muslim.uz

muslim.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ҳаммага маълум ва машҳурки, Қуръони Карим оятлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлаётган пайтда ҳеч ким оятларнинг сони билан қизиқмаган. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўрсатмалари бўлмаган. Зотан, оятлар уларнинг сонини санаш учун эмас, уларни англаб етиш ва уларга амал қилиш учун туширилгандир. Шунинг учун ҳам, дастлабки мусулмон авлод оятларни санашни хаёлига ҳам келтирмаган. Бунинг устига, улар ўзлари ёдлаб, амал қилаётган оятларни бошқаларга ҳам ўргатиш масъулияти ила яшаганлар.

Вақт ўтиши билан мусулмонларда юқоридаги масъулиятни сезиш қобилияти заифлашганда, бекорчиликдан турли саволларни тўқиб чиқариш оятларни санаш ҳам бошланган.

Имом Бадруддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Заркаший ўзининг «Ал-Бурҳон фий улумил Қуръон» номли китобидаги «Қуръоннинг суралари, оятлари, сўзлари ва ҳарфлари сони ҳақида фасл»да, жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Қуръоннинг суралари 114 тадир. Ҳажжож ибн Юсуф Басранинг қориларига одам юбориб уларни жамлади ва ичларидан Ҳасан Басрий, Абул Олия, Наср ибн Осим, Осим Жаҳдарий ва Молик ибн Дийнор раҳматуллоҳи алайҳимни танлаб олди ва «Қуръоннинг ҳарфларини сананглар!» деди.

Улар тўрт ой давомида арпа дони билан санадилар. Улар бир овоздан: унинг сўзлари 77 434 та, ҳарфлари 323 015 та, Қуръоннинг оятлари олти минг, дедилар».

Худди шу китобда яна қуйидагилар ҳам айтилган:

«Билки, уламоларнинг оят, сўз ва ҳарфларнинг сонида ихтилоф қилишларининг сабаби шулки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир оятнинг охирида тўхтар эдилар. Уларнинг жойи билингандан кейин улаб ўқиб кетган ҳоллари ҳам бўлган. Баъзи тингловчилар ўшани оят деб ҳисоблаганлар. Баъзи қироатларда «бисмиллаҳ» оят ҳисобланса, бошқаларида ҳисобланмаган».

Қўшимча равишда айтишимиз мумкинки, фиқҳий мазҳабларда ҳам «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» ҳақида турли гаплар бор.

  1. Барча фақиҳларимиз «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» «Намл» сурасидаги оятнинг бир бўлаги эканлигига иттифоқ қилганлар.
  2. Имом Шофеий: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» Фотиҳа сурасидан ва бошқа ҳар бир сурадан бир оятдир, деганлар.
  3. Моликий мазҳаби: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» умуман оят эмас, деган.
  4. Ҳанафий мазҳабида: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» Қуръондан бир оят бўлиб, сураларнинг орасини бўлиш учун туширилган. «Фотиҳа» сурасидан оят эмас, дейилган.

Мана шунинг ўзи ҳам оятларнинг сонининг турлича чиқишига сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) дунё бўйлаб хайрия тадбирларига сарфлаган маблағига кўра давлатларнинг навбатдаги рейтингини эълон қилди, деб хабар бермоқда Islam Today.

Рейтингда биринчи ўринни Бирлашган Араб Амирликлари эгаллаган ва Амирлик учун биринчи марта эмас. Ташкилот хисоботига кўра, 2017 йилда БАА моддий ёрдам ва давлатларнинг ривожланиши йўлида 19 миллиард доллар сарф этган. Шуниси диққатга сазоворки, бу кўрсаткич БМТ томонидан белгиланган меъёрлардан икки баробар ошиб кетган.

Бирлашган Араб Амирликлари маблағларининг 43 фоизи Осиё мамлакатларига, 28 фоизи Африка давлатларига ёрдам беришга, қолган 23 фоизи эса Европа мамлакатларига ажратилган. Амирлик ўтган йили жами 147 мамлакатга ёрдам кўрсатган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий туша бошлаб, у зот пайғамбар эканини айтган кезларда Макка аҳолиси орасида охирги пайғамбар Исмоил алайҳиссалом авлодидан чиқишига астойдил ишонадиганлар бор эди. Шунинг учун ҳам маккаликлар бу янгиликни эшитганларида охирги пайғамбар ўзларининг орасидан чиқишини билар эди деб комил ишонч билан айтиш мумкин. Ҳатто қуйидаги ояти карима улар сўнгги пайғамбарни кутиб яшаганига далолат қилади.

وَهَـذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

أَن تَقُولُواْ إِنَّمَا أُنزِلَ الْكِتَابُ عَلَى طَآئِفَتَيْنِ مِن قَبْلِنَا وَإِن كُنَّا عَن دِرَاسَتِهِمْ لَغَافِلِينَ

أَوْ تَقُولُواْ لَوْ أَنَّا أُنزِلَ عَلَيْنَا الْكِتَابُ لَكُنَّا أَهْدَى مِنْهُمْ فَقَدْ جَاءكُم بَيِّنَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن كَذَّبَ بِآيَاتِ اللّهِ وَصَدَفَ عَنْهَا سَنَجْزِي الَّذِينَ يَصْدِفُونَ عَنْ آيَاتِنَا سُوءَ الْعَذَابِ بِمَا كَانُواْ يَصْدِفُونَ

Биз туширган бу китоб, муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар. (Қуръони карим кўплаб етук сифатларга мушарраф китобдир. У дунёга ҳам, охиратга ҳам баракадир. Бу ҳақиқатни Қуръони каримга алоқаси бўлган ҳар бир мусулмон яхши билади. Агар дунёда яшашдан мақсад икки дунёнинг баракасига эришмоқ бўлса: «Бас, унга эргашинг». Ундан ўзга эргашишга арзигулик нарса йўқ. Бошқалар баракасиз нарсалар. Уларга эргашганлар икки дунёда мақсадларига эриша олмайдилар. Қуръонга эргашиш билан бирга, тақво ҳам бўлиши зарур.) «Биздан аввалги икки тоифага китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофилмиз», демасликларингиз учун. Ёки «Агар бизга китоб туширилганда, улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун, батаҳқиқки, сизга Раббингиздан очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ шахс борми? Тезда оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли ёмон азоб ила жазолармиз (Анъом, 155-157).

Ояти каримада “аввалги икки тоифа” дейилганда, яҳудийлар ва насронийлар назарда тутилган. Муфассирларимиз шундай дейишган. Бу ҳолда ояти каримада маккаликларга хитобан айтилган сўзларнинг мазмуни аниқ кўзга ташланади. Ибн Касир раҳматуллоҳу алайҳ ушбу оятдан олинадиган тушунчани янада қувватлантириш учун қуйидаги оятни ҳам илова қилади. 

وَأَقْسَمُوا بِاللَّهِ جَهْدَ أَيْمَانِهِمْ لَئِن جَاءهُمْ نَذِيرٌ لَّيَكُونُنَّ أَهْدَى مِنْ إِحْدَى الْأُمَمِ فَلَمَّا جَاءهُمْ نَذِيرٌ مَّا زَادَهُمْ إِلَّا نُفُوراً

Ушбу оятни шарҳлаган кўплаб муфассирлар айтадики, қурайшликлар аҳли китоблар жуда кўп пайғамбарларни ёлғончиликда айблашганини билиб, уларнинг қилмишидан жаҳли чиққанидан “Аллоҳ яҳудийлар ва насронийларни лаънатлайди, Агар пайғамбар бизга тушганида эди, биз бошқа халқларнинг ҳаммасидан фарқли равишда ажойиб уммат бўлиб, унга эргашган бўлар эдик”, дер эдилар.

 “Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. (Араб мушриклари ўз юртларида, хусусан, Мадинада яҳудийлар билан ёнма-ён яшар эдилар. Уларнинг тарихлари ва қиссаларини эшитган эдилар. Шунингдек, насоролар аҳволидан ҳам бир оз бўлса-да, хабардор эдилар. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи – Пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари арабларни ажаблантирар эди. Улар ўзларича, агар бизга огоҳлантирувчи – Пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша Пайғамбар келтирган таълимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз, деб қасам ичар эдилар. Оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра нималар бўлгани фош этилмоқда)” (Фотир, 42

وَإِنْ كَانُوا لَيَقُولُونَ

 لَوْ أَنَّ عِندَنَا ذِكْراً مِّنْ الْأَوَّلِينَ

 لَكُنَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ

 فَكَفَرُوا بِهِ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ

Ҳолбуки, улар дер эдилар: «Агар бизнинг ҳузуримизда ҳам аввалгилардан бир эслатма бўлганида. Албатта, Аллоҳнинг ихлосли бандаларидан бўлар эдик». Бас, унга куфр келтирдилар. Энди яқинда билурлар (167-170).

