muslim.uz

muslim.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда таълим-тарбия, диний-маърифий йўналишлардаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, ушбу эзгу саъй-ҳаракатлар Ислом дини улуғлаган фазилатлар — бағрикенглик, саховат, мурувват, яхшилик каби эзгу амалларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.

28 март куни “Ҳилол нашр” матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонларга тақдим қилинди.

Бу ҳақда ношир Исмоил Муҳаммад Содиқ «Халқ сўзи» газетаси
мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолонинг муборак, барчани ожиз қолдирувчи тенгсиз каломи — Мусҳафи шариф юртимизда нашрдан чиқиши шарафли воқеадир. Куни кеча нашриётимизнинг барча дўконлари орқали бир хил нархда халқимизга етказилишига муваффақ бўлинди.

Авваламбор, бу хайрли ниятнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаган раҳбарларимиз, унга ўз ҳиссасини қўшган азизларимиз, ватандошларимизни муборакбод этамиз. Қалби Қуръонга ошно халқимиз янги нашр этилган Мусҳафни шод-хуррамлик, хурсандчилик ва севинч кўзёшлари билан кутиб олди. Бу ёрқин ҳодиса мамлакатимизнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, динимизнинг софлигини асраш борасидаги эзгу ташаббуслари, эл-юртнинг дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг мушкулини осон қилишдек улуғ ишга бел боғлаганлари ҳар биримизга улкан ризолик, миннатдорлик бахш этди.

Бугунги кунда ушалган қалб орзуларимиздан бири Қуръон мусобақаси бўлса, бири ушбу Мусҳафи шарифнинг чоп қилинишидир. Мусҳафи шарифни нашр этиш нашриётимизга асос солган устозимиз, падари бузрукворимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кўп йиллик саъй-ҳаракатлари, холис дуолари инъикоси, десак, муболаға эмас. Устозимиз кўплаб китобхонларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, юртимизда Мусҳаф чоп этишни ҳам йўлга қўйишга астойдил ҳаракат қилган, бунинг учун матбаа-нашриётимизнинг зарур моддий-техник асос ҳамда юқори малакали мутахассислар билан таъминланишига интилган эдилар. Ана шу меҳнатлар туфайли сўнгги йилларда матбаамизда бой ва ноёб тажриба тўпланди, Қуръони Каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит юзага келди. Зеро, Ислом уламолари Мусҳаф чоп этиладиган босмахонанинг шарт-шароити ҳамда ходимларга қўйиладиган талабларни ҳам кўрсатиб берганлар. Жумладан, Мусҳаф нашрга тайёрланадиган хоналар, муқаддас ояти карималар босиладиган дастгоҳларнинг покизалиги ва бошқа кўплаб талаблар борки, “Ҳилол-нашр” матбаа-нашриётидаги шарт-шароитлар буларнинг барчасига тўла жавоб беради.

Қуръони Карим — Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё ва охират саодатига элтувчи муқаддас каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олиб, умматларига омонат ила етказганлар, уни ҳаётга татбиқ этиб кўрсатганлар. Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламои киромларнинг вазифаси ушбу илоҳий омонатни — Қуръон ва суннатни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Қуръони Каримни ўрганиш, ёд олиш ва ўргатиш Исломда энг улуғ ибодат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз — Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир”, дея марҳамат қилганлар. Шунинг учун қадим тарихимиз давомида Қуръони Карим ўқилмаган, Мусҳафи шариф кирмаган хонадон бўлмаган.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, Исломга, хусусан, Қуръони Каримга улкан хизмат қилган буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмонанд Ватанимиз мустақилликка эришгач, масжид-мадрасалар очилди, миллий қадриятларимиз, диний таълим, диний адабиётимиз тикланди. Халқимиз яна эмин-эркин Қуръон ўқий бошлади, натижада Мусҳафга бўлган эҳтиёж, талаб кучайди. Шу боис республикамизда Мусҳафи шарифни чоп қилиш давр талабига айланди.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда хориждан келтирилаётган Мусҳафларнинг нархи йўлкира, бож тўловлари ва устама ҳисобига жуда юқорилаб кетмоқда. Биз тақдим этаётган Мусҳафнинг нархи эса бир неча баравар арзон. Зеро, нашриётимизда Мусҳафи шарифни чоп этишдан кўзланган мақсад даромад олиш эмас, балки халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириш, диёримизда муқаддас китобимизни нашр қилиш анъанасини тиклаш, давом эттириш ҳамда ажру савобга эришишдир.

