muslim.uz
Таровеҳ намози ҳақида
Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқилишидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таровеҳ намози хусусида бундай деганлар:
“Ким рамазон кечаларида туриб, ибодат қилиш суннатлигига ишониб, савоб умид этиб ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган).
“Таровеҳ” луғатда “ором олдириш, дам бериш” маъноларида келган “тарвеҳа” сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан ишлатилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун “таровеҳ” деб ном берилган.
Таровеҳ намози йигирма ракат бўлиб, эркак ва аёллар учун суннати муаккададир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дея марҳамат қилганлар (Бухорий, “Салотут-таровеҳ”, 1; Муслим, “Мусофирин”, 174).
Қуръони каримни тўла ёд билмаган кишиларга Фотиҳа сурасидан сўнг Фил сурасидан бошлаб кичик сураларни қўшиб ўқиш тавсия қилинган (“Зоҳидий ”).
Ҳазрат Умар халифа бўлгач, одамлар тарқоқ ҳолда таровеҳ намозини адо этаётганларини кўриб, бу намозни жамоат билан ўқишни яна жорий қилдилар. Ҳазрат Али ҳам: “Умар масжидларимизни таровеҳнинг файзи ила нурлантирганидек, Аллоҳ ҳам Умарнинг қабрини шундай нурлантирсин”, дея дуо қилиб, бу ишдан мамнун бўлганларини билдирганлар.
Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон ва Ҳазрати Али даврларидан бошлаб, ҳозирги кунгача таровеҳ намози йигирма ракат ўқилади. Саҳобалардан ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уламолар тарафидан ҳам шу шаклда ўқиш қабул қилинган.
Ҳукми
Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш суннати кифоядир.
Вақти
Таровеҳ намози хуфтон намозининг суннатидан сўнг витр намозидан олдин ўқилади.
Нияти
“Таровеҳ намозини (ё шу вақтнинг суннатини) юзимни Каъбанинг бир томонига қилиб, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”, деб кўнглидан ўтказилади.
Ракатлари сони
Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади.
Ҳар тўрт ракатдан сўнг, яъни икки саломдан кейин ҳамда витр намозидан олдин тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича дам олинади. Дам олишда, истаса, тасбеҳ ё таҳлил айтади ё жим ўтиради. Тасбеҳ айтиш мустаҳабдир.
Таровеҳ намозининг ҳар икки ракатининг биринчи ракатида имом ва қавм сано ўқийди. Имом тааввуз ва тасмия айтади. Руку ва сужуд тасбеҳлари учтадан айтилади. Қавма ва жалсага риоя этиш суннатдир.
Қироати
Барча намозларда, жумладан, таровеҳ намозида ҳам қироатни тажвид талабларига мувофиқ қилиш фарздир. Қироатда овоз гўзаллиги эмас, унинг тўғрилиги муҳимдир. Шунинг учун қироатни тўғри қилувчи одам имомликка ўтказилади. Таровеҳ намози давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Салаф уламоларимиз, Лайлатул қадр умидида Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси таровеҳида хатм қилишни мақбул кўришган. Бунинг учун Қуръони карим оятлари 540 рукуга тақсим этилиб, мусҳафларга белги қўйилган.
Барча намозлардаги каби таровеҳ намозида ҳам жамоатнинг кўплиги афзалдир. Шунинг учун имом таровеҳ намозида жамоат тоқатига мувофиқ миқдорда қироат қилиши лозим. Мутааххир уламоларимиз жамоат тоқатидан келиб чиқиб, таровеҳ намозида бир узун ё уч қисқа оят ўқиш мумкинлигига, яъни, Аср ва Ихлос каби сураларни ўқиш жоизлигига фатво беришган.
Бу ўринда шуни таъкидлаш лозим: таровеҳ намозида, жамоатга малол келади, деган ўйда намознинг суннатлари асло тарк этилмайди. Саловот ўқилади. Саловатдан кейинги дуони ўқимаслик жоиз.
Рамазон ойи давомида витр намози таровеҳ намозидан сўнг жамоат билан ўқилади.
“Ҳидоят” журнали материаллари асосида тайёрланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Хитойлик уламолар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди
2018 йил 14 май куни юртмизда меҳмон бўлиб турган Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди деб хабар бермоқда ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги.
Меҳмонларни темир йўл вокзалидан вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов ва Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Н.Исламов кутиб олдилар.
Делегация аъзолари ташриф давомида дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигига келдилар. Вакилликда томонлар ўртасида суҳбат олиб борилди. Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов меҳмонларга вилоятдаги диний вазият, ислоҳот ва натижалар ҳақида сўзлаб берди. Меҳмонларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Меҳмонлар зиёрат давомида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси, Регистон, Шоҳи Зинда ансамбли ва Имом Бухорий зиёратгоҳида бўлдилар. Хитой уламолари юртимиздаги ислоҳотлар, ислом дини ривожига қаратилаётган эътиборга гувоҳ бўлдилар.
