muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло буюрган амалларнинг ҳар бирининг ўзига хос фазилат ва ҳикматлари мавжуд. Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж ибодатининг ҳам фазилатлари бор.

Дарҳақиқат, Макка шаҳрида Мақоми Иброҳим, Замзам булоғи, Ҳажарул-асвад, Сафо, Марва каби осори атиқалар мавжуд бўлиб, улар узоқ ўтмишнинг аломатларидан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек, фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг савоби фақат жаннатдир”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар қалбида Байтуллоҳни тавоф қилиш муҳаббати доимо жўшиб туради.

Фарғона халқаро аэропортидан “Ҳаж – 2024” дастури доирасида “Фарғона – Мадина” йўналишида илк 3 та парвоз “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг “Boeing-767” русумли ҳаво кемалари орқали амалга оширилиб, уларда Фарғона вилоятидан 735 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Зиёратчиларни кузатиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Улуғ сафар сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон ибодатларни бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

1) Мусофир ўз аҳли аёлига моддий ва маънавий нарсаларни қолдириб чиқар экан, қолдирган нарсаларининг ичида энг афзали, Аллоҳнинг раҳматига, баракотига сабаб бўлгувчиси икки ракат нафл намоздир.

عن المطعم بن مقدام قال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ مَا خَلَّفَ عَبْدٌ عَلَى أَهْلِهِ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يَرْكَعُهُمَا عِنْدَهُمْ حِيْنَ يُرِيدُ السَّفَرَ.

Мутъим ибн Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сафарга чиқувчи одам хонадон аҳлига сафар олдидан ўқиладиган икки ракъат намоздан афзалроқ нарса қолдирмабди» (Канз ул-Уммол).

 2) Сафарга чиқувчи киши доим зикр билан машғул бўлиш учун ўзи билан 100 талик тасбеҳ олиши керак. Чунки Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Албатта, бошқа жойларга нисбатан Масжидул ҳарамда ўқилган намозлар 100 000 (юз минг) ва Масжидун набавийда ўқилганлари 1000 (минг) намознинг савобига тенг бўлади». Бу дегани 100 000 (юз минг)та ёки 1000 (минг)та қазо намознинг ўрнига битта намоз кифоя қилади дегани эмас. Балки битта намоз битта намоз ўрнига ўтади, лекин савоби минглаб марта кўп бўлади.

Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

صلاة في مسجدي هذا خير من ألف صلاة فيما سواه إلا المسجد الحرام (متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Мана бу масжидимда ўқилган намоз бошқа жойларда ўқилган мингта намоздан яхшироқдир. Фақат Масжидул ҳарамда ундай эмас” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадисни Аллома Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ шундай шарҳлаганлар:

(خير) أي من جهة الثواب لا من جهة الإجزاء فالتضعيف يرجع إلى الثواب ولا يتعدى إلى الإجزاء بإتفاق العلماء كما نقله النووي وغيره ، فلو كان عليه صلاتان فصلى في أحد المسجدين صلاة لم تجزه إلا عن واحدة

яъни: “Масжидун набавийда ўқилган битта намоз бошқа жойларда ўқилган 1000 (минг)та намоздан савоб жиҳатидан яхшироқдир, ўрнига ўтиш жиҳатидан эмас. Уламоларнинг иттифоқи билан 1000 (минг) баробар устун бўлиш, ўрнига ўтишга эмас, балки савобга тегишли бўлади. Буни Имом Нававий ва бошқа уламолар ҳам нақл қилишган. Агар бир кишининг зиммасида иккита ўқилмаган намоз бўлса ва икки ҳарамдан бирида битта намоз ўқиса, фақат биттасининг ўрнидан ўтади” (“Мирқотул мафатиҳ” китоби).
Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:

الصلاة في المسجد الحرام بمائة ألف صلاة والصلاة في مسجدي بألف صلاة والصلاة في بيت المقدس بخمسمائة صلاة (رواه الامام الطبراني عن أبي الدرداء رضي الله عنه)

