muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 24 Март 2018 00:00

Бугулмада муножот фестивали

Бугун Бугулмада VI “Зайтуна” анъанавий диний муножотни ижро этиш фестивали ўтказилмоқда

Унда Татаристон, Бошқирдистон республикалари, Самара ва Оренбург областларидан 7 ёшга тўлган ва катталар қатнашмоқда. Иштирокчилар “якка ижрочилик” ва "ансамбль" тартибида беллашади. Ижрочилар акапелло (мусиқасиз ижро) кўринишида куйлашади.

“Якка тартибдаги ижрочилик”да иштирокчилар учта ёш хусусиятига кўра баҳолаб борилмоқда: 7 ёшдан 12 ёшгача, 13 ёшдан 17 ёшгача, ўн саккиз ёшдан ва ундан катталар. “Ансамбль» номинациясида мактаб ўқувчиларининг (2 тадан 8 кишигача) икки гуруҳи ва 18 ёшга тўлганлардан катталар қатнашмоқда.

Ғолибларни қимматбаҳо совғалар кутмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Яқин ойлар ичида Сингапурда биринчи Ислом коллежи очилади. Сингапур ҳукумати Миср, Иордания, Туркия, АҚШ ва Канада давлатларига ушбу давлатларда ислом ўқув юртларида дарслар қандай ташкил этилганини ўрганиш учун делегация юборди.

Сингапурнинг мусулмонлар ишлари бўйича вазири Яқуб Иброҳим таъкидлашича, Ислом коллежи ёш авлодни тарбиялаш, уларда Сингапурнинг кўпконфессияли маданиятини англаш кўникмасини шакллантиришга муносиб хизмат қилади.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Увайс Қаронийнинг эришган барча даража-ю мақомлари онасига қилган яхшлик туфайли эканини ҳаммамиз яхши биламиз.

Увайс Яман ўлкасида туя боқиб, тирикчилигини зўрға ўтказаётган камбағал бола эди. Унинг қари онасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Камбағалликка жуда ҳам камбағал эдилар, лекин Увайснинг кучли, агар қиёслаш керак бўлса тоғдек иймони бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида яшаб, у муборак зотни кўрмасдан Ислом динини қабул қилиб, мусулмон бўлган зотлардан эди.

У яшаган қишлоқда уларнинг оиласидан ташқари ҳамма одамлар бутларга сиғинар эди. Увайс эса кўп вақтини чўлларда туя боқиш билан ўтказиб, ибодат билан шуғулланарди.

Вақт ўтиб унинг ёши қирққа етади, онаси ҳам анча қариб қолади. Увайс бу орада тоату ибодатда юксак даражаларга эришади, унинг дарвешона ҳолу ҳаёти, Ислом динига бўлган муҳаббати, айниқса, замонанинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллолҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббати туфайли одамлар унга Увайс деган тахаллус берадилар ва шу ном билан чақирадиган бўлишади. Шундай бўлса-да, у ўзини тўлиқ бахтли деб ҳисобламас эди. Чунки Пайғамабаримиз соллаллоҳа алайҳи васаллам билан бир замонда яшаётган бўлса ҳам улардан жуда ҳам узоқда яшар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнининг муборак дийдорларини бир марта бўлса ҳам кўриш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш унинг энг катта орзусига айланган эди. Фақат қари онасини қандай қилиб танҳо ташлаб Мадинага бориш уни кўп ўйлантирарди. Сабаби онасига қарайдиган бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Аҳволи муълум бўлса-да, бир куни Увайс бу ҳолига ортиқ чидолмасдан, онасининг олдига тиз чўкиб:

 Онажон, бошқа чидолмайман, қисқа фурсатга сизни танҳо қолдирсам ҳам Пайғамбаримизни бир марта кўриб келишимга русат беринг! – дейди.

 Ўғлим, бу қари онангни кимга ташлаб кетасан? – деб сўрайди онаси. 

 Тезда бориб қайтаман, кўп вақтим кетмайди, – дейди Увайс.

Онаси бироз қайғу аралаш табассум қилиб:

 Менинг фариштагинам! Пайғамбар ишқи сенинг ақлинги олиб қўйибди-ку. Бу ердан Мадинага минглар чақирим йўл бор. Сенинг йўлчилигингга ҳафталар кетади. Қолаверса, пиёда боришингга тўғри келади, миниб боришга на туянг, на бирорта отинг бор. У иссиқ чўлларда ош-овқатсиз, сувсиз юришга қандай чидайсан?

 Пайғамбаримизни бир марта кўриш учун ҳар қандай қийинчиликни бошимдан ўтказишга тайёрман, онажон. Фақат сиз рухсат берсангиз бўлди, – дейди Увайс.

