muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар берганимиздек, 2018 йил 2 апрелдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида  “Араб тили” фани бўйича навбатдаги пуллик ўқув курси ўз фаолиятини давом эттиради.

Қабул жараёнлари 24 март куни соат 17:00 га қадар давом этиб, тингловчилардан ўқув курсларида ўқиши учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

– ректор номига ариза;

– соғлиги ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл);

– паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);

– 4 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);

– яшаш жойидан маълумотнома;

Эслатиб ўтамиз, “Араб тили” фани бўйича ўқув курслари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги яна 10 та таълим муассасаларида ҳам ташкил этилган.

Ўқув машғулоти тўлови 1 нафар тингловчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида белгиланди.

Ўқув курси бўйича ўзингизни қизиқтирган саволлар юзасидан институтнинг қуйидаги +99871 227-42-37, +99871 240-03-58 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов

ЎМИ Матбуот хизмати

 

23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида шу йил 9 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари давомида берган топшириқлари юзасидан, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, Шайх ҳазратлари динимиз ривожи йўлида бор куч-қувватларини сарфлагани, 1990 йилда диёримиздан беш юз нафар кишини ҳаж зиёратига олиб боргани, 120 дан зиёд номдаги диний-маърифий китоблари нашр этилгани ҳақида билдирдилар.
Жорий йилнинг 9 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари асносида ушбу ҳудудда барпо этилаётган масжидга Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф номини бериш ташаббуси эл қалбидаги айни муддао бўлди. Ушбу масжидни ҳашаматли қилиб бунёд қилиш, унинг ёнида музей ташкил этиш, масжид ёнида анжуманлар зали барпо этиш, уламолар, олимлар ва дин арбобларини жамлаб, халқаро анжуман ўтказиш каби вазифалар ҳақида муфтий ҳазратлари алоҳида таъкидладилар.
Сўзга чиққан Шайх ҳазратларининг қадрдонлари Зоҳиджон Қодиров, Имом Термизий халқаро маркази директори Убайдулла Уватов, укалари Муҳаммад Амин домла Муҳаммад Юсуф Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари энг оғир даврда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлари тўғрисида сўз юритишди. Шайх ҳазратларининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд экани, ўзларининг кучли илмлари, ҳикматли сўзлари ва ибратли амаллари билан динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб ташкил этганлари эътироф қилинди.
Ушбу тадбирга ҳамоҳанг равишда “Ҳилол нашр” нашриёти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида юртимизда илк бор чоп этилган Қуръони каримнинг ўзига хос нусхасининг тақдимот маросими ҳам ўтказилди. Ушбу Мусҳафи шариф нашри юқори илмий савияда, жаҳон андозаларига жавоб берадиган шаклда “Ҳилол нашр” нашриётида чоп этилгани ва ушбу Мусҳаф Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриёти билан келишувга биноан, Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия хулосаси асосида Диний идора ҳамкорлигида нашр этилгани алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон муаммосига бағишланган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий ўзаро алоқалар» мавзусида конференция бўлиб ўтади. Тадбирда 20дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.

Хусусан, Тошкентга Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистонга кўмак кўрсатиш бўйича миссияси раҳбари Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий комиссари Федерика Могерини келади, дея хабар беришган давлат раҳбари матбуот хизматидан.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф, Покистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асифнинг иштироки тасдиқланди.

Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари делегацияларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Манба: https://kun.uz

Аввалроқ, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган “Ҳилол нашр” нашриёт-матбаасиида илк бор Қуръони карим нашр этилиши ҳақида хабар берган эдик. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тадбирда нашрга тайёрланаётган Қуръоннинг сотишга тавсия қилинган нархи ва адади бўйича маълумот берилди. Унга кўра, 50 минг нусхада Қуръони карим чоп этилиши ва унинг сотилиши учун тавсия қилинган нарх 31 минг сўм эканлиги маълум қилинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Яқиндагина мамлакатимизга Ҳиндистондан “Сунний маданият маркази” делегацияси ташриф бургани ва уларнинг Самарқанд, Бухоро сингари тарихий шаҳарларимизга сафар қилганлари ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу марказ ҳақида маълумот билан танишинг. 

1978 йилда асос солинган “Сунний маданият маркази” Ҳиндистондаги энг машҳур илмий ва ҳайрия ташкилоти бўлиб, унинг асосий биноси Керала штатининг маркази Каликут шаҳрида жойлашган. 

Марказ филиаллари дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан Форс кўрфази давлатлари, Европа ва Америкада, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Марказ қошидаги 50дан ортиқ муассасалар, хусусан Қуръон мактаблари, шариат коллежлари, меҳрибонлик уйлари, ўрта мактаблар, аниқ ва ижтимоий фанларга ихтисослашган колледжлар, малака ошириш институтлари, техник институтлар, тиббиёт институтлари, масжид ва шифохоналарнинг ҳам доимий тарзда жамият тараққиётига хисса қўшаётганлиги аҳамиятга молик. Бу даргоҳда ижтимоий-диний фанлар билан бир қаторда замонавий фанлар уйғунлигига катта эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда Марказнинг барча йўналишларида 200 мингдан зиёд талаба таҳсил олиб келмоқда. 

 

 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад Ҳиндистоннинг Керала штатида 1939 йилнинг 22 мартида таваллуд топган. 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад Ҳиндистондаги сунний мусулмонлар раҳнамоси, Бутун Ҳиндистон мусулмон уламолар бирлашмаси Бош котиби, Керала штатида жойлашган Сақофати Суннийя Маркази асосчиси ва ректори, шунингдек, Сунний ёшлар жамияти ҳомийси ва Керала Самаста сунний мусулмон уламолар ташкилоти Бош котиби ҳисобланади. 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад бошчилигида 23 та исломий мактаб, 2000 та масжид, 1650 та қудуқ, 26 та таълим муассасалари қурилди, ва ўз фаолиятини бошлади. 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад араб, инглиз, урду, тамил ва малаям талларида яратилган кўплаб диний асарлар ҳамда илмий мақолалар муаллифидир. У бир қатор миллий ва халқаро мукофотлар билан тақдирланган. 

Муҳаммад Абдул Ҳаким Азаҳарий Хиндистоннинг Керала штати, Каликут (Кожикоде) шаҳрида 1971 йил 20 февралда таваллуд топган. Устоз Абдул Ҳаким бошланғич таълимни Сақофати Суннийя Марказида бошлаб, кейинчалик докторлик даражасини Мисрдаги Ал-Азҳар университетида қўлга киритди. 

 

 

Муҳаммад Абдул Ҳаким Азҳарий «Сунний маданият маркази» биринчи директори, Ишаас ўрта мактаби, Озчилик таълими бирлашмаси ҳамда Ҳиндистон ҳайрия ва кўмак фонди бош директори, Илм шаҳри бошқарувчиси, Ҳиндистон ҳукумати урду тилини ривожлантириш миллий кенгаши, Керала Самаста исломий таълим муассасаси, Маслаҳат идораси ва Марказ ул-ҳуда карнатака ташкилотлари аъзоси, Ал-эҳсон таълим маркази президенти ҳисобланади. 

Доктор Азҳарий кўплаб халқаро учрашувлар ва анжуманлар иштирокчиси. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top