muslim.uz
“Тарихи Муҳаммадий” асари муаллифидан ўгитлар
Tаниқли ўзбек алломаларидан Алихонтўра Соғуний (1885 – 1976) ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Тўқмоқ шаҳрида туғилди. Вояга етгач, Бухоро мадрасаларида илм олди, кейинчалик эса мударрислик қилди.
Алихонтўра Соғуний қатор тарихий асарлар муаллифи. Ислом тарихига доир “Тарихи Муҳаммадий” асари китобхонларимиз меҳрини қозонгани маълум. Алломанинг “Туркистон қайғуси” асари Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон халқларининг миллий озодлик ҳаракати тарихига доир жуда муҳим манбадир. Алихонтўра Соғуний Соҳибқирон бобомизнинг “Темур тузуклари”ини ўзбек тилига таржима қилган[1]. “Биздан эмасдир Ватанни севмаганлар” китобига бобомизнинг имон, ватанпарварлик, чиройли одоб, ҳаё, илм олиш, яхшилик қилиш каби мавзуларда битилган шеърлари жамланган. Ушбу асарларда биз ёшларнинг баркамол инсонлар бўлиб камол топишимизда сув ва ҳаводай зарур бўлган ўгитлар жуда кўп. Қуйида алломанинг насиҳатларидан намуналар келтирилмоқда.
* * *
Тирик эрмас кишиким, дангаса эрса,
Ичолмас сув қўлига коса берса.
Билингким, камбағал дангаса бўлса,
Эмас мумкин фақирликдан қутулса.
* * *
Ҳасаддин сақлағил зинҳор ўзингни,
Шу бирла ўйғуси шайтон кўзингни.
Ҳасаднинг сеҳрини, бил, жонга етгай,
Ўтиб жондин, яна имонга етгай.
Ҳасадхўр бўлғуси доим аламда,
Кўролмас, ёнғусидир дарду ғамда.
Ҳасаддин чиққуси ғийбат-шикоят,
Бузар бирликни бу иш бениҳоят.
Узар ғийбат муҳаббат риштасини,
Қилар душман сенга бир нечтасини.
* * *
Замонавий илмни қўлға киргиз,
Жиловин тут, ақл йўлида юргиз.
Буюк олим эсанг-да, бўлма мағрур,
Кичикларга раҳм қил, айла масрур.
Ҳасад бирла кибр икки балодир,
Булардин кўп фалокатлар бўлодир.
* * *
“Ҳуқуқлар ҳимоясининг энг кучли қуроли илм-ҳунар ва маорифдир. ...Ватан ўғлон-қизларимиз замонавий илм-ҳунарни асли билан яхши тушуниб, имконияти борича билиб ўзлаштиришга бошқалардан ортиқроқ киришмоқлари лозимдир”[2].
[1] Алихонтўра Соғуний. “Тарихи Муҳаммадий”. Тошкент, 2011. 7-б.
[2] Алихонтўра Соғуний. “Туркистон қайғуси”, 23-б.
Остонада янги масжид очилди
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонадаги янги масжидга ташриф буюрди. Бу ҳақда Оқўрдага иқтибос келтирган ҳолда Tengrinews.kz хабар берди.
Назарбоев Рамазон ойи арафасида Остонанинг Сариарка туманида қад ростлаган янги масжидга ташриф буюрди.
Назарбоевга масжиднинг қурилиши ва иншоотни электр энергия ва иссиқлик билан таъминлашда қўлланадиган муқобил энергия манбалари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Янги масжид хайрия маблағлари ҳисобига барпо этилган. Масжид биноси анъанавий нақшлар ва безак элементлари қўлланган ҳолда постмодернизм услубида бажарилган. Асосий бино мураккаб, учбурчакли қия текисликлардан иборат яримсфера шаклига эга бўлиб, юқорисида гумбаз ўрнатилган. Гумбазнинг диаметри 26 метрни ташкил қилади. Масжиднинг ташқи кўриниши бир вақтда ҳам гулни, ҳам олмоснинг қирраларини эслатади.
Масжид бош биносининг шимолий томонида жойлашган миноранинг баландлиги 43,5 метрни ташкил қилади ва “қалам” кўринишида бажарилган.
Янги масжид 750 кишига мўлжалланган. Масжид майдони 2248 квадрат метрни ташкил қилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cамарқандда ўтган “Ҳадиси шариф билимдони" танлови ғолиблари эълон қилинди
Жорий йилнинг 2 май куни Самарқанд вилоятида “Ҳадиси шариф билимдони” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа Қуръон тиловати билан бошланди. Уни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов табрик сўзи билан очиб бериб, бугунги кунда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида, жумладан, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” тадбирларининг жуда чиройли тартибда ва адолат билан ўтганлигини таъкидлаб ўтди.
"Бугун ўтказилаётган “Ҳадиси шариф билимдони” мусобақаси ҳам мана шундай эзгу ишлар давоми бўлиб, юртимизда илк бора ташкил этилгани барчамиз учун қувонарли ҳол", деди вилоят бош имом хатиби.
Мусобақа умумий 100 баллик тизимда баҳолаб борилди.
1. Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш – 20 балл
2. Берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадиси шарифни ифодали ўқиб, таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларни баён қилиш) – 30 балл
3. Ҳадиси шарифни араб тилидаги матнини саҳобийнинг исми билан ёддан айтиб бериш – 50 балл.
Мусобақа натижаларига кўра:
1-ўрин: Азизбек Эгамбердиев - Пастдарғом тумани "Боғонали" жоме масжиди имом-хатиби ва Ҳадис илми мактаби тингловчиси;
2-ўрин: Акмал Маҳмудов - Ҳадис илми мактаби тингловчиси;
3-ўрин: Донёр Боҳодиров - Ҳадис илми мактаби тингловчиси.
Ғолибларга шаҳодатнома ва эсдалик совғалари топширилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Диний-маърифий соҳани такомиллаштириш йўлида
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, ўқув юрти фаолияти, таълим-тарбия жараёни ва олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан самимий мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар ва хайрли ишлар бўлаётганини алоҳида таъкидлаб, шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармони барча мўмин-мусулмонлар кўнглини тоғдек кўтаргани, айниқса, имом-домлалар, мударрислар ва илмий тадқиқотчиларга берилган имкониятлар жуда ҳам манзур бўлганини батафсил сўзлаб бердилар.
Муфтий ҳазратлари мазкур Фармон ёшларнинг илм-маърифатга бўлган иштиёқларини қондириш, уларнинг илмий изланишлар олиб бориш йўлидаги орзу-умидларини рўёбга чиқаришда жуда ҳам катта қадам эканини изоҳладилар. Айниқса, Фармон асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши илмий-тадқиқот ишларини тизимли давом эттиришга муносиб шароит эканини баён қилдилар.
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов ва Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам муҳим маълумотларни айтиб ўтишди.
Сўзга чиққан нотиқлар мана шундай муҳайё қилинаётган шарт-шароитлар ва қулайликларга жавобан талаба-ёшлар илм-маърифат эгаллаш йўлида тинимсиз ғайрат қилишлари, жидду-жаҳд кўрсатишлари ва барчамиз орзу қилгандек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларга муносиб авлод бўлишларини таъкидлашди.
ЎМИ Матбуот хизмати