muslim.uz

muslim.uz

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

Яқинда мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Бруней транспорт вазирликлари ҳамда «Uzbekistan Airports» АЖ, «Marokanda Air» ва «Royal Brunei Airlines» авиакомпаниялари раҳбарлари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
1974 йилда ташкил этилган «Royal Brunei Airlines» Бруней Султонлигининг давлатга қарашли миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Бугунги кунда компания Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Европа, Австралия ва Океаниянинг 20 йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.
Музокаралар чоғида «Uzbekistan Airports» АЖ фаолияти, хорижий авиакомпанияларга бошқа давлатлардан йўловчи ва юк қатновларини ташкил этишда мавжуд имтиёз ва преференциялар, шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортида жорий этилган «Очиқ осмон» режими ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари, хусусан, «Royal Brunei Airlines» авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри ҳаво қатнавларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
«Royal Brunei Airlines» авиакомпанияси вице-президенти Илясь Рори Тео мамлакатимиз аэропортларини модернизация қилиш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича республикада кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Биринчи қадам сифатида Ўзбекистон ва Малайзия ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш орқали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш таклиф этилди. Икки давлат бозорларини ўзаро ўрганиш мақсадида республика авиакомпаниялари билан код-шер ёки интерлайн келишув асосида ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти қайд этилди.
Бруней Транспорт ва ахборот коммуникациялари вазирлигининг Авиацияни ривожлантириш департаменти бошлиғи Лайлатул Зурайда ҳам икки давлат авиация маъмурияти ва аэропортларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, зиёрат туризми, хусусан «Умра +» дастури доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш, аэропортлар ҳамда сайёҳлик объектлари инфратузилмаси билан танишиш учун Бруней Транспорт ва инфокоммуникация вазирлиги ҳамда «Royal Brunei Airlines» авиакомпанияси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати

Понедельник, 23 Январь 2023 00:00

Хорижийлар фитнаси

Мусулмонларнинг тўртинчи халифаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу даври Аллоҳ таоло ислом миллатини турли ихтилоф ҳамда қийинчиликлар билан синашни ихтиёр этган паллага тўғри келди. Али розияллоҳу анҳу халифалик мансабида тўрт йилу етти ой давомида турдилар. Али розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 40 йилида рамазон ойининг 16 куни эрталабки намозга масжиднинг эшигидан кираётган вақтларида Абдураҳмон ибн Малжам у кишининг қорниларига заҳарли қилич билан уради. Али розияллоҳу анҳу ўғилларига васият қилиб кейин вафот этадилар.

Шу даврда мусулмонларнинг орасида биринчи маротаба фирқа ва тоифаларга бўлиниш пайдо бўла бошлади. Бекордан бекор мусулмонлар бир бирларининг қонларини тўкиб, ўзаро адоватларини кучайтиришди. Мана шундай қон тўкишларнинг боши Жамал воқеасидан бошланган эди. Бу воқеада мусулмонлар орасида, яъни Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари билан уммул мўъминин Оиша онамиз тарафдорлари орасида қаттиқ жанг бўлиб мусулмонларнинг қонлари тўкилади. Бу воқеа чиройли сулҳ тузишлик билан якунланади. Кейин Сиффин воқеаси бўлиб ўтади.

Али розияллоҳу анҳу Жамал воқеасидан ҳануз тиниб-тинчимай туриб яна янгидан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Шом қўшини билан Али розияллоҳу анҳуга қарши курашга отлантираётгани хабари келиб қолди.

Али розияллоҳу анҳу ҳам 37 ҳижрий йилнинг 25 шаввол ойида тўқсон минг аскар билан биргаликда Сиффин деган жойга қараб юрдилар. Муовия розияллоҳу анҳу ҳам саксон беш минг аскар билан Фурот дарёсининг соҳилига келиб тушдилар.

Муҳаррам ойининг охирги кунига қадар икки ўртада тинчлик шартнома тузилди. Бироқ, икки тоифа ўртасида уруш алангасини бутунлай тўхтатишликка муваффақ бўлолмадилар. Сафар ойи кириб, ўртадаги шартнома битиши билан икки орада уруш бошланиб кетди.

