muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 26 Ноябрь 2018 00:00

Пул билан топиб бўлмайдиган нарсалар

Пулингга диван сотиб олишинг мумкин, аммо уйқуни сотиб ололмайсан.

Пулингга соат сотиб олишинг мумкин, лекин вақтни сотиб ололмайсан.

Пулингга дори сотиб олишинг мумкин, аммо шифони сотиб ололмайсан.

Пулингга китоб сотиб олишинг мумкин, бироқ ахлоқни сотиб ололмайсан.

Пулингга таом сотиб олишинг мумкин, аммо иштаҳа сотиб ололмайсан.

Пулингга кенг уй сотиб олишинг мумкин, лекин сокинлик, хотиржамлик сотиб ололмайсан.

Азизлар, пул билан топиб бўлмайдиган нарсалар қаторига ота-она, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, содиқ дўст, меҳр-муҳаббат, ҳурмат, обрў, ишонч, вафоли ёр кабиларни ҳам топиб бўлмайди. Шу нарсаларга эга бўлган инсонлар уларнинг қадрига етишлари ва ҳурматини жойига қўйишлари керак.

Эй Роббим! Бизга Сенга яқинлашишимизга, ризоингни топишимизга сабаб бўладиган ва Сенга ибодат қилишимиз учун бизга кўмак берадиган ҳалол мол ато этгин! Яқинларимизни паноҳингда асрагин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

(Султон билан вазир ўртасидаги суҳбат) 

  • Нима ясаяпсиз, султоним?
  • Супурги...
  • Ходимлардан бирига берсак, янги супурги тайёрлаб берарди-ку?! Супургининг четларини артяпсиз... Бу жуда ғаройиб иш-ку!
  • Бир супургини тайёрлаб, қалбимизда туяётган хурсандчилигимизни кўп кўряпсизми, пошо?
  • Астағфируллоҳ. Лекин эшитишим бўйича супурги энг қадрли жойга кетар экан. (Шунинг учун янги тайёрлайликми, демоқчи эдим)
  • Ҳа, биз учун энг қадрли, қийматли жойга кетади!
  • Маъзур тутинг, султоним! Лекин бу супурги қаерга ва кимга кетади?
  • Яшил қуббага кетажак, эй пошо. Бу супурги Ҳазрати Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари чангини супуради. Ул муборак яшил гумбазни бизнинг қўлимиздан чиққан супурги ила супуришларини истадим. Шунинг учун бу супургини ўзимиз эътибор билан тайёрлаяпмиз. Ооҳ, пошо. У ҳамма нарсадан қийматлидир. У ўлимни гўзаллаштирган (яъни ўлимни чиройли ҳолда, роҳат билан кутиб олишни ўргатган) Пайғамбардир. Биз тилимиз билан “Яхши кўрамиз” деймиз. Ичимизда эса “Ооҳ” деймиз. Кўзларимиз билан ёш тўкамиз. Эй пошо, биз у зотни доим эслаймиз. Қанийди, у зотга бўлган муҳаббатимизни бошқа йўл билан ифода эта олсак! Нафас олганимда ҳавони ичимга чуқур тортаман.
  • Нега, султоним?
  • У зот алайҳиссаломнинг муборак бўйлари бурнимга келармикин деб. Кўзларимни очганимда дунё ўчиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шуълаларини (нурларини) кўрармиканман деб умид қиламан. Ҳар қандай овозни эшитганим сари у зотнинг овозларидан кўра чиройлироқ, гўзалроқ овоз йўқлигини билиб боравердим. Ўзимга-ўзим айтаман: “Қанийди, бир бор бўлса ҳам у зотнинг муборак овозларини эшитсам! Қанийди, у зотни хўл қилган ёмғир бир марта бўлса-да мени ҳам хўл қилса! Қанийди, бир луқма таом есам-у, ўша кичик луқмани оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга узатган бўлсалар! Қанийди, фақат ўша луқмани есам-у, умр бўйи тўқ юрсам! Кошки эди подшоҳ бўлмасам-у, саодат асрида Ҳазрати саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдини супурувчилардан бири бўлиб қолсам!” Лекин бизга ҳам ўша даражадан насиба бормикин, эй пошо? У зотнинг қабрларини супурадиган супургини ўзим ясайман, дедим. Аввал ҳам шундай супурги ясаган эдим. Эскирибди. Қара, пошо, бу ўша мен олдин ўз қўлларим билан тайёрлаган супургилардан бири. У зотнинг қабрларини супурган эди. У зот ҳақида нима десак ҳам барибир камдир, эй пошо. У зотга муҳаббат ўлароқ нима қилсак ҳам барибир камдир, эй пошо. Шоирлар бу ҳолни васф қилишга уринурлар, лекин барибир уларнинг уринишлари ноқислигича қолаверади.