яъни: “Масжидул ҳарамдаги намоз юз минг намозга, Менинг масжидимдаги намоз минг намозга, Байтул мақдисдаги намоз беш юз намозга тенг келади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бу масжидларнинг фазилат маълум ва машҳур: Масжидул ҳарам энг биринчи ибодат учун қурилган масжид, Масжидун-набавий севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қурдирган ва доим ўша ерда турган масжидлари, Байтул мақдис ҳам қадимдан кўплаб пайғамбарлар намоз ўқиган, Пайғамбаримиз ўша ердан меърожга кўтарилган масжиддир.

Демак, муборак масжидларда ўқилган битта қазо намози биттага ўтса ҳам, ҳеч тушкунликка тушмаслик керак. Зеро у муборак жойларда ажру савобларнинг минглаб марта кўпайтириб берилиши ҳақида саҳиҳ хабарлар кўп. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан юқорида зикр қилинган учта муборак масжидларга ҳаж, умра ёки зиёратга борган мўмин-мусулмонлар у масжидларда турли ибодатларни кўпайтиришга ҳаракат қилиши керак. Албатта, Аллоҳ ва Расули рост сўзлайди, ваъдасига хилоф қилмайди, ихлос билан амал қилсак, ваъда қилинган улуғ ажрлар шубҳасиз берилади. Валлоҳу аълам.

3) Мисвокнинг маънавий фойдалари ҳам жуда кўп.
Жумладан, у шайтонни ҳайдайди, мисвок ишлатувчидан шайтон қочиб кетади. Мисвок яхшиликлар савобини оширади. Агар таҳорат олишда мисвок ишлатилса намознинг савобининг ортишига сабаб бўлади. Мисвок ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатувчидир. Мисвокнинг энг муҳим афзалликларидан бири бу – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга сабаб бўлишидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир", деганлар. Бошқа ривоятда "шайтонни ғазаблантиради" дейилади.

Қаранг азизлар, тишимизни тозалайдиган бу таёқча орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топишимиз мумкинлиги нақадар ажойиб.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим", деганлар (Имом Насоий ривояти).

4) Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: яъни, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади” (Анъом сураси, 160-оят).
Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Имкони бор кишилар муборак заминда қийналган кишиларга эҳсон қилишса юқорида зикр қилганимиздек 1 риёл эҳсонлари Мадинаи мунавварада 1000 риёлни, Маккаи мукаррамада 100 риёлни савоби берилади

5) Сафар давомида зиёратчи ўзига сабрли бўлишни мақсад қилиб олишлиги. Кишилар билан муомалотда, аэропортда руйҳатдан ўтишда, афтобусга чиқиб тушишда, зиёратгоҳларда зиёратчига хос одобда бўлишлиги лозим бўлади.

6) Зиёратчи бомдод намозидан сўнг шошилмай кун чиққач ишроқ намозини ўқиши.
Чунки Муоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар». (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Термизийнинг лафзида: «Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

7) Имкон даражасида зикрларни кўпайтириши

Замонамиз олимларидан Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: "Аллоҳга қасамки, мен ҳар куни бомдод намозидан сўнг "Астағфируллоҳ" ни юз бора, "Ла илаҳа иллаллоҳ" ни юз бора, "Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва алаа олиҳи ва соҳбиҳи васаллим" ни юз бора, "Субҳаналлоҳи валҳамдулиллоҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар" ни юз бора, "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи субҳаналлоҳил азийм" ни юз бора, "Ла ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳ" ни юз бора, "Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакил" ҳам юз бора зикр этаман.

Бу зикрларга бир соатнинг учдан бири, яъни,  йигирма дақиқача вақт кетади.

Бас, эй сен,  ўзингга доимо  Аллоҳни зикр этишни лозим тутгин. Шунда Аллоҳ таоло сенга мададларини ато этади".