Муовия розияллоҳу анҳу аскарлари чекинишга тушай деб қолгандилар. Бироқ шу пайтда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу қўлларида Қуръонни кўтариб, Қуръон ҳукмига итоат этишга ҳар икки тарафни чақирган бўлдилар. Буни кўриб Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Ироқликлар «Аллоҳнинг китобига жавоб беришимиз керак», дедилар.

Хаворижлар ҳижрий 38, милодий 658 йилда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан «хаворижлар» номли алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хавориж» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилгани учун «кофир бўлди», деб фатво чиқардилар».  Уларга ҳазрати Алининг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида хаворижларнинг ўзлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга мажбурлашган эди, энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошладилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар.

Хорижийларнинг фикрича, эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим. Гуноҳкор кишиларни жазолаш масалаларида хорижийлар муржиъийларга қарама-қарши турган.

Хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини амалга оширган ишларига қараб баҳолаш керак деб ҳисоблаб, уларнинг талқинидаги ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари суришган. Бундай қарашлар ўз навбатида ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқиши ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келган.

Умавий ва аббосий халифалар VII-IX асрларда хорижийларга қарши кескин кураш олиб борди. Бунинг натижасида хорижийлар қириб ташланди, улардан омон қолганлари Шимолий Африкада ўз давлатини ташкил этди. Хорижийлар халифаликдаги кўпгина қўзғолонларда қатнашган. Улар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали хукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берганлар.

Каъбул Ахбордан ривоят килинади: «Шаҳид учун иккита нур, хорижийларни ўлдирган кишиларга ўнта нур бор. Жаҳаннамнинг эшиги еттита бўлиб, уларнинг биттасидан фақат ҳарурийлар киради. Улар бир вақтлар Довуд алайҳиссаломга ҳам қарши уруш олиб борган».

Бани Саводдан ривоят килинади: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитдим: «Аллоҳ таоло мени ёмон кўрган қавмни ёмонлик билан дўзахга киргизади».

“Бир куни xорижийлар бир насронийни ушлаб олиб, унга яxшиликни ва ўзининг пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни буйруқларига риоя этишни тавсия қиладилар. Шу пайт уларнинг олдидан Абдуллоҳ ибн Ҳаббоб ўтиб қоладилар. У зот бўйниларига Қуръон осиб олгандилар. Шунда улар: “Сенинг бўйнингдаги китоб бизларга сени ўлдиришни буюради,” – дейишди. Улар Абдуллоҳ ибн Ҳаббобдан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. Шунда Абдуллоҳ уларни мақтаб гапирдилар. Улар: “Сен Али розияллоҳу анҳуни “Таҳким” воқеасидан олдинги ҳолати ва Усмон розияллоҳу анҳуни xалифалик йилларидан дастлабки олти йилдаги холати ҳақида нима дейсан”- дейишди. У эса уларни яxшилик билан тилга олди. Улар Абдуллоҳдан “Таҳким” воқеаси ҳақида сўрадилар. У: “Мен Али розияллоҳу анҳуни сизлардан кўра Аллохнинг китобини билувчироқ ва сизлардан кўра ўз динини сақловчироқ деб биламан, деди. Ана шу сўзларни айтганидан кейин улар Абдуллоҳни дарё қирғоғига яқинроқ жойда сўйдилар. Шундан сўнг улар халиги насронийдан xурмо сотиб олиш учун у билан савдолашдилар. Насроний xурмони уларга текинга берди. Лекин улар буни қабул қилмай, фақат пул эвазигагина олишларини айтдилар. У эса: “Сизларга хайронман, Абдуллоҳдек одамни ўлдирасизлар, аммо xурмони текинга олмайсизлар”,- деди.

Ушбу қиссадан xорижийларни нақадар жоҳил эканлигини билиб оламиз. Чунки улар насронийнинг xурмосини  пул бермасдан тортиб олишни гуноҳ санадилар. Унданда мудхиш гуноҳ бўлган мусулмоннинг қонини тўкишни эса мубоҳ деб билдилар. Xорижийлар тариxда ислом динига энг кўп зарар етказган оқимдир. Улар дастлабки пайдо бўлган оқим сифатида, ўзидан кейинги диний-экстремистик оқимларни вужудга келишига замин хозирлади.

