muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 12 Май 2018 00:00

Рўзани бузмайдиган ҳоллар

Қуйидаги ҳолларда рўза бузилмайди:

– рўзадор эканини унутиб еб-ичиш;

– кўзга сурма суриш;

– ҳижома, яъни қон олдириш;

– томоққа тутун, чанг, пашша ва қулоққа сув кириши;

– оғизга келган балғамни, тупукни ютиш;

– тишлар орасидаги саҳарликдан қолган нўхатдан кичик нарсани ютиш (агар бундай нарса кўп ва йиғилганда нўхатдан катта бўлса, рўза бузилади);

 

“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН” китобидан

 

Суббота, 12 Май 2018 00:00

Рамазон ойининг фазилати

Аллоҳ таоло рўзанинг ҳикматларини баён қилар экан, тақво сифатига алоҳида аҳамият берган. Чунки киши рўзадор бўлса-ю, аммо унинг ҳаққини адо этмаса, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтганларидек барча аъзоларини гуноҳдан тиймаса, ундай киши очлик ва чанқоқликдан ўзга нарсага эга бўлмайди.

Зеро, Исломда ҳар бир амалдан буюк бир мақсад кўзланади ва шу мақсад амалга ошар экан, унга ажр-савоблар битилиб, бу дунё ҳаёти ҳам том маънода фаровон бўлиб бораверади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида кишиларни яхшилик қилишга ундаб, ҳаттоки киши ўз оила аъзоларига қилган яхшилигига ҳам савоб берилиши ҳақида таъкидлаб ўтадилар. Ваҳоланки бу нарса оила бошлиғининг зиммасидаги бурчи эди. Ёки бўлмаса очиқ чеҳра ила хушмуомалада бўлиш гўзал ахлоқ эканини ва бу сифат эгасини қиёмат кунида савоблари оғир бўлишига хизмат қилиши ҳақидаги ҳадисларини олайлик.

Буларнинг бирида яхшиликка тарғиб бўлса, иккинчисида яхшиликка тарғиб ҳамда ёмонликдан гўзал ва нозик тарзда қайтариш бўлмоқда. Яъни яхшилик қилишга қодир бўлмаган кимса, кишиларнинг кайфиятига салбий таъсир этадиган тундлик ва бадқовоқликдан ўзини сақлаб очиқ чеҳралик бўлишга чақирилмоқда. Бас шундай экан, рўза ҳам бизнинг жисмимизга шифо бўлиши билан бирга, ўзига хос қийинчилик ва машаққат синовларини ҳам олиб келади. Чунки ҳаёт қонуни ўзи шундай тузилган. Бемор бир дарддан фориғ бўлишни истаса, албатта табибнинг аччиқ дориларига сабр қилади. Пировардида эса жисми соғлом бўлиб мақсадига етишади.

Рўзани ҳам шунга қиёслайдиган бўлсак, очлик ва ташналик жисмимиздаги ортиқча туз ва ёғларни камайтириб, тун-кун, йиллаб дам олиш нималигини билмай ишлаб турадиган ошқозонимизга бир муддат дам беради. Натижа эса барчамизга маълум, яъни уни қўлга киритиш мақсадида узоқ сафарларга отланганимиз ва кўплаб маблағларимизни сарфлаганимиз “соғлик-саломатлик” деб аталган неъматга эга бўламиз.

Муборак рамазон рўзасини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек муносиб тутишимиз ва бундаги вақтинчалик машаққатга бесабрлик қилмаслик учун қалбларимизга ҳузур олиб келган баъзи бир ҳадисларни сиз азизлар эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Мақсадимиз, рўза очлиги-ю чанқоқлиги асаб толаларимизни таранг қилганда қуйидаги ҳадислар бутун вужудимизга малҳам бўлса-ю рамазоннинг улуғ ажрларидан бебаҳра қолмасак.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳадиси қудсийда шундай деб марҳамат қилдилар:

Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзигадир. Рўза Менгадир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман

Келаётган рамазон ойини барчамиз учун савобли ва мазмунли қилсин. Шу ойнинг шарофатидан қолган ойларимизни ҳам барокатли, хайрли қилиб, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликларни бардавом айласин!

Мақсудбек Мадиримов,

Ҳазорасп туманидаги “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” жоме масжиди имом-хатиби

Суббота, 12 Май 2018 00:00

Яхшилик ва ёмонлик таърифи

Наввос ибн Самъондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳдан (соллалоҳу алайҳи васаллам) “Яхшилик (бирр) ва гуноҳ ҳақида сўрадим. У зот (алайҳиссалом) бундай жавоб бердилар: “Яхшилик гўзал ахлоқдир. Гуноҳ, юрагингни сиқадиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган нарсадир” (Имом Муслим, Имом Термизий). 

Шарҳ:

  1. Биз “яхшилик” деб таржима қилган “бирр” Қуръони каримнинг бир неча оятларида келган ва таърифланган: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир...” (Бақара, 177);

“...Яхшилик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилин­гиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (Моида, 2).