8) Қуръони карим тиловати. Бўш вақт бўлиши билан Қуръони каримни тиловат қилишни мақсад қилиш

9) Макруҳ вақтларда бомдоддан кейин пешиндан олдин ва аср билан шом намози ўртасидаги вақтларда нафл намоз ўқимаслик.

Қуйидаги вақтларда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намози ўқиш жоиз эмас (мумкин эмас):

– кун чиқаётган пайтда;

– кун қиём (тикка)га келганида;

– кун ботиш чоғида;

Бу пайтларда намоз ўқиш, Қуръони Каримдан сажда ояти ўқилганда сажда қилиш, жаноза намозини шу вақтга тўғрилаб ўқиш мумкин эмас. Аммо шу кунги аср намози кун ботаётган бўлса ҳам адо этилаверади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деди» Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

10) Мадинаи мунавварада овозни баланд қилмаслик хатто оёқ киймини ҳам ерга оҳиста қўйиб кийиш лозим. 

11) Бақиъ қабристони ҳақида маълумотга эга бўлиш. 

Бақиъ қабристони шарафли жой ҳисобланиб, у дунёдаги қабристонларнинг энг афзалидир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким Мадинада вафот эта олса, шундай қилсин. Чунки мен бу ерда вафот этган кишини шафоат қиламан”, дедилар” (Термизий ривояти).

12) Қубо масжиди фазилати

Қубо масжидида ўқилган нафл намоз умранинг савобига тенглаштирилган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйида яхшилаб таҳорат олиб, сўнгра Қубо масжидига келса ва у ерда намоз ўқиса, унга умранинг савобидек савоб бўлади”. Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

13) Масжидда ўқиладиган жаноза намозларини ўқиш.  Зиёратчи Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги жаноза намозларини ҳам ўқишлиги ва икки томонга салом бериб тугатишлигини эсдан чиқармаслиги керак. Жанозага қатнашган киши бир қийрот савобга эга бўлади, бир қийрот Уҳуд тоғи баробарича дейилган. Энди тасаввур қилиб кўрайликчи жанозага қатнашмай қанча савобдан қуруқ қоляпмиз?

14) Зиёратчи ояларимиз ўзларини тутишлари, либосларига эътибор бериб шаънларига доғ туширмасликлари.

15) Зиёратчилар Мино водийси, Муздалифа ва Арафот майдонларида гуруҳ раҳбарига итоатда бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни муборак масканларга бориб, Ҳаж ва Умра ибодатларини қилишлик бахтини насиб қилсун.

Манбалар асосида тайёрланди:
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

Албатта, сиз бу аллома, олим, уламолар ҳақида биласиз, улар ҳаёти, ижоди, фаолияти ҳақида кўплаб китобларда ўқигансиз. Биз қуйида уларнинг биз, авлодларига қолдирган маънавий мероси ҳақида мухтасаргина маълумот беришни маъқул кўрдик.

Имом Бухорий (810-870) Ислом таълимотига оид 20 дан ортиқ асарлар ёзди. Унинг биргина “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарига 7275 та ҳадис киритилган. 1998 йил октябрь ойида буюк мутафаккир Имом Бухорийнинг 1225 йиллик таваллуд куни кенг нишонланди. Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. 4 жилдли “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби илк бор ўзбек тилида нашр этилиб, китобхонларга тақдим этилди.

Абу Мансур ал-Мотуридий (870-944). Калом илми равнақига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Мансур ал-Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган. Ал-Мотуридий исломий одоб қоидалари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан таълим беришга мўлжалланган қатор асарлар ёзган. Улардан “Китоб ат-Тавҳид” (“Аллоҳнинг бирлиги”) ва “Таъвилот аҳл ассунна” (“Суннийлик анъаналари шарҳи”) номли асарларигина сақланиб қолган. Уларда диний таълимот, исломий урф-одатлар, инсоннинг камол топишида дунёқарашининг шаклланиш моҳияти талқин этилган.