Xорижийлар  Қуръондаги  ояти  карималарни  зоҳирий  маъносига  қараб ҳукм чиқарадилар. Улар бир қанча оятларни далил қилиб, катта гуноҳларни содир қилганлар кофир бўлади деган ҳукмни чиқарганлар. Аслида эса, улар ўзларига далил сифатида ушлаб олган ояти карималарда Макка мушриклари ҳақида ва уларнинг Ислом динини инкор этиб содир этган манфур ишлари боис кофир бўлганликлари хақида гап боради. У оятлардаги зикр қилинган кофирлардан мурод мусулмонлар эмас, балки Макка мушрикларидир. Xорижийлар нодонликлари туфайли ана ўша оятлардан кўзланган маънони нотўғри тушунганлар. Ана шу нодонликлари  хамда динда ҳаддан ташқари ғулувга кетишлари уларни кўпдан-кўп  xунрезликларни содир этишларига ва бунинг ортидан мусулмонлар жафо кўришига сабаб бўлди.

 

ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,

Самарқанд шаҳар Қорабой Оқсоқол жоме масжиди

имом-хатиби Бобобек Абдураҳимов

Туркий давлатлар ташкилоти котибияти, Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида уч томонлама «Йўл харитаси» имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йил 3-4 октябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) котибияти кўмагида Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг туризм соҳаси учун масъул вазирликлари ҳамда сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирокида «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш бўйича форум ўтказилган эди.

Тадбир Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Озарбайжоннинг Шамаҳи шаҳрида бўлиб ўтган ТДТга аъзо мамлакатлар туризм соҳаси вакилларининг VII йиғилишида қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Имзоланган мазкур йўл харитаси ҳам бу жараённинг мантиқий давомидир.

«Йўл харитаси»да икки давлат ўртасида сайёҳлар оқимини оширувчи саёҳат дастурлари ишлаб чиқиш, туристик компаниялар ахборот алмашувини йўлга қўйиш белгиланган. Шу билан бирга, мамлакатларнинг туристик салоҳиятини кўрсатувчи маълумотларни тизимли равишда махсус зиёрат туризми платформасига жойлаштириб бориш, сайёҳлар учун чегара ўтказиш нуқталарида қулайлик яратиш, Туркистон – Тошкент йўналишида автобус қатнови сонини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Онлайн тарзда ўтказилган учрашувда мамлакатимиз туризм соҳаси вакиллари 2023 йил октябрь ойида Қозоғистонда ўтказиладиган ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг навбатдаги йиғилишига таклиф қилинди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ТДТ котибиятининг аъзо ва кузатувчи давлатлар орасида маданият ва туризмни ривожлантиришга қаратилган барча лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2022 йил мамлакатимизга келган сайёҳларнинг 57 фоизи Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг 30 фоизи Қозоғистондан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 23 Январь 2023 00:00

Ҳанафий мазҳаби таълимоти

Имом Абу Ҳанифа имомларнинг пешвоси, фақиҳларнинг устози, Имом Шофеий таъбири билан айтганда, барча одамлар фиқҳда унинг боқимандалари бўлган зот эди. Аллоҳ таоло унга ноёб заковат, етук ақл, ўткир фикр ато этган бўлиб, ҳар бир ишни чуқур таҳлил қилар, ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолмайдиган даражадаги аниқ ҳужжат ва далиллар асосида ҳукм чиқарар эди. Унинг илми бутун оламга ёйилиб, олимлар ҳам, омма халқ ҳам таълимотини зўр эътибор ва очиқ кўнгиллик билан ўрганиб келмоқдалар.

Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳ алайҳ) ўз мазҳабини бино қилишда ислом шариатининг асоси деб эътироф этган манбаларга - Қуръони карим, суннати набавия, ижмоъ, қиёс ва саҳобаларнинг қавллари ҳамда урфга суянди: “Мен, аввало, ҳукмни Аллоҳнинг китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан оламан. Агар Аллоҳнинг китобидан ҳам, пайғамбарнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан оламан, агарда булар ихтилоф қилган бўлсалар, уларнинг сўзидан Қуръон ва ҳадисга яқинроғини оламан, уларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Агарда саҳобаларнинг сўзидан ҳам топа олмасам ва гап тобеинларга етиб келса, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан”, деди.

Манбалар асосида тайёрланди
Эшматов Аҳмаджон,
Поп тумани Саиджалол ҳўжа жоме масжиди имом-хатиби

Янгиликлар

Top