  1. Имом Нававий Имом Муслимнинг китобига битган шарҳида олимларнинг “бирр”ни бундай изоҳлашганини ёзади: “Силаи раҳм, илтифот, хушмуомалалик, ширин сўз ва тоат. Буларнинг ҳаммаси “бирр”га – гўзал ахлоққа киради”.

Тибий “бирр” сўзи ҳадисларда турлича изоҳланганини айтади: «Бир ўринда бу сўз қалб ором оладиган нарса”, яна бир ўринда “имон”, бошқа жойда “кишини Аллоҳга яқинлаштирадиган нарса” дейилган бўлса, бу ҳадисда “гўзал ахлоқ” деб таърифланган. Гўзал ахлоқ эса, азиятга сабр қилиш, ғазабланмаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш каби бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади».

  1. Гуноҳ “юракни сиқадиган нарса” деб таърифланган. Бу (сиқилиш)ни уламолар одамнинг ичидаги беқарорлик, тараддуд ва кўнгил ёришмаслиги, қалбда шубҳа ва гумонлар, қўрқув пайдо бўлиши, деб шарҳлашган. Бундай ҳам таъриф берилган: “Ёмонлиги қалбга таъсир қиладиган ва ё унда тараддуд ҳосил қиладиган, ёмонлиги туфайли одамлар билиб қолишидан қўрққанинг гуноҳдир”. Ҳадисда ҳам шунга ишора қилинади: “...одамлар билиб қолишини истамайдиган нарсадир”.

Инсон нафси, табиати тақозоси билан бир яхши иш қилса, бошқалар уни билишини хоҳлайди. Шундай экан, агар нафсинг бирор ишингни бошқалар билишини истаса, у Аллоҳга яқинлаштирадиган амал бўлмайди. Бошқача ифодаласак, бундай ишда яхшилик йўқ, бу “бирр” эмас, гуноҳ ва ёмон иш демакдир.

 

“Кутуби ситта” асосида

Содиқ НОСИР

тайёрлади.

 

«Ҳидоят» журналидан

 

Суббота, 12 Май 2018 00:00

Рўзани бузадиган ҳоллар

Барча ибодатлар каби рамазон рўзаси ҳам бузилмасдан адо этилса, қабул бўлади. Шунинг учун унга тааллуқли масалаларни билиб олиш керак.

Қуйидаги ҳолатларда рўза бузилади ва бир кунига бир кун тутиб бериш лозим бўлади:

–          рўзадор хато қилиб, оғзини очиб қўйса (қуёш ботмаганида ботди деб ўйлаб, бирор нарса еса, тонг отганида, отмабди деб ўйлаб, саҳарлик қилса, оғиз чайганида ичига сув кетса ва ҳоказо);

–          рўза тутганини унутиб, бирор нарса еб ё ичгач, рўзадорлиги эсига тушганидан сўнг еб-ичишни давом эттирса;

–          ҳуқна (клизма) қилдирса;

–          бурнига бирор нарса томизса;

–          тутунни ичига тортиб, ютса;

–          одатда ейилмайдиган нарсаларни ютса;

–          томоғига ёмғир томчиси ё қор учқуни кирса;

–          бировнинг мажбурлаши билан еса ё ичса;

–          қасдан қусса ё қусуғини қайтарса;

–          ўпганида ё қучоқлаганида маний чиқса;

–          тиши орасидан чиққан қон кўп бўлса ва ичига кетса;

–          тишлари орасида қолган нўхатдек ва ундан катта овқатни ютса, рўза бузилади ва бир кунига бир кун қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

 

“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН” китобидан

 

Суббота, 12 Май 2018 00:00

Ким “Каҳф” сурасини ўқиса...

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, икки жума оралиғида унга нур ато этилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Ким “Бақара” сурасини ўқиса...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Бақара сурасини ўқиса, жаннатда тож кийдирилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Ким “Ёсин” сурасини ўқиса...

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ёсин сурасини Аллоҳ розилиги учун ўқиса, аввалги гуноҳлари кечирилади. Сизлар уни ўликларингиз ҳузурида ўқинглар”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ёсин сурасини кечаси ўқиса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради”, дедилар (Имом Абу Нуайм ривояти).

Ким “Духон” сурасини ўқиса...

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Духон сурасини ҳар жума кечаси ёки жума куни ўқиса, Аллоҳ у учун жаннатда уй бино қилади”, дедилар. (Имом Табароний ривояти).

Ким “Воқеа” сурасини ўқиса...

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Воқеа сурасини ҳар кеча ўқиса, унга ҳеч ҳам муҳтожлик етмайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Ким “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқиса...

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жума куни имом салом бериб, оёқларини ёзишидан олдин Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини етти марта ўқиса, аввалгию кейинги гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Абул Асъад Қушайрий ривояти).

 

Ким “Фотиҳа” сураси ва “Оятул Курсий” оятини ўқиса...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа сураси ва Оятул Курсийни бирор банда бир ҳовлида ўқиса, ўша куни инсон ёки жиннинг кўзи тегмайди”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Янгиликлар

Top