Ал-Мотуридий 944 йилда Самарқандда вафот этган. Мустақиллик шарофати билан диний қадриятларимиз тикланаётган ватанимизда 2000 йил ноябрда Имом ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги нишонланди. Самарқандда Мотуридий хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуи барпо этилган, асарлари ўзбек тилида нашрдан чиққан.

Бурҳониддин ал-Марғиноний машҳур фиқҳ (ҳуқуқшунос) олими. У 1123 йилда Риштонда (Фарғона водийси) таваллуд топган. Ал-Марғинонийнинг энг нодир китоби тўрт жилдли “Ҳидоя” асаридир. “Ҳидоя” ислом ҳуқуқшунослиги бўйича мукаммал асардир.

Бу асар ҳозирги кунда ҳам муҳим манба сифатида фойдаланиб келинмоқда. Шу сабабли аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам “Ҳидоят йўлининг сарбони” дея катта ҳурмат-эътибор топганБурҳониддин валмилла (Ислом динининг далили, исботидеган шарафлиномгасазоворбўлган. 2000 йилда ал-Марғинонийнинг таваллуди кенг нишонландиШу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилибшу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.

Абу Лайс Самарқандий. Абу Лайс куняси билан машҳур бўлган Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий 911 йилда Самарқандда туғилган, шу ерда шайхулисломлик қилган. Замонасининг етук фиқҳ ва тафсир олимифозил ва нуфузли кишиси бўлган.

Мир Сайид Барака. Саййид Барака, Мир Саййид Барака Амир Темурнинг пириШарафиддин Али Яздийнинг ёзишичаасли Макка шаҳридан бўлибАмир Темур билан дастлаб Термиз шаҳрида учрашган.

Хожа Аҳрор Валий (1404-1490 йй) ХV аср иккинчи ярмида ижтимоий-сиёсий, маданий ва тафаккур ривожида муҳим ўрин тутган. Нақшбандия тариқатини ривожлантирган. Ҳижрий 806 йил рамазон ойида (1404 йил, март) Шош – Тошкент ҳудудидаги Боғистонда дунёга келган. Она тарафидан Хожа Аҳрор машҳур Шайх Хованди Таҳурга бориб уланади.

Хожа Аҳрор қаламига мансуб уч рисола бизгача етиб келган. Улардан бири — “Фақарот ул-орифин” (“Орифлар сўзларидан парчалар”) бўлиб, унда Хожа Аҳрорнинг ва баъзи бошқа тасаввуф намояндаларининг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган. “Волидия” деб номланган иккинчи рисоласини Хожа Аҳрор ўз отаси илтимосига кўра ёзган. Унда тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқ-одоби, фақр ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради. Бу рисола ўз даврида машҳур бўлиб, Жомий ва Алишер Навоийлар у билан яқиндан танишганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса уни форсийдан ўзбек тилига шеърий таржима қилган. Учинчи рисола “Ҳавроийя” деб аталиб, машҳур мутасаввуф шоир Абу Саъид Абулхайрнинг ушбу “Ҳавро” (“Ҳурлар” ёки “Фаришталар”) сўзи билан бошланувчи бир рубоийсини шарҳлашга бағишланган.

Хожа Аҳрор Валий 1490 йилда вафот этган ва Самарқандда дафн этилган.

Али Қушчи (1404-1474 йй) ХV асрда илмий фаолият кўрсатган фақиҳ, математик ва астроном олим. Унинг тўлиқ исми – Алоуддин Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Самарқандий эди.

Аллома 806/1404 йили Самарқандда туғилган. Отаси Мулло Муҳаммад темурийлар хонадонига яқин бўлиб, кўп вақт Шоҳруҳ (1409-1447) саройида хизмат қилган. У ов қушларига қарайдиган ходимларга бошлиқ бўлган. Али Қушчи отаси сингари ёшлигидан овга қизиқади, Улуғбекнинг қарчиғайларини тарбия қилади ва ниҳоят моҳир овчи бўлиб етишади. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Қушчининг ўғли Али “Қушчи” деган лақаб билан танилган.