Таъкидлаш лозимки, меҳмонлар юртимиздаги ўзгаришларни ўта ижобий баҳоладилар.
Шунинг билан Хитой делегациясининг вилоятга ташрифи якунланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мулло Бозор Охунд - Машрабнинг устози
Мулло Бозор Охунд улуғ донишманд ва мутафаккир, мударрис ва мураббий, илоҳиёт илмининг билимдони ва тасаввуф аҳлининг пирларидан бири бўлган. У оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг устози саналади.
ЎзА хабарида ёзилишича, аллома XVII асрнинг биринчи ярмида дунёга келган. Бошланғич таълимни уйида олиб, кейин мадрасада ўқиган. Илмга ташналик ҳисси уни Туркистоннинг илму фан маркази саналмиш Бухорога етаклайди. У ерда донишманд олим Мирзо Баҳодир Бухорийдан таълим олгач, Шарқ мамлакатларига йўл олади. Саёҳати давомида Бозор Охунд Қашқарнинг Хўтан, Ёркент ва бошқа шаҳарларида бўлиб, катта обрў қозонади. Асли косонлик Султон Саид Жалолиддин авлодларидан бўлмиш машҳур Ҳидоятиллоҳ Офоқ хўжа билан танишиб, бир неча муддат у кишининг ҳузурида туради. Сўнг Қашқардан Бухоро, кейин эса Қўқон орқали Наманганга келиб, шу ердаги Лаббай Тоға даҳасидаги мадрасада мударрислик қилади, шу билан бирга масжидда имом вазифасини бажаради.
Мулло Бозор Охунд фиқҳ, ҳадис, фароиз, жўғрофия, илми ҳисоб, тарих, адабиёт, руҳшунослик ва бошқа илмларни яхши эгаллаган йирик олим эди. У араб, форс, туркий тилларда ижод қилган.
1645–1655 йиллар орасида Бобораҳим Машраб илк сабоқни айнан шу кишидан олган. Машраб ўз ғазалларида устозини эҳтиром билан тилга олади.
Бу табаррук зот валий сифатида ўз каромат ва башоратлари билан ҳам шуҳрат топган. У ҳақда “Тазкираи азизон”, “Тазкираи Роқим” асарларида қимматли маълумотлар учрайди.
Мулло Бозор Охунд ижодига мансуб асарлар, афсуски, йўқолиб кетган. Айрим қўлёзмаларда унинг ҳикматлари, форс тилида битилган рубоийлари ва шеърий парчаларигина сақланиб қолган. Аллома юз йилдан ортиқ умр кўриб, 1730 йил Наманганда вафот этган.
Наманган шаҳрининг Курашхона даҳасидаги Мулло Бозор Охунд мақбараси қатағон қирғини йилларида бузиб ташланган. Мустақиллик туфайли улуғ зотнинг мақбараси қайта тикланди, атрофи ободонлаштирилиб, муқаддас қадамжога айлантирилди. Эндиликда бу ер йил давомида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, зиёратчилар билан гавжум.
ЎМИ Матбуот хизмати
«Ягона олимпиада-2018»: ғолиб имтиҳонсиз талабаликка қабул қилинади
Жорий йилнинг 15 май куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада — 2018” нинг якуний Республика босқичи бўлиб ўтади.
Ягона олимпиада ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари орасидан умумтаълим, чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, ихтисослигини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, олимпиада ғолиби низомга кўра Тошкент ислом институтига имтиҳонсиз тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сиздан сўрайдилар
- Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. «Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир», – деб айтинг. Уйларга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки яхшилик тақво қилган одам(нинг яхшилиги)дир. Уйларга (уларнинг) эшикларидан кирингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд (шунда охиратда) нажот топсангиз (Бақара сураси, 189-оят).
- Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (Бақара сураси, 215-оят).
- Сиздан «Шаҳри Ҳаром»да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир... (Бақара сураси, 217-оят).
- Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир (Бақара сураси, 219-оят).
- Сиздан яна нимани эҳсон қилишлари тўғрисида сўрамоқдалар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб беринг... (Бақара сураси, 219-оят).
- Сиздан, шунингдек, етимлар тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни қийинчиликка солиб қўйган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир (Бақара сураси, 220-оят).
- Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара сураси, 222-оят).
- Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Сизларга покиза нарсалар ва Аллоҳ сизларга билдирганидан сизлар ўргатган йиртқичлар (келтирган овлар) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун тутган (овлар)идан «Бисмиллоҳ»ни айтиб еяверингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, Аллоҳ ҳисоб-китобни тез қилувчи зотдир (Моида сураси, 4-оят).
- (Эй Муҳаммад), сиздан Соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар» (Аъроф сураси, 187-оят).
- (Эй Муҳаммад), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз! (Анфол сураси, 1-оят).
- (Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир (Исро сураси, 85-оят).
- (Эй Муҳаммад), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман» (Каҳф сураси, 83-оят).
- (Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар (Нозиот сураси, 42-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД