muslim.uz

muslim.uz

Среда, 04 Январь 2023 00:00

Ихтилофчиларнинг иш услуби

Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда, ихтилофни қўзиган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорлангандан кейин, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз нотўғри иш қилаётган эканмиз деб, ихтилофчига ергашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» дейди ва ҳоказо. Охири, одамлар орасида катта нохушлик содир бўлади.

 

Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрлаётган бўлади. Югурдаклар эса, ўзларига айтилган, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, башаралари кўпчилик ичида намоён бўлмоқда.

 

Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобни олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи ёзилган ва давомида: «Аммо бу гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!

 

Кейинчалик, маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзғаш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмоқда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда. Биз «ихтилофчилар» ва «Бемазҳаблар» деб атаётган мухолифларимиз кимлар?

 

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ. “Ихтилофлар сабаблар ечимлар" китобидан

2023 йил 4 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий ҳайъат аъзолари, Диний идора раҳбарияти, уламолар, мутахассислар ва мударрислар иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бошқа ишга ўтганлиги сабабли, унинг ўрнига Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов раис ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган раиснинг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига Тошкент ислом институти ректори вазифасида ишлаган Уйғун домла Ғофуров тайинланди.

Ушбу институт ректори лавозимига эса Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедраси мудири, доктор, профессор, Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим тайинланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Билингки, дин икки қисмдан иборат: биринчиси, гуноҳ ишларни тарк қилиш, иккинчиси тоатларни бажариш. Тоатларни бажаришга кўпчиликни қудрати етади, аммо гуноҳ ишлардан қайтиш анча мушкул вазифа бўлиб, бу кишидан ўта қатъий ирода ва жидду жаҳд кўрсатишни талаб қилади. Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳожир ёмонликларни тарк этган киши, мужоҳид эса ўзининг ҳавои нафси билан курашган кишидир,” деб марҳамат қилганлар.


Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда: “Мўмин киши ҳақида сизларга хабар берайинми, дедилар. Инсонлар ўзларининг моллари ва жонлари ундан омонда бўлган одам мўминдир. Инсонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган киши мусулмондир, мужоҳид ўз нафсига қарши Аллоҳнинг тоатида курашган, муҳожир эса – хато ва гуноҳларни тарк қилган кишидир”, деган эдилар. Бу ҳақда Ибн Можа ўзининг “Фитналар китоби”да ва бошқа лафз билан Имом Термизий “Жиҳод фазилатлари” китобида ривоят қилишган.


Билгинки, сен Аллоҳ таолога фақат тана аъзоларинг воситасида маъсият қиласан, ваҳоланки, улар Аллоҳ томонидан сенга берилган неъмат ва ҳузурингдаги омонатдир. Уларни гуноҳ ишларда ишлатишинг ўша берилган неъматларга нисбатан куфрони неъматнинг энг каттаси бўлади ва сенга топширилган омонатга хиёнат қилишда туғёнга кетишнинг энг чўққиси бўлади.


Сенинг аъзоларинг сенинг қўл остиндаги раъият ҳисобланадилар. Уларни қандай бошқаришга бир назар сол! “Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз.” (Ҳадис). Яна билгинки, ҳар бир аъзоинг Қиёмат куни сенга қарши тилга кириб халойиқ бошида сени фош қилиб гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нур сураси 24-оятида: “У кунда – Қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур” ва Ёсин сурасининг 65-оятида: “Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур,” деб марҳамат қилади.
Шундай экан, биз ожиз бандалар, бутун тана аъзоларимизни гуноҳу маъсиятлардан асрамоғимиз лозим.
давоми бор...

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Бидоятул ҳидая" асари.
Таржимон Р.Охунжонов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top