muslim.uz
Бир нарсанинг борлигини билмаслик уни йўқ дегани эмас!
Ушбу мақолада муҳим бир нуқтага эътиборингизни қаратамиз. Бу – бир нарсанинг борлигини билмаслигимиз унинг мавжуд эмаслигини англатмаслигидир.
Агар Аллоҳ таоло бизга фаришталар ҳақида, жаннат ҳақида, дўзах ҳақида ва шайтонлар ҳақида гапирган бўлса, биз уни тасдиқлашимиз шарт! Аллоҳ таоло ўша нарсаларнинг борлигига фақатгина иймоний далил эмас, балки, ғайб нарсанинг мавжудлигига моддий далиллар ҳам келтирган. Гарчи биз ўша ғайб нарсанинг борлигини кўрмаган бўлсак ҳам.
Аллоҳ таоло бизга ғайб нарсанинг борлигини борлиқдаги воқеалар орқали билдиради.
Мисол учун бактерияларни олайлик. Бу нозик, майда махлуқотлар инсон жасадига ҳужум қилиб, унга касаллик етишига сабаб бўлади. Бу бактериялар инсон билан умр бўйи бирга яшайди. Лекин биз бу бактерияларни инсоният ҳаётининг илк лаҳзаларида, ҳатто яқин ўтмишгача билмаган эдик. Кейинчалик илм тараққий этиб, уламолар нарсаларнинг ҳажмини миллион марта катталаштириб кўрсатадиган электрон микроскопларни кашф этишгандан сўнг мазкур бактерияларни кўра бошладилар.
Хўш, биз ўша микроскоп орқали нималарни кўрдик? Микробларнинг ажойиб дунёсини, уларнинг ўзига хос шаклларини ва ҳаракатларини кўрдик. Уларда ҳам насл қолдириш, кўпайиш борлигини кўрдик. Микробларнинг инсон жисмига кириб, қонга етиб борадиган йўллари борлигини кўрдик. Уларнинг қон билан реакцияга киришишини кўрдик.
Микроблар олами ҳам катта олам бўлиб, олдинлари бу олам ҳақида ҳеч нарса билмасдик. Балки бу олам бир неча асрлар давомида биз учун ғайб олами эди. Аммо шу билан бирга улар мавжуд эди. Фақат биз уларнинг борлигини билмас эдик. Хўш, бизнинг билмаслигимиз уларнинг йўқ бўлганини англатадими?! Албатта, ундай эмас! Улар аввал ҳам бор эди. Ўзининг вазифасини бажариб келарди.
Қадимги олимлар “Касаллик бу – ёвуз руҳларнинг инсон жасадини ўраб олиши” дердилар ва ўша ёвуз руҳлар чиқиб кетиши учун беморни урардилар ёки касалланган аъзосини куйдирардилар. Кейинчалик илм ривожлангач, касалликка сабаб бўладиган микробларни кўзимиз билан кўра оладиган бўлдик. Улар ҳаракатланар, кўпаяр, жасадни тешиб кирар ва мақсадига эришиш учун курашарди. Микробларнинг яшаш тарзини ўрганиш, уларни йўқ қилиш йўлларини билиш учун илмий тажрибаларни ишга солиб ҳайвонларнинг танасига ўша микроблардан киритадиган бўлдик.
Шу тарзда бизнинг кўзимизга кўринмаган бўлса-да, аслида ғайбий нарсалар йўқ эмаслигини, балки борлигини, улар ҳам ҳаётда ўз вазифасини бажариб турганини, уларни билмаслигимиз, кўрмаётганимиз уларнинг йўқлигини англатмаслигини Аллоҳ таоло бизга билдирди.
Агар биз ўзимиз ичадиган сув томчисига микроскоп орқали назар солсак, унда ажойиб нарсаларни кўрамиз. Шундай нарсаларни кўрамизки, уларнинг ичида ҳаёт қайнайди, ҳаракат жўш уради. Сувдаги бу жонзотларнинг ўзига хос олами, ҳаётда ўз ўрни бор. Сувдаги мазкур жонзотларнинг борлигини яқин кунларгача билмас эдик.
Бизнинг билмаслигимиз уларнинг йўқлигини англатадими?! Албатта, ундай эмас! Биз билмаган бўлсак ҳам улар олдин бор эди. Лекин биз уларни билмас, кўрмас эдик.
Борлиқдаги барча нарсага юзлансак, бир нарсанинг борлиги алоҳида нарса, ўша нарсанинг борлигини билиш алоҳида нарса эканини кўрамиз. Биз борлигини билмаган қанчадан қанча нарсалар бу оламда ўз вазифасини адо этиб юрибди.