Мазкур лойиҳа бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган. “Дорус-салом” нашриёти шундан келиб чиқиб, “Ҳилол-нашр”га Мусҳаф чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришдик.

Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Иншааллоҳ, бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Келгусида фақат Мусҳафи шариф чоп этиш мақсадида алоҳида босмахона ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Зеро, Қуръон кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир.

Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.
Аллоҳ таоло азиз диёримизни Қуръон нури билан мунаввар айласин, бу буюк хизматга бел боғлаб, хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асраб, кўзлаган барча эзгу мақсадларига етказсин, ниятларини рўёбга чиқариб, ўйлаганларидан ҳам зиёда натижаларга эриштирсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунёда фарзанди одобли бўлишини истамаган ота-она йўқ. Хўш, болани қандай одобли қиламиз? Бунинг учун энг олдин ота-онанинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Ахир, инсон ўзида йўқ нарсани бировга беролмайди-ку.

Қуйидаги тавсияларга эътибор бериш ва амал қилиш мақсадга мувофиқ:

– ота-она салоҳиятли, болаларига ибрат бўлиши керак. Китоб ўқимаган киши фарзандининг қўлига яхши китоб тутолмайди;

– болани мустақил фикрлашга ўргатиш жуда муҳим. Воқеа-ҳодисаларга қандай муносабат билдиришига ота-она қизиқиши, уни тинг­лаши, саволларига эринмай жавоб бериши керак. Бундай йўл боланинг мустақил фикр юритишига ёрдам беради, унда фикрини ифодалаш шижоатини шакллантиради;

– муносабатлар икки томонлама бўлсин.  Шундай йўл тутинг, у сизга  яқин дўстидек ишонсин. Шунда унга насиҳат қилсангиз, оғир олмайди. Ҳазрат Али : “Фарзанд билан етти ёшгача ўйна ва унга фикри қабул қилингани ҳамда инобатга олинганини билдириб қўй, бу услубнинг яхши самараси кўп”, деганлар. Фарзанд билан дўстларча муносабатда бўлиш уни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга эргашишдан сақлайди;

– фарзанд оиласида алоҳида ўринга эгалигини, қадрли эканини ҳис этиши зарур;

– бола уй ишларини бажаришда ҳамма билан аҳил-иноқ бўлиши, оила муаммоларини беркитиши, жипсликни сақлашни ўрганиши лозим. Ота-она фарзандига иш ва масъулият юклаб, сўнгра натижасига эътибор қаратса, бола бурчига садоқатли бўлади;

– ота-она уйдаги нарса-буюмларни бир кишига хосламасин. Аксинча, улар ҳаммага тегишли эканини айтсин. Масалан, уйдаги улов фақат отаники деб қаралса, ўғил фарзанд ўзини отасига нисбатан ғариб санаши ва бу ҳол унга салбий таъсир қилиши мумкин;

– боланинг истаган нарсасига эришавериши яхши эмас. Маҳрум бўлиш аччиғини тотиб кўриши, нафсининг хоҳишларини қайтаришни ўрганиши керак;

– ота-она фарзандларининг ёши, ақли, зийраклиги, ривожланиши, таъсирчанлиги ҳамда дунёқарашига эътибор қилиши зарур;

– болалар ёшлигидан бир-бирига гина-адоватли бўлмаслиги учун барчаларига бирдек муносабат кўрсатиш муҳим. 