 Ибн Касир ва бошқа муфассирлар  олдинроқ айтиб ўтилган Анъом сурасига Саффот сурасидан мана бу оятларни ҳам илова қилишган.


Имом Таборий айтадики, ушбу оятлар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканини эълон қилгунига қадар шу гапларни айтиб юрган маккалик мушриклар ҳақидадир.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Илҳом Алиевни Озарбайжон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Озарбойжоннинг ҳукмрон партияси “Ени Азербайжан” раиси ўринбосари, бош вазир ўринбосари Али Ахмедов мамлакатда 11 апрелда ўтган президент сайловлари экзит-полл натижаларига изоҳ бераркан, Озарбойжон халқи амалдаги президент Илҳом Алиевга овоз бериб, тўғри танлов қилганини айтиб ўтган.

Сайловларда 8 номзод қатнашган, улардан 6 нафари номзоди сиёсий партиялар, бир нафари ташаббускор гуруҳ томонидан илгари сурилган. Яна бир номзод мустақил номзод сифатида иштирок этган.

Сайловлар ўтишини 894 нафар халқаро ва 58175 нафар маҳаллий кузатувчи кузатиб борган.

Озарбойжонда 5314365 киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Президент сайловларида улардан 74,51 фоизи, яъни 3959553 сайловчи иштирок этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳазрат Абу Бакр Варроқ Термизий қадимий Термиз шаҳридан етишиб чиққан улуғ аллома, мутасаввиф, беназир валий зотлардан биридир.

Ҳазрат Шайх Фаридуддин Аттор “Тазкиратул-Авлиё” китобида ул зотни “Илм ва ҳикмат хазинаси, ҳилм ва поклик  ягонаси, хўп соҳибкамол, муомала ва одоб бобида беназир” деб тавсифлаган.

“Тазкиратул - авлиё” китобида нақл қилинадики у зот умр бўйи Хизр алайҳиссаломни кўрмоқ орзусида  бўлган. Ҳар куни тонгда қабристонга бориб келар, ҳар бориб келишида бир пора Қуръон ўқир экан.

Бир куни эшикдан ташқарига чиқиши билан бир пири нуроний келиб, у кишига салом беради, Шайх алик олади.

“Мен билан суҳбат қилишни истайсанми?” – дейди Пир.

“Истайман” – дейди Шайх.

Пири нуроний у билан йўлга равона бўлади, қабристонгача бирга борди. У йўлда Шайхга сўз айтиб борар эди, қайтишда ҳам худди шундай сўзлашиб келиб, уй эшигига етдилар. Пир хайрлашиб, кетмоқчи бўлган пайтда  деди: “(Эй Абу Бакр!) Сен  умрбод кўришни орзу қилган Хизр мен бўламан. Бугун мен билан суҳбатлашдинг, аммо бир пора Қуръон ўқишдан маҳрум бўлдинг! Хизр билан сухбатлашишнинг оқибати шу бўлса, бошқаларнинг суҳбати нечук бўлғай?! Шуни билгинки, узлат, тазрид ва танҳоликда Аллоҳ таъоло билан машғул бўлмоқ барча-барча ишлардан шарфлироқдур! (Бир соат Ҳақ билан суҳбат қилмоқ, минг соат Хизр билан ўтиргандан яхшидир!)” .

Бу сўздан Хизр алайхиссалом инсонларни кўпроқ Қуръон ўқишга тарғиб қилганларини англаш мумкин.

Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло барчаларни Қуръони каримни севиб, уни кўп тиловот қилувчи бандалардан қилсин. Омин.

 

Собитжон ИСАҚОВ

Избоскан туман “Бобур” жоме

масжиди имом-ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top