ва имкониятни ишга солишга келишиб олинди.

Шайх Солиҳ Баҳвайний учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора раҳбарларига яқиндан ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

3024 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top