Кўпинча йўл қўйиладиган хатолар:

– ота-онанинг болага: “лапашанг”, “аҳмоқ”, “одобсиз” сингари нохуш сўзлар билан мурожаат қилиши. Хато, камчилик фарзанднинг ўзида эмас, ишидадир;

– уриб-сўкиб тарбиялаш. Фарзанд хато иш қилганида танбеҳ бериш ва тергаш учун уни уриш-сўкишдан кўра, яхши кўрган нарсаларидан маҳрум қилиш, гапирмаслик, қовоқ уйиш,­ дакки бериш самарали бўлади;

– нотўғри рағбатлан­тириш. Ота-она ўн ёшга тўлмаган болалаларининг яхши ишларини мукофотлашда ширинлик ёки пул бериш билан бирга савоб бўлишини, эвазига жаннатга эришувини ҳам уқтиришсин;

– болаларни бир-бирига қарама-қарши ўстириш. Бир оилада туғилиб ўсган болаларнинг ҳам шахсияти турлича бўлади. Уларни зеҳни, қобилияти ва дунёқарашининг пасту баландига қараб йўналтириш лозим. Бир-бирига солиштириш билан уларнинг ораси бузилиши мумкин;

– ёмон дуо қилиш. Фарзанди жаҳлини чиқарса, айрим оналар дарров қар­ғашга тушади. Бу одатнинг оқибати жуда ёмон;

– ваъда бериб бажармаслик. Ота-она ваъдасида турмаса, ишончини йўқотади. Масалан, “Кел, урмайман”, дейди. Аммо келганида уради. “Бундай қилсанг, уни олиб бераман”, дейди, лекин сўзида турмайди.

– фарзандини ёмон ҳолатларга гувоҳ қилиши. Шаънини юксалтириш, ботирликка ўргатиш ўрнига таҳқирлайдиган манзараларни кўрсатиш бола қалбини синдиради;

– ёқтирмаган нарсасини совға қилиш;

– ёлғон гапириш: одатларнинг энг ёмони ёлғон сўзлашдир. Бола ўрнак оладиган кишилар ёлғон гапириб турса, у ҳам шунга одатланади.

Тошкент Ислом институти мударриси

Имоммуҳаммадхон  УБАЙДУЛЛАЕВ

тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Аллоҳнинг розилигини топиш ва жаннатга кириш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг олий мақсади ҳисобланади. Бу эса бандадан савобли амалларни кўпроқ қилишни талаб қилади. Шундай имкониятлардан бири нафл номозларни уйда ўқилишлигидир. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Нафл) намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози уйидагисидир. Фақат фарз намоз бундан мустасно”, дедилар”. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, нафл намозларни уйда ўқишлик афзал экан. Чунки, бунда риёдан узоқ бўлинади, қабул аниқ бўлади, баракоти уйга уради, шайтон уйдан қочади. Кўпинча уйда барака йўқлиги ҳақида саволлар билан мурожаат қилишади. Баъзилар эса уйимда шайтон кўпайиб кетган деб “уй тозаловчиларга” мурожаат қилишади. Нима учун инсонлар Аллоҳ таолнинг пайғамбари айтган насиҳатга қулоқ солмасдан, ўз билганидан қолмасдан фолбинларга ёки “уй тозаловчиларга” мурожаат қилишади. Текинга мушук ҳам офтобга чиқмайди деганларидек, уларга ҳам анча-мунча ҳаражат қилинади. Ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қандай харажат талаб қилмайдиган насиҳатни айтиб кетганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насиба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Яъни уйда ўқилган нафл намоз уй учун хайр барака ҳосил бўлиши, шайтонга эса насиба қолмаслигига сабаб бўлар экан.

“Кичкина табиб” деган фильмни кўпчилик кўрган. Ана ўша ерда бемор қизнинг буваси табиб боладан нима учун наварам тузалмаяпти, кўрсатмаган шифокорлар қолмади, ҳатто чет элдан ҳам докторлар олиб келдик деганда, у уйингизда фаришта йўқ дейди.  

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан, Аллоҳ зикр қилинмайдиган уй мисоли, худди тирик билан ўликнинг мисолига ўхшайди”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Демак, Аллоҳнинг зикри уйни тирик ҳолига келтиради. Маънавий тирик одамнинг уйи ҳам тирик бўлади. Ким уйида нафл намоз ўқиб турар экан унинг уйининг шарафи ошади, қадри юксалади. Сажда қилинган ҳар бир парча ер, қиёматда сажда қилувчи фойдасига гувоҳлик беради. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон ўз уйини намоз билан, Аллоҳнинг зикри билан обод қилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.

Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги бир ракъат намоз бошқа масжидлардаги минг ракъат намозга тенг бўлади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, кишининг ўз уйида ўқиган нафл намози Масжиди Набавийда ўқийдиган намозидан афзал экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тасдиқланиши Аллоҳ таолонинг бандаларига берган жуда катта имконияти эканлигини ҳеч қачон унитмаслигимиз керак. 