Мисол учун сунъий йўлдошлар, телевизион репортажларни олиб кўрайлик. Бир аср олдин бирор жойда содир бўлган воқеани ўша лаҳзаларда бутун олам кўра олади деб биров айтармиди?! Буни биров билармиди?! Табиийки, буни биров билмасди. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга бунинг илмини билдирди. Бу илм бизга коинотда шундай хусусиятлар борки, улар инсонга бир вақтнинг ўзида дунёда бўлаётган воқеаларни кўриш, эшитиш имконини беришини ўргатди. Бир инсон Ой сиртида юрса, бошқаси уни кўрди. Инсон қандай қилиб бу каби илмий тараққиётга эришди? Нима, у тасвирларни узутадиган ҳаво қатламини ихтиро қилдими? Ёки ташқаридан Ерга янги моддаларни олиб келдими? Ёки бошқа сайёралардан тасвирларни узатувчи сунъий йўлдошларни ясайдиган модда олиб келдими? Албатта, йўқ! Бирорта одам, ҳатто моддапарастларнинг энг катталари ҳам мазкур хусусиятларни инсон ўзи яратган деб айтолмайди. Ҳаво қобиғи, Ердаги моддалар Аллоҳ таоло Ерни ва унинг устидаги нарсаларни яратгандан бери мавжуддир. Лекин унинг хусусиятлари биздан ғойибда эди. Аллоҳ таоло бизга бу борадаги илмларни очиб берганидан ва Ўзи ўргатганидан кейин биз бу нарсаларни билдик. Агар Аллоҳ таоло ўргатмаса, мазкур хусусиятларни қандай ишлатардик, қайси соҳаларда фойдаланардик.
Осмонга назар солайлик. Кучли телескоплар кашф этилгандан кейин у орқали осмонни кузатдик. Янгидан-янги галактикалар, юлдузлар, туманликларни кўрдик. Шу нарсалар биз кўришимиздан олдин йўқ эдими?! Асло ундай эмас! Олдин ҳам бор эди. Ёки биз кўришимиздан олдин улар вазифасини бажармаётган эдими?! Асло йўқ! Олдин ҳам улар ўз вазифасини бажараётган эди. Лекин Аллоҳ таоло уларни биздан маълум муддатгача тўсиб қўйган эди. Уларни ошкор этиш вақти келгач, Аллоҳ таоло бизга уларни билдирди. Натижада бизга олдин кўринмаган, биз учун ғайб ҳисобланган нарсалар кўрина бошлади. Уларнинг мавжудлигини билдик. Бизга маълум бўлмаган пайтда ҳам улар ўз вазифасини бажариб келаётганидан хабардор бўлдик.
Шайх Муҳаммад Мутаваллий
Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”
номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Туркиянинг биринчи хоними “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева бугун Туркия етакчисининг рафиқаси Амина Эрдўған билан Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюришди.
Меҳмонга мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Ҳазрати Имом, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.
Меҳмон хоним Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўрганини қайд этди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан Ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркия Президенти ўзбекистонликларни Бароат кечаси билан табриклади
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўған Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Туркия Президентининг расмий ташрифи 29 апрель - 1 май кунлари даво этади.
Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви ўтказилди. Ушбу учрашувда ташриф ва олиб борилган музокаралар юзасидан маълумот берилди.
Туркия Президенти ўз сўзини якунлар экан ўзбекистонлик ва туркиялик мусулмонларни Бароат кечаси билан қутлаб, ушбу улуғ кунда ибодат қилишга ва Аллоҳдан барча эзгу тилакларни тилашга чақирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
7 саволга 7 жавоб: Қазо рўзаси
1-савол: Рўзадор кишининг тоби қочса, унга укол қилиш мумкинми?
Жавоб: Аллоҳ таоло бандалари зиммасига тоқатидан ортиқ нарсаларни юкламайди.
Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари танага бир нарса кириши билан рўза бузилади, деганлар. Шунинг учун рўзадор укол олса рўзаси бузилади.
Агар ўта зарурат бўлмаса, уколни ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олгани маъқул. Лекин рўза тутганида соғлиги ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасининг қазосини Рамазон тугаганидан кейин тутиб беради.
2-савол: Ўтмишда қолдирган рўзаларим учун фидя берсам бўладими?
Жавоб: Йўқ. Қари кишилар, яъни кундан-кун мадори кетаётган чол ёки кампир Рамазон рўзасининг ҳар бир куни учун фидя (бир мискинга икки кило буғдой ё унинг баҳосини) беради (“Ҳидоя”, “Фатовойи Ҳиндия”).
Сиз ўтмишда қолдирган рўзаларингизнинг ҳар бир куни учун қазосини тутиб берасиз.
3-савол: Рамазон кунларидан бирида ёққан ёмғирда юрган одамнинг оғзига бир-икки томчи ёмғир суви кириб кетса, рўзаси бузиладими?