Али Қушчи Самарқанд мадрасасини битиргач, Улуғбекнинг рухсати билан бир неча йил Эроннинг Кирмон вилоятида истиқомат қилди ва ижод этди. Бу ердаги олимлар ва шоирларнинг илмий мажлисларида иштирок этиб, кўпгина китобларни мутолаа қилди, шарҳлар ва мустақил асарлар ёзди.

Унинг «Рисолаи фатҳия», «Рисолаи Муҳаммадийя», «Тарихи ҳоқони Чин», «Рисолаи муфрадийя», «Шарҳи рисола ал-фиқҳ», «Рисолату фи мавзуъот ул-улум», «Маҳбуб ул-ҳамойил фи кашф ул-масойил» каби илмий асарлари машҳур. Ҳижрий 879 (милодий 1477) йили Истанбулда вафот этган ва Абу Айюб Ансорий қабристонига дафн қилинган.

Алишер Навоий (1441-1501 йй)Алишер Навоий 1441 йил 9 февраль куни Хуросон давлатининг пойтахти - ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида туғилди.

Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшади, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди. Ўзидан жуда катта маънавий-маданий мерос қолдирди.

Манба

Шу йил 29 май куни Наманган вилоятидаги 100 нафардан зиёд имконияти чекланган (эшитиш ва гапиришда нуқсони бор) ҳамюртларимиз иштирокида маърифий суҳбат ўтказилди.

Тошкент шаҳри "Ислом ота" жоме масжиди имом хатиби Йўлдошали домла Каримов, Дин ишлари бўйича қўмита  мутахассиси Қодиров Муқимжон бошчиликларида Наманган шаҳридаги "Маҳдум Эшон" жоме масжидида 100 нафардан зиёд имконияти чекланган (эшитиш ва гапиришда нуқсони бор) ҳамюртларимизга маърифий суҳбат ўтказилди.

Маърифий суҳбатда бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бўлмиш ёшларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи бўйича, бағрикенглик, ва шукроналик мавзуларида маъруза қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Четверг, 30 Май 2024 00:00

Дунёни мафтун этган Хива

“Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти”

2022 йил Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XI сессиясида икки ярим минг йиллик тарихга эга қадимий Хива шаҳри 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинган эди. 

Шу муносабат билан жорий йилнинг 31 май – 2 июнь кунлари Хоразмда қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

Айни кунларда ушбу нуфузли анжуманга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон мезбонлик қилаётган навбатдаги нуфузли тадбирлар доирасида ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг ХII сессияси ўтказилади. Халқаро анжуманда 57 та давлатнинг туризм вазири, халқаро нуфузли туристик ташкилотлар раҳбарлари, хорижий ОАВ вакиллари иштирок этади. 

Унда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг туризм салоҳияти тақдимотлари ўтказилади, амалга оширилган ишлар натижалари таҳлил қилинади, истиқболдаги режалар кўриб чиқилади. 

2023 йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, шу кунга қадар кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

– Халқаро тадбирлар ўтказиладиган манзилларда сайёҳлар учун янада қулайликлар яратишга аҳамият қаратилмоқда, – дейди Туризм қўмитаси бўлим бошлиғи Муҳайё Ҳайитова. – Масалан, “Ичанқалъа”даги тарихий Жума масжидида ҳам ибодатларни эркин адо этиш учун шароит ҳозирланган. Муқаддас Қуръони Карим китоблари, ислом динига оид бошқа турли асарлар жойлаштирилган. Бу каби шароитлардан шаҳарга ташриф буюраётган хорижлик, айниқса, мусулмон давлатларидан келаётган меҳмонлар мамнун. 