М.АБДУСАИТОВ

Бўстонлиқ тумани

 “Дониёр бин Озод” жоме масжиди имом-ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Динимизда вафот этиб кетган ота-оналаримиз, яқин қариндошларимиз, устозларимиз ҳамда дўсту ёронларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилиб туришни буюради. Марҳумларга қилган дуоларимиз, садақа ва эҳсонларимиз савоби етади. Уларнинг яхши сифатлари ва ўрнак бўладиган жиҳатларини гапириб, инсонийлик юзасидан қилиб қўйган баъзи камчиликларини гапирмаслик мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган ҳурматлари ифодасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига ўтганларнинг яхши сифатларини эслаб, ёмонликларини гапирмасликни тавсия қилганлар.

Ўтганларни эслаш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ўлимни, қабр ва охират ҳолатларини эслатади. Бир-биримиздаги ҳақларни адо этишимиз ва охиратни эслаб туришимиз учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга қабрларни зиёрат қилишни тавсия қилганлар. Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар” (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники).

Қабрлар зиёратидан Аллоҳ таолонинг розилигини, қалбни ислоҳ этишни қасд қилиш керак. Қабрларни зиёрат қилган инсон қалби юмшайди, ўлимни ва охиратни эслайди. Маҳшардаги ҳисоб китобни ўйлаган киши ким бўлишидан қатъи назар, қилган ёмонликларига пушаймон бўлади. Қолган ҳаёти хусусида жиддий фикр юритади, ёмонликлардан ўзини тияди, савобли ва хайрли ишлар қилишга интилади.

Динимизда қабрларни зиёрат қилиш мандуб яни тарғиб қилинган амал ҳисобланади. Лекин зиёрат қилиш асносида қабрларни беҳуда топташ, улардан ёрдам талаб қилиб бирор нарса сўраш, қабрни силаш, ўпиш ва тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби бидъат амалларни бажариб савоб олиш ўрнига гуноҳга қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки буларнинг барчаси бошқа дин вакилларининг одатларидан ҳисобланади. Шу боис зиёратчиларга мутасаддиларимиз ва имом-хатибларимиз бу ишлар Исломга зид эканини доимо уқтириб боришлари зарур. Зеро, Ислом динимизда фақат ҳажарул асвад – қора тош ўпилади ва Каъбадан бошқа жой тавоф қилинмайди.

Қабрлар зиёрати ҳақида сўз юритилганида, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш шарт деб ўйлаймиз. Ушбу мавзу борасида келган ҳадислар ва бунга боғлиқ далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламолар аёллар қабрларни зиёрат қилишлари жоиз, деган хулосани айтишган. Лекин уларда авратларини ёпиш, тавозелик, охират ишларини эслаш, қабрда бўладиган ҳолатлардан ибрат олиш, қаттиқ овоз чиқариб йиғи-сиғи қилиб, юзларига урмаслик, ёқаларини йиртмаслик ва ёмон гапларни гапирмаслик ҳамда агар зиёрат жойи узоқда бўлса, ёш ёки ёши улуғ бўлишидан қатъи назар, аёлга бирор маҳрами ҳамроҳлик қилиши талаб этилади.

Аёллар қабрларни зиёрат қилиш асносида юқорида айтиб ўтганимиз каби Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларни содир этсалар, уларга зиёрат қилиш мумкин бўлмайди. Шариатимиздаги “келиб чиқадиган ёмонликлар олдини олиш кутилаётган манфаатдан олдин туради”, деган муқаррар қоидани унутмаслик лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатладилар”. Уламоларимиз бу каби ҳадисларда динимиз кўрсатмаларига ва зиёрат одобларига риоя қилмаган аёллар назарда тутилган, дейишади. Чунки сабрсизлик, ёқаларини йиртиш, юзларини тирнаш каби хунук ҳолатлар уларнинг одатлари бўлиб, бу нарсалар кўпинча содир бўлиб қолади.

Динимизда қабрлар бошида қаттиқ овоз чиқармасдан, Аллоҳ таолога шикоят қилмасадан йиғлашга рухсат берилган. Зеро, вафот этган яқинини, айниқса, ота-онаси қабрини зиёрат қилган ҳар қандай кишининг қалби юмшаб, беихтиёр кўзига ёш келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оналарининг қабрини зиёрат қилишга Аллоҳ таоло изн берганида, бориб зиёрат қилганлар. Қабрлари тепасида йиғлаганлар. Умар розияллоҳу анҳу “Сизни нима йиғлатди, Расулуллоҳ?” – деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: фарзанднинг онасига бўладиган меҳрибонлиги йиғлатди”, – деб жавоб берганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни эшитган ва кўрган нарсаларимиздан ибрат оладиган ва ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказадиган бандаларидан қилсин.

Ҳусниддин БАЙНИЯЗОВ

 “Қорабоғ” жоме масжиди бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Вторник, 03 Апрель 2018 00:00

Сиз бойсиз, фақир эмассиз!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ўзингиздан қуйидагиларга назар солинглар. Ўзингиздан юқоридагиларга назар солманглар. Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизга берган неъматини паст санамаслигингиз учун лойиқ ишдир”. Муслим ривояти.

Бу буюк мулоҳаза, кучли фикр, тўғри кўрсатма ва энг тўғри қарашдир.

Биз одамларнинг аҳволига назар солсак, уларнинг кўпларини муваффақиятсизликка учраган, безовта яшаётган, машаққат ичра ёнаётган, бахтсизликка дучор бўлган ҳолдалигини кўрамиз. Буларнинг барига сабаб – уларнинг ўзларидан юқорироқ кишига назар солишлари, бошқаларнинг қўлларидаги нарсаларга кўз тикишларидир. Улар ўша пули кўп, ўзларидан пулдорроқ кимсаларни бахтли инсонлар деб ўйлашади. Ўзларини эса ҳеч вақоси йўқ бахтсизлар деб ўйлашади. Шу ўйларининг акси нафсларида кўринади. Натижада улар Роббиларига кам шукр қиладилар ва ўзларини яхши танимайдилар.

Албатта, инсон, гарчи, қўлида кўп пул, зийнат бўлмаса-да, бахтли, бой яшай олади. Чинакам бахт – қалбнинг бахтли бўлишидир. Хурсандлик – нафс хурсандлигидир. Неъматнинг барчаси диндадир. Бахт иймон билан мукаммал бўлади. Ҳаётда масрур бўлиш учун ўша ҳаётга чиройли кўз билан қараш ва яшаш санъатини яхши билиш керак бўлади. Агар киши оз нарсага қаноат қилса, кўп нарсага шукр қилса, бор нарса сабабли хурсандликдан ўзини йўқотмайди, йўқотгани учун маҳзунликдан ўлиб қолмайди. Ҳар бир бандага Аллоҳ неъмат берган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: 

  قُلْ هُوَ الَّذِي أَنشَأَكُمْ وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ قَلِيلاً مَّا تَشْكُرُونَ

“Сен: “У сизларни йўқдан бор қилган ва сизларга эшитиш, кўриш ва ақлни берган зотдир. Жуда ҳам оз шукр қиласизлар-а?!” деб айт” (Мулк сураси, 23-оят).

 

أَلَمْ نَجْعَل لَّهُ عَيْنَيْنِ

“Биз унга икки кўзни бермадикми?”

 

وَلِسَاناً وَشَفَتَيْنِ

“Ва тилни ва икки лабни (бермадикми?)”

 

وَهَدَيْنَاهُ النَّجْدَيْنِ

“Ва Биз уни икки: (яхши ва ёмон) йўлга йўллаб қўйдик” (Балад сураси, 8-10-оятлар).

Киши, мартабаси қандай бўлишидан, имконияти қанчалик бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ азза ва жалланинг унга берган неъмати улкандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ الإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ

“Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир” (Иброҳим сураси, 34-оят).

Инсон эрталаб ўз уйидан жисми соғ, ақли саломат, аъзолари бус-бутун ҳолда чиқиши, нафас чиқарганда зарарли газларнинг чиқиб кетиши, хушбўй ифорли гулларни ҳидлаши бахт эмасми?!

Қуёш нуридан баҳра олиб, унинг чиқиш-ботишини кузатиб, тили билан равон сўзлаётгани,  гапиришга қодирлиги, бошқалар билан мулоқот қилаётгани, ўз ҳожатини гап орқали қийналмай билдираётгани, ичидаги кечинмалари ва сирларини ташқарига чиқара олаётгани, атрофдаги овозларни, сўзларни эшитаётгани, азон садосини эшитиб, Қуръон тиловатини тинглаётгани катта бахтдир!

Соғлом оёқлари борлигидан хурсанд бўлади, бақувват қўллари борлигидан севинади, чиройли фикрлаши билан қувонади, ақли бутунлиги, хатти-ҳаракатлари бир-бирига мутаносиблиги, атрофида ўраб турган табиат манзарасини кўриб завқланиши, сайроқи қушлар ноласидан димоғи чоғ бўлиши, иссиқ тараётган Қуёшни, тунда нур сочаётган Ойни, осмонга зийнат бўлиб турган юлдузларни, осмонўпар тоғларни, шарқироқ дарё ва сойларни, ям-яшил далаларни, турли-туман жонзотларни кўриб завқланаётгани унинг саодатидир.

Киши ўз фарзандлари билан, ака-укалари билан, аёли, ота-онаси, қариндошлари билан, дўстлари билан бахтлидир. Шуларнинг бари саодат, хурсандчилик эмасми?!

Сиз миллионлаб бебаҳо неъматларга эгасиз, лекин буни ҳис қилмайсиз. Агар ҳис қилмоқчи бўлсангиз, кўзингизга назар солинг. Кўзингизни миллион долларга сотасизми? Оёғингизничи? Балки, уни сотарсиз? Қулоғингизни миллион долларга сотасизми? Қўлингизничи? Фарзандларингиздан бирортасини миллиард долларга берасизми? Ошқозонингизни берсизми шу нархга? Эҳтимол, тилингизни берарсиз? Юрагингизни миллиард долларга берарсиз? Йўқ! Асло бермайсиз! Бу ишни ҳеч қачон қилмайсиз! Демак, сиз бебаҳо давлатга эгасиз!

Ўйлаб кўринг, сизда миллиард у ёқда турсин, триллион долларга ҳам сотилмайдиган бебаҳо неъматлар бор.

Сиз бойсиз, камбағал эмассиз!

Сиз бахтлисиз, бахтсиз эмассиз!

Агар инсон Аллоҳнинг унга берган неъматлари ҳақида ўйлаб кўрса, ҳеч қачон ҳаётидан нолимайди! Йўқчилик ҳақида ўйлаб ўзини сиқмайди! Ўзидан пули кўпроқ кишиларга қараб, ўзини бахтсиз ҳис қилмайди!

Бир киши тижорат ишини бошлади. Бироз муддат ўтиб, тижоратида банкротга учради. Барча тажрибалари бекор бўлди. Оғир қарзга ботди. Йирик муамммога рўпара келди. Юраги сиқила бошлади. Яшаши қийинлашиб кетди. Бир куни тушкун кайфиятда, қалбини ғам эгаллаган, ҳаётини безовталик қамраб олган ҳолда йўлда кетиб бораётса, икки оёғи кесилиб, ногиронлик аравачасини икки қўли билан бошқариб, йўлни кесиб ўтаётган бир кишини кўриб қолди. Сиқилган одам ўша ногиронлиги бор кишига яқинлашганда, у юзида табассум билан: “Хайрли тонг! Бу тонгнинг гўзаллигини қаранг! Бугун жуда бахтли кун, шундай эмасми?!” деди. Сиқилиб бораётган киши ўз аҳволидан уялиб кетди. Ўзини ўнглаб олди, ҳимматини баланд тутган ҳолда: “Алҳамдулиллаҳ, албатта, менинг соғлом оёқларим бор. Улар билан юра оламан, сайр қила оламан. Шундай бўлгач, нега ғам қилишим керак?! Нега безовта бўлишим керак?! Мен бу киши эга бўлмаган бебаҳо бойликка эгаман-ку!” деди.

Инсон – ҳаёти бахтга тўлиши учун – ўзидаги бор нарсаларни санаши керак, йўқ нарсаларни эмас. Қўлга киритган ютуқларига назар солиши керак, кўрган зарарларига эмас. Ҳатто ўша мусибат ва зарарларнинг ҳам ижобий томонини, ҳикматини кўра билиши керак. Албатта, улар ҳам ҳикматдан холи эмас! Ҳикмати ҳам, ижобий тарафи ҳам бўлмаган тақдирда, ўша машаққатларга сабр қилса, ажр бор-ку!

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида шундай деган: 

 أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً وَمِنَ النَّاسِ مَن يُجَادِلُ فِي اللَّهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَلَا هُدًى وَلَا كِتَابٍ مُّنِيرٍ

         “Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор”. (Баъзи одамлар ўзларида ҳақиқатни исбот қилувчи илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ ҳақида тортишаверадилар. Тўғри йўлга бошловчи ҳидоятчилари бўлмаса ҳам, Аллоҳ хусусида баҳслашаверадилар. Турли бўлмағур фикрларни айтадилар. Унга куфр келтирадилар. Унга ширк келтирадилар.) (20-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам очлик сабабидан қоринларига тош боғлаб юрганлар. Бир ой, икки ой уйларида қозон қайнамас, олов ёқилмас эди. Кўпинча у зотни очлик уйларидан чиқарарди. Саҳобалари ўлдириларди. Эргашувчиларининг баъзилари эзиб ташланарди. Кўплаб яқинларини, яхши кўрган инсонларини йўқотганлар. Катта-катта фалокатлар тушар эди у зот алайҳиссаломнинг бошларига. Мусибатлари етарли эди. У зотнинг чопағон маркаблари, ҳашаматли уйлари бўлмаган. Шундай бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломга:

 

وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ

“Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган:

 

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً

“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

У зот алайҳиссалом бўйра устида ухлаган бўлсалар, бўйрадан қолган из юзларида кўринган бўлса, қайси неъмат ҳақида гап кетяпти?!

Неъматлар борасида гап кетар экан, фақатгина моддий тарафига қаралмайди. Бу ерда шундай улкан неъмат бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадамлари шишиб кетгунича намозда қоим бўлишлари ҳақида сўралганда, у зот алайҳиссалом: “Кўп шукр қилувчи банда бўлмайминми?!” деб жавоб берганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

У зот алайҳиссалом энг бахтли инсон бўлиб яшадилар. Ўзларини ҳам, атрофларидаги мўминларни ҳам бахтиёр этдилар. Ваҳоланки, у зот алайҳиссалом дунё бойликларидан озгина нарсага ҳам эга эмасдилар. Неъмат фақатгина мол-дунё, олтин-кумуш, зебу зийнатлар билан бўлмайди. Иймон неъматдир! Неъмат бўлганда ҳам энг буюк неъматдир! Ҳаёт ҳам неъмат! Соғлом тана аъзолари ҳам неъмат! Ақл ҳам неъмат! Ибодатга муваффақ бўлиш ҳам неъмат!

Ривоят қилинишича, бир банда Аллоҳ таолога беш юз йил ибодат қилибди. Қиёмат куни тўхтатилади. Аллоҳ таоло: “Бу бандамни жаннатга Менинг раҳматим билан киритинглар!” деб амр қилади. Шунда ҳалиги банда “Амалим билан кираман” дейди. Аллоҳ таоло: “Бандамга берган неъматим билан қилган амалини ўлчанглар!” деб амр қилади. Шунда кўз неъмати унинг беш юз йиллик ибодатини қамраб олади. Танасидаги қолган барча неъматлар эса Аллоҳнинг унга фазли бўлади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандамни дўзахга киритинглар!” деб амр қилади. Уни дўзахга судралади. Шунда ўша банда “Роббим! Раҳматинг билан мени жаннатга киритгин!” деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Уни қайтаринглар!” деб амр қилади. Бас, Аллоҳ таоло уни раҳмати билан жаннатга киритади”.

Ҳаётдан хурсанд бўладиган инсон шу хурсандчилиги сабабли қуввати зиёда бўлади. Натижада у жиддий ишларга, ишлаб чиқаришга, гўзал натижаларга эришишга имконияти бўлади.

Хўш, ҳаёт нима? Унинг қиймати нима? Дунё нима? Унинг аҳамияти нима? Агар Аллоҳ таолонинг наздида дунёнинг пашшанинг қанотича қадри-қиймати бўлганда, кофир кимсага бир қултум ҳам сув бермас эди. Дунё ўткинчи босқич, қисқа сафардир. Инсон шу дунёни деб ўзини қийнашига, изтироб чекишига бу дунё арзимайди. Чунки, дунёнинг ҳаромдан топилганига охиратда азоб бор, ҳалолдан топилганига эса ҳисоб бор. Дунёда моли кўплар охиратда насибаси озлардир. Аммо ким молидан яхши ишларга сарф қилса, садақа қилса, улар бундан мустасно. Аммо бундайлар жуда оз бўлишади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 

   قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ

“Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”. (Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.) (Юнус сураси, 58-оят).

Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳнинг оёқларига қорасон келганда, табиблар уни кесиб ташлашди. Кейин кесилган оёқларига назар солиб, “Аллоҳ биладики, мен сен билан маъсиятга юриб бормаганман” дедилар. Ўша куни фарзандларидан бири вафот этди. Шунда Роббиларига бундай деб нидо қилдилар: “Эй Аллоҳ! Қилган ҳукминг учун Ўзингга ҳамд бўлсин! Менинг тўртта аъзойим (икки оёқ ва икки қўлим) бор эди. Биттасини олиб, учтасини қолдирдинг. Менинг тўртта ўғлим бор эди. Биттасини олиб, учтасини қолдирдинг. Берган неъматинг учун Ўзингга ҳамд бўлсин! Қилган ҳукминг учун Ўзингга ҳамд бўлсин!”

Қодисийя жанги бўлган куни инсонлар бир кишининг ёнидан ўтдилар. Унинг икки қўли ва икки оёғи кесилган эди. У кулган ҳолда: 

وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً

“Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!” (Нисо сураси, 69-оят) оятини ўқир эди.

Бир киши беморни кўргани кирди. Беморга жуда катта касаллик келган эди. Кўргани кирган одам ундан: “Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?” деб сўради. Шунда бемор: “Унинг менга берган офиятини менга келган балодан кўпроқ ҳис қиляпман. Менга берган неъмати мен санолмайдиган даражада кўпдир” деди-да, йиғлаб юборди. Оғриқдан қийналаётган нафсимга Роббим сабр аҳлига қилган ваъдасини эслатиб тасалли беряпман” деди.

Бундай қиссалар жуда кўп. Улар неъматнинг ҳақиқатини англаган, сабрнинг улкан неъматлигини ҳис қилган, ажрининг кўплигини ўйлаган зотлар ҳақидадир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: 

ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ

“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар”. (Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми - сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.) (Такосур сураси, 8-оят).

Биз бу мақолада кўплаб инсонларга Аллоҳга шукр қилишлари лозимлигини эслатмоқчи бўлдик. Ўша инсонлар ўзларидаги кўп неъматларни ҳис қилмай, моддий дунёнинг қўлдан кетганига сиқилиб, ҳаётларига маҳзунлик ва ғамни жалб қилган, молу давлат борасида ўзларидан устунроқ бўлган кишиларга назар соладиган, уларнинг қўлларидаги нарсага кўз тикадиган, ўзларини маҳрум, бахтсиз деб ўйлайдиган, кўп неъматлар ичида эканликларини англамай, бахтли яшашлари учун қанча-қанча имкониятлари борлигини ўйламайдиган кимсалардир.

Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойлик молнинг кўплиги эмас, лекин чинакам бойлик нафснинг тўқлигидир” деганлар.

Аллоҳнинг бизга берган улкан неъмати бўлмиш – иймон неъматига шукр қилайлик. Соғлом тана аъзолари учун шукр қилайлик. Чунки, шукр неъматнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Эй Роббим! Бизни неъматларингга шукр қилувчи, карамингни эътироф этувчи, атоларингнинг қадрига етувчи, берган нарсаларинг билан шодланувчи, тақсимлаб берганингга рози бўлиб, ўзини бой ҳисобловчи бандаларингдан қилгин!

Шукр қилувчиларнинг имоми бўлган зотга, у кишининг оила аъзоларига ва саҳобаларига саловот ва саломларингни юборгин!

 

 

Доктор Носир Заҳронийнинг “Анта ғониййун ва ласта фақийрон” номли мақоласидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top