Жавоб: Агар ўша одамнинг ихтиёридан ташқари, бехосдан сув кириб кетса, рўзаси бузилади ва қазо (бир кунга бир кун) тутиб беради. Бордию, ёмғир сувини қасддан ютса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат лозим бўлади. Яъни, бу одам бузилган рўзаси учун бир кун тутиб беришдан ташқари, жарима сифатида икки ой кетма-кет рўза тутиб бериши, бунга қурби етмаса, олтмишта мискиннинг бир кунлик таомини садақа қилиши керак бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”).
4-савол: Рамазон ойида тиши оғриб қолган одам муолажа ва оғриқ қолдириш мақсадида укол олса, рўзаси бузиладими?
Жавоб: Киши ана шундай ноқулай вазиятда қолмаслиги учун рамазон ойи киришидан олдин ўзига бир қараб, керакли муолажаларни олиши керак. То бу баракотли ой шарофатидан тўлиқ баҳраманд бўлсин, унинг ибодат қилиш завқига ҳеч қандай қийинчилик халақит бермасин. Шундай бўлса ҳам, рамазон ойида бирдан тиши оғриб, укол олган кишининг рўзаси бузилади ва кейин ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради (“Фатовойи Ҳиндия”).
5-савол: Қазо рўза тутиш қандай ният қилинади?
Жавоб: Қазо рўза тутиш учун субҳ содиқ киришдан олдин ният қилинади.“Зиммамдаги қазо рўзани тутишни ният қилдим”деб ният қилинади.
6-савол: Пайғамбаримиз (с.а.в.): Кимки Жумодул охир ойининг 13, 14, 15 кунлари рўза тутса бир ой рўза тутган билан баробардир деганлар. Шу бир ой деб қабул қилинадиган рўза Рамазоннинг бир ойлик қазосига ўтадими?
Жавоб: Рамазон рўзасининг қазоси “Рамозон рўзасини қазосини ният қилдим” – деб, бир кун учун бир кун тутилади. Яъни ҳар бир қазо қилинган рамазон рўзаси учун бир кун рўза тутилади. Ушбу зикр қилинган кунларда рўза тутиш савобда бир ойлик рўзага баробар дейилади. Амалда ёки ададда бу қазо рўзалар ўрнига ўтмайди.
7-савол: Менинг қазо рўзаларим бор. Неча йиллигини аниқ билмайман, шунинг учун душанба, пайшанба кунлари қазо рўзаларимни тутиб бермоқчиман. Қандай ният қилиш керак?
Жавоб: Мазкур тутмаган қазо рўзаларни ният қиласиз. Агар қайси йил ва қайси куннинг рўзасини тутаётганингиз аниқ бўлса, шуни ният қиласиз. Агар қайси йил ва қайси куннинг рўзаси экани аниқ бўлмаса, аввалги рўза деб ният қиласиз. Шунда аввалгилари бирин-кетин соқит бўлиб бораверади.
Тўрт мингга яқин олимдан таҳсил олган шогирд
Самъонийнинг “Ал-ансоб” китобида ва Заҳабийнинг “Тазкиратул ҳуффоз” китобида сайёҳ, ҳофиз Абул Фитён — Умар ибн Абдулкарим ибн Саъдувайҳ Диҳистоний Раввосий (427/1036−503/1110) раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида қуйидаги маълумотлар келади:
“Ўз асрининг ҳофизларидан эди. Илм йўлида Хуросон, Ироқ, Шом, Ҳижоз, Миср, Арабистонга сафар қилиб, илм ўрганиб уларни китобларга битган олимлардан эди. Уни каллапуруш, деб ҳам номлашарди. Чунки, отаси Диҳистонда чорва ҳайвонларининг каллаларини сотар эди. Бир куни Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бажалий, Розий Диҳистонга келиб, Абул Фитённинг отаси Абул Ҳасандан ейиш учун калла сотиб олади. Абул Ҳасан Абу Масъудга қараб: “Кўринишингиздан олим инсонга ўхшайсиз, сиздек инсон учун дўконда ўтириб нарса ейишингиз маъқул эмас, масжидга кирсангиз каллани ўзимиз олиб бориб берар эдик”, деди.
Шунда Абу Масъуд масжидга кириб ўтиргач, Абул Ҳасан ўғли Абул Фитёндан қовурилган чиройли калла, сирка, пиёз ва ширмой нонни бериб юборди. Абул Фитён ўшанда ҳали ёшгина бола эди. Абу Масъуд мазкур ишдан мамнун бўлиб, Абул Ҳасаннинг қилган ишига тасанно айтди. Каллани еб бўлгач, унга ташаккурлар айтдида ва менга жуда ҳам чиройли муомала қилдинг. Менда бунинг эвазига сенга берадиган ҳеч нарсам йўқ. Агар хоҳласанг, ўғлингни олдимга жўнат, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан айтиб бераман.