– Хивалик инсонлар меҳрибон. Бизни жуда ҳурмат қилишяпти, – дейди туркиялик сайёҳ Ҳава Орду. – Турк тилида деярли барча аҳоли билан суҳбатлашяпмиз. Келганимга бир кун ҳам бўлмади. Жуда гўзал шаҳар экан. Мени мафтун этди. Бу сингари масжид, мадраса, мақбара ва музейларни бошқа шаҳарларда учратиш қийин. Уларнинг барчаси жуда қадимий, лекин уларни кўз қорачиғи каби асраб келаётган ўзбекистонликлар келажак авлодга бой мерос ва улкан туристик имконият қолдирмоқда.  

Маълумки, Хива шаҳридаги зиёрат туризми объектларидан бири бу Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳисобланади. Бу ерга нафақат хоразмликлар, Ўзбекистон аҳолиси, балки бутун дунёдан зиёратчилар келади. 

– Биз йигирмадан зиёд дугоналар Андижондан келдик, – дейди меҳнат фахрийси Раъно Боқиева. – Мақсадимиз – Хоразм, Хивадаги муқаддас жойларни зиёрат қилиш. Ичанқалъадаги меҳмон уйларга жойлашдик. Шароитлари жуда яхши экан. Қадимий, лекин барча замонавий қулайликларга эга, шинамгина хонадон бизни мамнун этди. Ибодат қилувчилар учун барча жойда ҳамма шароит яратилганидан хурсандмиз. Юртимизга, Ватанимизга, халқимизга тинчлик-тотувлик тилаб дуолар қилмоқдамиз. 

Таъкидлаш лозимки, Хива шаҳрига Ислом оламининг туристик пойтахти мақомини бериш шаҳарни халқаро туризм бозоридаги энг яхши сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш имкониятини беради. ЮНЕСКО мутахассислари ҳатто Хивани қадимги Афина, Рим ва Қоҳира билан солиштиришади. 

– Мен Хоразм тарихини анчадан буён ўрганаман, – дейди АҚШлик тарих ихлосманди Жек Карлсон. – Кўп йиллар шу ерга келиб Хоразмшоҳлар тарихини ўрганишни орзу қилганман. Мана ниятимга етдим. Музейларда мадраса ва инфомарказларда маълумотларни ҳеч қийналмай топиш мумкин. Маҳаллий тарихчилар ҳам ҳар доим биз билан мулоқот қилишга тайёр. Ташрифим давомида бутун дунё ислом дунёсининг тарихий ва нуфузли анжуманига гувоҳ бўлишимдан мамнунман. 

– Хоразм ва Франция ўртасида минг йиллик тарихга эга бўлган алоқа мавжудлиги тарихдан маълум. – дейди франциялик сайёҳ Эвелине Превост. – Хива шаҳрини бемалол шарқ меъморчилигининг бешиги ва илм-маърифат тамаддунининг пойдевори десак ҳам бўлади. Бу ерда гўзал маданият шаклланган. Мустаҳкам қадриятлар мавжуд. Айниқса, меҳмондўст хиваликларнинг таомларини еб тўймайсиз. Мен шу ерда эканлигимдан жуда мамнунман.

Бу йилги саёҳат ва зиёрат мавсуми қизғин паллага кирган шу кунларда Хива шаҳри, хусусан, “Ичанқалъа” мажмуаси кўчаларида кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни учратасиз. Воҳа меҳмонлари тарихий меъморий обидаларни томоша қилиш асносида аждодларимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятига эга эканига гувоҳ бўлишади. Демак, нуфузли анжуман доирасида жаҳоннинг 60 га яқин давлатидан нафақат туризм соҳаси вакиллари, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар Хивада жам бўлишади. Бу эса мамлакатимизда туризм имкониятининг янада кўтарилишига хизмат қилади. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири

Страница 30 из 1683

Янгиликлар

Top