 

Албатта, сиз Расулларнинг султонисиз.

Улуғ диннинг элчисисиз, эй ҳожам.

Сиз Аҳмадсиз, Сиз Маҳмудсиз, Сиз Муҳаммадсиз, эй ҳожам.

Сиз бизнинг Ҳақ қўллаб-қувватлаган султонимизсиз.

Нозимжон Иминжонов оққа кўчирди

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Тўқнашувлар содир бўлганда (ишониб юрган одаминг асл башарасини кўрсатганда) сиқилма. Агар ўша тўқнашув юз бермаганда, узоқ муддат алданиб юрган бўлардик. Тўғри, тўқнашувлар юракни эзадиган нарсалар бўлади, лекин улар рост нарсалардир.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

Сенга бировни чаққан кимса сени ҳам бировга чақади. Сенга бошқалар ҳақида хабар келтирган кимса бошқаларга ҳам сен ҳақингда хабар олиб боради. Сендан рози бўлиб турганда сени ўзингда йўқ фазилатлар билан мақтайдиган кимса сендан ғазабланганда сени ўзингда йўқ иллатлар билан айблайди.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Агар сени танқид қилиб турувчи топилмаса, кўп ҳолларда сен муваффақиятга эришолмайсан.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Агар Аллоҳга дуо қилмоқчи бўлсанг ва вақт зиқ бўлиб, ҳожатларинг тиқилиб кетган бўлса, қиладиган дуоингнинг ҳаммаси Аллоҳдан сени афв қилишини сўраш бўлсин! Чунки, агар Аллоҳ сени афв қилса, сен сўрамасанг ҳам ҳожатларинг раво бўлади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Порахўрлик кенг тарқалган давлатда истаган ишингни қила оласан.

Султон Сулаймон Қонуний

*****

“Пули кўп одамнинг ташвиши бўлмайди. Шунинг учун фақат пулдор инсонларнинг кўнглига кулиш, табассум қилиш сиғади”, деган гап нотўғри.

Бахт пулнинг кўплигида эмас. Инсон ўзини бахтли ҳис қилиш учун ҳамёнида ёки банкдаги ҳисоб рақамида кўп пул бўлиши шартмас. Бахт - Аллоҳнинг тақсимига рози бўлишдадир.

*****

Албатта, Дин айтиладиган сўз ва амал қилинадиган сулукдан иборатдир. Агар сўз сулукдан ажраса, узилса, айтилаётган насиҳат, қилинаётган даъват зое бўлади.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий

*****

Агар ҳаёт сенга тушкунликка тушишинг учун битта сабаб келтирса, сен ҳаётни давом эттириш учун мингта сабаб келтир. Ер юзида инсон иродасидан кўра қувватли нарса йўқ.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Бу ҳаёт сенинг хафалигингни аритиш учун тўхтаб турмайди. Ё синишингга қарамай йўлингда давом этасан ёки йиқилган жойингда бир умр қолиб кетасан.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Кўпчиликка эмас, Тўғри Йўлга эргаш!

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Албатта, бу кунлар кўп сабр ва сукутни талаб қилади.

Шамсиддин Табризий раҳимаҳуллоҳ

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Понедельник, 26 Ноябрь 2018 00:00

Тафаккур қандай қилинади?

Тафаккур  кишини Аллоҳ таолони нақадар буюк ва мехрибон Зот эканлигини, Қудрат ва Азамат соҳиби эканлигини ҳис қилишга, неъматларга шукр ва синовларга сабр қилишга ундайдиган, ўзининг ҳақир ва ожиз эканлигини эътироф этишга, ибодат ва итоатга рағбатни оширувчи, барча Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишга ҳамда у Зот қайтарган амаллардан қайтишга сабаб бўладиган  хислат. Агар банда Аллоҳ таолонинг оят-аломатларига тафаккур билан қараса, ишончи ва маърифати зиёда бўлади.  Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жудаям кўп оятларида тафаккурга чақиради. Ўзининг яратган нарсаларини зикр қилиб уларда:         “ Тафаккур қиладиган кишилар учун оят-аломатлар бор”, дея айтади. “ Шоядки тафаккур қилсаларингиз”, дейди. Шунинг учун Росулуллоҳ (с.а.в.): “ Бир соатлик тафаккур бир йиллик нафл ибодатдан яхшироқдир”,( Ибн Можа) деганлар.