Отаси бундан жуда ҳурсанд бўлди. Шу билан Абу Масъуд Абул Фитённи ўзи билан Диҳистон шайхларининг олдиларига олиб борар ва унга ҳадис айтиб берар ва уларнинг баъзиларини ўзгаларга айтишини буюрарди. Шундан сўнг Абул Фитёнга бу иш жуда ёқиб, унда илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлди. Кейинчалик ўзи ҳам сафар қилиб, жуда кўп ҳадис тўплади. Ҳатто тенгдошлари билмайдиган ҳадисларни эшитиб жамлади.
Ибн Нуқта айтадики: Аҳли илмларни жуда кўпидан эшитдим, уларнинг айтишича, Абул Фитён 3600 та шайхдан илм ўрганган экан. Адиб Хузайма ибн Али Марвазий айтади: “Умар Раввосийнинг бармоқлари сафарда юрганида совуқ сабабли узилиб тушган.
Ҳофиз Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Ҳамадоний айтди: Бу диёрда Абул Фитёндан кўра зеҳни ўткир инсонни кўрмадим, балки бутун дунёда ҳам унга ўхшаши йўқ. Гўё саёҳатчи китоб эди. Дунёни ҳадис ўрганиб айланиб чиқди. Уни Маккада учратиб қолдим. Барча шайхлар уни мақташарди, у ҳақда гўзал сўзларни айтишарди. Сўнг Журжонда учратиб қолдим, шу ерда у билан қадирдон бўлиб қолдик.
Бу фанда (ҳадис) кўзга кўринган пешволардан эди. Ҳаттоки устози Абу Бакр Хатиб Бағдодий ва Абу Ҳомид Ғаззолий ундан ҳадис ривоят қилган. Хусусан, Абу Ҳомид Ғаззолий бу зотдан икки саҳиҳ китобини ўтказиб олган. Шунингдек, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Журжоний ва жуда кўп муҳаддису фақиҳлар ундан ҳадис ўрганганлар.
Ибн Макуло айтади: Раввосий мендан ҳадис ёзиб олди ва айни пайтда мен ҳам ундан ҳадис ёзиб олдим. Уни заковатли эканини билдим. Самъоний айтади: “Аҳмад ибн Муҳаммад Сарахсийдан эшитдим: “Умар Раввосий Сарахсга келган пайтда у жойда ҳадис айтиб, талабаларга ёздирар эди. Унинг дарсига жуда ҳам кўп одамлар келар эди. Умар Раввосий дарслари ҳақида шундай дер эди: “Мен дарсимга келган талабаларнинг барчасини исмини биринчи бор келганларида ёзиб қўяман ва улар иккинчи бор дарсга келганларида уларнинг исмларини ёддан айтиб бераман. Улардан сўрашимнинг ҳам ҳожати бўлмайди”. Айтишларича: “У кишининг дарсига келган жамоат етмиш кишидан иборат бўлар экан”.
Абдулғофур ибн Исмоил айтди: Умар Раввосий ҳадис санадларини яхши биладиган машҳур инсон эди. Кўп китоблар ёзган ва кўп маълумотларни бобларга ажратиб жамлаган, тез ёзадиган киши эди. Ҳаёти салафлар ҳаётига ўхшаш камбағал ва кўп фарзандли эди. Найсобурдан Тусга қараб йўл олди. У ерда Имом Ғаззолий у зотга кўп ҳурмат кўрсатиб ўзининг уйига туширди ва У зотдан “Саҳиҳул Муслим”ни эшитди. Шундан сўнгина кетишга рухсат берди.
Сўнг Тусдан чиқиб Марвга Имом Абу Бакр Самъоний (“Ансоб” китоби муаллифининг отаси)ни зиёрат қилиш учун йўлга тушади. Зеро, Абу Бакр Самъоний у зотни чорлаган эди. Бундан мақсади у зотнинг илми-у ирфонларидан олиш эди. Умар Раввосий Марв томонига юрар экан ўзига ўзи: “Мен Марвга кетмоқдаман-у, лекин айтишларича йўлим устида бўлган Сарахс шаҳри “илмнинг қабристони” экан. Иш қилиб, менга ҳам бирор нарса бўлмасайди”, дейди ва йўлида давом этади. Ҳақиқатдан ҳам у зот қўрққан нарса бўлади. У зот 503 йил робиъул охир ойида, Сарахсга келганида ажали етади”. Бу маълумот Умар Раввосийнинг қабртошига ёзиб қўйилган. Аллоҳ ўз раҳматига олсин!
Фахриддин МАМАНОСИРОВ
ТИИ «Тиллар» кафедраси мудири