Фарзандининг аҳволини кўрган онаси чорасиз қолганидан:

 Бўпти ўғлим, шунчалик кўришни хоҳламоқда экансан, рухсат бераман, фақат, битта шартим бор, – дейди.

Онасининг бу сўзларини эшитганидан хурсанд бўлиб кетган Увайс унинг қўлларини ўпиб:

 Шартингиз бошим устига онажон, айтинг у нима экан? – деб сўрайди.

 Мадинага борганингда тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бориб, эшикни тақиллатасан. Агар Пайғамбаримиз уйларида бўлсалар кўрасан, дийдорларига тўясан, мабодо уйларида бўлмасалар кутмасдан яна ортингга қайтиб келасан. Кутиш йўқ, бўладими? – дейди онаси.

 Хўп, бўлади.

 Сўз берсанми?

 Албатта.

 У ҳолда сенга рухсат, йўлинг равон бўлсин! – деб онаси оқ фотиҳа беради.

Шундай қилиб, Увайс йўл тадорикини кўриб, сафарга чиқди. Ҳафталаб бепоён чўлу биёбонларда юрди, чарчоқ нима билмади, оч қолди, чанқади, терлади ва қумли бўронлар остида қолди. Лекин буларнинг бирортаси уни ўз йўлидан қайтармади. Ундаги Расулуллоҳга бўлган муҳаббат олови ҳамма нарсадан устун эди. Натижада бир куни эрталаб Мадина шаҳрига етиб келди. Сўраб суриштириб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатларини топади. Келиб, секин эшикни тақиллатади. Эшикни Ойиша розияллоҳу анҳо онамиз очадилар. Увайс  ҳаяжон билан салом-аликдан сўнг:

– Расулуллоҳ уйдамилар? – деб сўрайди.

Ойиша онамиз бу одамга ҳайрон бўлиб қарайдилар ва оҳиста:

 Сен ким бўласан? – деб саволга савол билан жавоб қайтарадилар.

 Туя боқувчиман. Расулуллоҳни кўргани келдим. 

 У ҳолда сен бу ерлик эмасман.

 Ҳа шундай, Ямандан келдим!

Ҳайратланган Ойиша онамиз Увайсдан:

 Ямандан шу ергача, фақат, Пайғамбарни кўриш учун келдингми? – деб сўрадилар.

Увайс боши билан “ҳа” деган ишорани билдирди. Қалби эса ҳаяжондан отилиб чиқай деб турганди. Чунки ҳозир бир умр орзиқиб кутган, жонидан-да ортиқ кўрадиган, севгили инсонини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. Неча йиллардан буён айнан мана шу кунни, худди шу лазҳаларни кутиб яшаганди. Ва ниҳоят бу онлар етиб келган эди. У бунга ишонмас, ҳаяжонини яширолмас эди. Бироқ…

 Пайғамбаримиз масжидда эдилар, бориб кўрсанг ҳам бўлади, агар шу ерда кўрмоқчи бўлсанг кутишингга тўғри келади, – дейдилар онамиз.

Бу гапни эшитган Увайснинг юзи сарғайиб кетади, ақл-ҳушини йўқотиб қўяй дейди, шошилиб қолади, эшитганига ишонмайди, кўзлари мўлтиллаб қараб қолади, титроқли овозда:

 Расулуллоҳ уйда эмасмилар? – деб қайта сўрайди.

 Йўқ. 

Дунё Увайснинг кўзига қоронғу бўлиб кетади, шундай баҳайбат, серсоқол одам бирданига ҳўнг-ҳўнглаб йиғлаб юборди.

 Нега йиғлаяпсан?

Увайс ғамнок овоз билан:

 Онамга сўз берган эдим. Агар Расулуллоҳ уйларида бўлмасалар ҳеч қаерга бормасдан, дарҳол ортимга қайтиб келаман деб айтгандим, мен энди ортимга қайтиб кетишга мажбурман, дейди.

 Ҳазрат Пайғамбаримиз келганларида ким деб айтайлик? – дейдилар Ойиша онамиз.

 Отим Увас, – дейди йиғлаб Увайс Қароний. 

Кейин:

 Сиздан илтимос, Расулуллоҳга менинг саломимни етказсангиз! – ёлвориб сўради онамиздан. – Кўришиш охиратга қолди! Иншооллоҳ Аллоҳ жаннатда бизларни кўриштиради, – деб Увайс йиғлаб-йиғлаб Мадинани тарк қилади.

Бироз муддатдан сўнг уйларига келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшикларида Увайснинг нурини кўриб:

 Эй Ойиша, Увайс келган экан, у мен билан шу фоний дуёнда дўстлашмоқчи бўлган эди. Ваҳоланки, у мени бу дунё кўзлари билан кўрмайди. Аллоҳ уни имтиҳон қилиб катта мукофот беради, – дейдилар.

Увайс Қароний шу маҳзун ҳолича, ҳижрон қайғусида йиғлаб-йиғлаб яна Яманга қайтиб келади ва онасининг оёқлари остига йиқилиб:

  Эй онажон, Расули акрамни кўролмадим, дийдорларига тўёлмадим. Масжидга кетган эканлар, сизга берган ваъдамга мувофиқ қайтиб келдим. Бу қандай ҳолат эканки, шунча йўл босиб борсам ҳам мақсадимга эришолмадим?

Онаси жигарпорасининг бу ҳолини кўриб:

 Кўп қайғурма болагинам, Пайғамбаримизни энди барибир охиратда кўрасан. Менинг ризоимни олганинг учун қиёмат куни Ўзлари сенга шафотачи бўладилар иншооллоҳ, – дейди. (Шарҳи Аҳмадия) 

Гарчанд Пайғамбарни кўриш истаги Увайс Қаронийнинг бир умрлик орзуси бўлган эса-да, онасига берган ваъдасига вафо қилди. Чунки у Ислом динида онанинг ҳаққи қандай муқаддас ва юксаклигини яхши биларди. Онани ранжитиш Аллоҳнинг ғазабини келтириш эканини ҳам жуда яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам у ҳеч қачон бундай қилмасди. У ҳақиқий мусулмон эди. Онасини рози қилиб жуда ҳам катта ажру савобга муяссар бўлди. Ҳали ҳаётлик пайтидаёқ ҳеч кимга насиб қилинмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта илтфотларига сазовор бўлди, вафотларидан олдин муборак ҳирқаларини Увайсга ҳадия қилдилар. Бу эса Увайснинг ҳам бу дунёдаги ҳам охиратдаги юксак даража ва мавқеидан далолат берар эди.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Инсон одобининиг энг муҳим кўринишларидан бири бу – илмни ҳурмат қилишидир, илмни ҳурмат қилган киши эса, албатта, устозини ҳурмат қилади.

 الادب مال واستعماله كمال

Одоб-бойлик, уни ҳаётда қўллаш-комилликдир. Чиройли одоб, киши хулқи инсонга берилган энг катта неъматлардан биридир. Чиройли одобга эга бўлган одам ўша хулқидан ишлата билиши, яъни одамлар билан яхши муомала қилиши, очиқ кўнгил, меҳрибон ўз навбатида, ақилли, уддабурон бўлиши ва бошқа сифатларни кўрсата билиши комиллик, етуклик белгиси ҳисобланад. "Сизлар одамларни мол-дунёларингиз билан мамнун қила олмайсизлар, балки очиқ юз ва яхши хулқларингиз билан миннатдор қилишларингиз мумкин", дейилади ҳадисда. Зеро, илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш одобли кишиларнинг фазилатларидандир. Шу билан бирга бир-бирига нисбатан яхши муомалада бўлмоқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тута билмоқ, ўзгаларни ҳам ўзидек ҳўрмат қилмоқ инсон одобининиг асослари ҳисобланади.

Ризоиддин ибн Фахриддин "Аҳли аёл" китобида ёзади: "Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқига қараб билунур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўтабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласинининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадир. Шунининг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак. Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун ҳам зарур, бироқ қизлар учун кўпроқ зарурдир. Ахлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас. Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, унда барча яхши хулқлар жам бўлади".

Абдуллоҳ ибн Умар разиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в ансорлари олдидан ўтаётган эдилар, бир ансорий биродарига уялишдан қайтариб насиҳат қилиб турган эди. (Яъни жуда қаттиқ ҳаёли бўлма! Ўзинга қийин бўлади, деб). Расулуллоҳ с.а.в "Буни ўз ҳолига қўйгин. Чунки ҳаё иймондандир", дедилар (Имом Бухорий. Муслим ривояти). 