Абу Лайс Самарқандий (р.а.) айтадилар: “ Агар инсон тафаккур қилиш фазилатига етишни ҳоҳласа, беш нарса ҳақада фикр қилсин:

1) Аллоҳнинг мўжиза ва аломатлари тўғрисида;

2)Аллоҳнинг ботиний ва зохирий неъматлари тўғрисида;

3)Унинг савоби тўғрисида;

4)Унинг азоби тўғрисида;

5)Унинг яхшилиги ва ўзининг жафоси тўғрисида”.

 Аллоҳ таолонинг мўжиза ва аломатларини тафаккур қилиш Аллоҳ таолонинг қудратига қарашдир. Аллоҳ таоло осмонни ва ерни қандай яратганига, қуёшни шарқдан чиқариб, ғарбга ботираётганига, кеча-кундузни алмашадиган қилиб қўйганига ва ўзининг хилқатига назар солишдир. 

Аллоҳ таоло айтади: “Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?” (Зорият, 20-21-оят)

Атрофга тафаккур ва ибрат кўзи билан қараган киши  ҳар қадамлар Аллоҳнинг мўжизалари ва ажойиботларини кўраверади.

Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида фикрлаш Унинг нематларига эътибор қаратишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги  ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор  қилиб қўйганини ва сизга зохирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?”. ( Луқмон,20) Неъматлар ҳақида тафаккур қилиш инсоннинг Роббисига бўлган муҳаббатини ҳамда шукрини  зиёда қилади.

Аллоҳ таолонинг савоби тўғрисида фикр қилиш эса, У Зотнинг ўз тақводор  бандалари учун жаннатда қандай кароматлар тайёрлаганининг савобини фикрлашдир. Унинг савоблари ҳақида тафаккур қилиш жаннатга рағбатни, унинг талабида ҳаракат қилишни ва Аллоҳ таолонинг тоатига қувватни зиёда қилади.

Унинг азоби тўғрисида фикрлаш эса Аллоҳ таоло душманлари ва итоатсиз кишилар учун дўзахда тайёрлаб қўйган  азоблар ва хорликларни фикрлашдир. Бу эса  бандада қўрқинчни, гуноҳ ва маъсиятлардан тийилиш қувватини оширади. 

Аллоҳ таолонинг яхшиликлари ва ўзиниг жафоси ҳақида тафаккур қилган киши ўзининг Аллоҳга бўлган осийлиги бардавом бўлишига қарамай, Роббиси унинг гуноҳларини беркитиб турганини, азобламасдан, унга ҳамон ризқини бериб турганини кўради ва унинг ҳаёси ва хижолати зиёда бўлади.

Банда қачонки шу бешта нарса ҳақида фикр қилсагина, Пайғамбар (с.а.в.) айтган даражаларга  эришади. Бундан бошқа нарсалар тўғрисида эса фикр юритилмайди. Чунки бундан бошқа нарсаларда қилинган тафаккур шунчаки васваса бўлади.

Уламолар айтишадики: “Уч нарсада тафаккур қилиш мумкинмас.

1)Камбағаллик тўғрисида. Чунки, у инсонда ғамни ва хафаликни кўпайтиради ҳамда бойликка рағбатни зиёда қилади.

2)Ўзгалар тарафидан унга нисбатан қилинган зулм ҳақида ҳам тафаккур қилинмайди. Чунки бу қалбни қаттиқлаштаради, ғазаб ва адоватни зиёда қилади.

3)Узоқ умр кўриш ҳақида тафаккур қилинмайди. Чунки бу ўлимни унуттиради. Дунёга муҳаббатни зиёда қилади ва охират учун амал қилишни кечиктиради.

Демак, ҳар бир банда уйқуга ётишдан олдин бугунги ўтган куни ҳақида тафаккур қилмоғи жудаям афзал амалдир. Агар у бугунги ўтган кунида хайрли ва савобли амалларни топса Аллоҳга ҳамд айтиши, хато ва гуноҳ ишларни кўрса Аллоҳга истиғфор айтиши лозим бўлади.

Аллоҳ  таоло барчаларимизни тафаккур ила ибрат олувчи бандаларидан қилсин.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Янгиликлар

Top