Умар ибн Хаттоб (р.а): "Аввал одоб, сўнг таълим беринглар", дедилар. Абу Абдуллоҳ Балхий: "Нафснинг одоби илмнинг одобидан кўпроқ, илмнинг одоби илмниниг ўзидан каттароқ", деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: "Агар менга, бир кишида аввалгилару охиргиларниниг илми бор, деб сифатлашсаю, унда одоб бўлмаса, у билан учрашмаганимга афсусланмайман, агар бир киши ҳақида нафс одоби бор деб эшитсам, унга йўлиқишни орзу қиламан, учрашмасам афсусланаман" (Абу Лайс Самарқандий. Бўстонул орифин)/

Ибн Сино инсон ҳаёти тўғрисида шундай деган: "Инсонда доим турадурғон ҳусн ила латофат ҳаё ила ибодур. Ҳаёсиз юз жонсиз жасад кабидир". Абу Наср Фаробий эса инсон ўзининг яхши одоби билан бахт-саодатга эришиши мумкин, дейди. Ўтган асримизнинг йирик маърифатпарварларидан бўлмиш Абдулла Авлоний инсон баркамоллиги унинг ақли, жисмоний соғломлигида ҳамда одоб ва хуш хулқида, деб билади. Абдулла Авлоний ахлоқ-бу хулқлар мажмуасидир, Аммо яхши хулқ ўз ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия кераклигини айтади. Тарбияниниг бола камолатида тутган ўрни тўғрисида шундай дейди.

Темирчининг боласи тарбия топса бўлар олим,

Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса ҳам, бўлғуси золим!

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, одоб - миллатимиз кўрки, ҳаётимизниниг мағзидир деган хулосага келиш мумкин.          

     Имомиддин БОБОҚУЛОВ,

 Мир Араб олий мадрасаси талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Поп туманида яшовчи Аъзамжон Тошматов (исми-шарифи ўзгартирилган) Корея Республикасига 2000 йилларда ўқишга бориб, бу ердаги олий ўқув юртида таҳсил олиш жараёнида диний экстремистик оқим аъзолари билан билиб-билмай мулоқотга киришиб қолади. Ҳаётидаги бу ўзгаришлар Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўрганилиб, унга жиноий қидирув эълон қилинади.
ЎзА хабарига кўра, бундан хабар топган Аъзамжон ўзи билан боғлиқ барча материалларни Ўзбекистон томонига тақдим этади. Аммо тайинли жавоб ололмагач, Ватанга қайтмасликни ягона чора сифатида қабул қилади ва Кореяда меҳнатини давом эттиради.
Фуқаро 2017 йилда Давлат раҳбари Шавкат Мирзиеёвнинг диний эътиқод ва ҳуқуқлар борасидаги сиёсатидан хабар топиб, порталга хат билан мурожаат қилади. Шундан кейин уни қийнайдиган муаммо атрофлича кўриб чиқилади ва она юртига қайтса, жиноий тақиб қилинмаслигига ишончи уйғонади.
Иқтисод фанлари доктори бўлган йигит нафақат диний оқимларга мансублик рўйхатидан чиқарилди, балки ундан мамлакат тараққиёти учун ҳисса қўшиш борасида таклиф ва мулоҳазалар билан иштирок этиш имконияти яратилди.
– Очиғи, ўзга юртларда сарсон-саргардонликдан ортиқ азоб-изтироб бўлмаса керак, – дейди А.Тошматов. – Икки нафар фарзандим Кореяда туғилди. Президент хориждаги ёшлар ҳам Ўзбекистон тараққиёти учун ўз илми, билими ва тажрибаси билан хизмат қилса, барча шароитларни муҳайё қиламан деган мурожаати қалбимга катта ўт ёқди. Ватанимга қайтгач, тергов жараёнларида барча нарсага ойдинлик киритилди. Ҳозир пойтахтдаги энг нуфузли олийгоҳда меҳнат қилаяпман. Шу билан бирга инвестициялар бўйича давлат дастурлари лойиҳаларига жалб қилинганман. Таълим соҳасини такомиллаштириш бўйича ҳам лойиҳа тайёрлаяпман. Олиб борилаётган барча ислоҳотларни нафақат қўллаб-қувватлайман, балки сидқидилдан ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.
Наманган вилояти Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан ана шундай оилалардаги муҳит ҳам ўрганилмоқда.
Айни пайтда давом этаётган шундай кўлами кенг тадбирлар давомида 3-республика ишчи гуруҳи тумандаги “Уйғур” МФЙда бўлиб, 115 та хонадонга кирди ва 131 та муаммони аниқлади. 6-гуруҳ “Пиллакаш” МФЙда 350 та хонадонда бўлиб, 250 та муаммони аниқлади. 13-гуруҳ “Юқори Хонабод” МФЙдаги 204 та хонадонда бўлиб, 150 та муаммони аниқлади.
Ўрганиш давомида тўпланган материаллар Республика ишчи гуруҳи штабига тақдим этилмоқда. Шу ернинг ўзида муаммолар бартараф этилиш чоралари кўрилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top