muslim.uz
Қандай кийинишни унутиб қўйдик!
Кийим инсонни табиатнинг турли ҳодисаларидан ва танага зарар берадиган ташқи таъсирлардан асрашга хизмат қилади. Кийим инсоннинг характерини, унинг ички ва ташқи дунёсини, ахлоқий сифатларини, ақлий салоҳиятини, эстетик дидини намоён қиладиган омиллардан.
Биз инсонннинг кийимига қараб, унинг оиласидаги муҳитни ва қандай инсонлигини билиб олишимиз мумкин. Замон тезлашиб, ёшлар орасида ҳаё мезонига жавоб бермайдиган турли кийимларнинг кўпайиши ва ёшлар тили билан айтганда «мода»ларнинг кун сайин ортиб бориши кийиниш одоби ва маънавий ахлоқнинг бузулишига олиб келяпти.
Афсуски, бу модаларнинг ортиши ёшларнинг кийинишига жуда катта таъсир ўтказяпти. Айрим йигит ва қизларнинг кийинишида деярли фарқ қолмади. Қизларнинг шим кийиши эса ҳозир кўтарилаётган масала эмас. Тор шим кийиб олиб, шаталоқ отиб кўчаларда ҳаё пардасини юлиб ташлаган қизлардан ёки Европанинг турли кинофильмларидан «ўрнак» олаётганлар сони ортиб боряпти. Бундай ёшларнинг маънавий ахлоқи аллақачон бузулиб бўлган. Бир савол қийнайди: наҳотки уйдан шундай расво тарзда кийиниб чиқаётган қизнинг ота ёки акаси «Ҳей, ўзингни йиғиштириб ол», демайди. Бундай кийиниш ва бундай яшаш тарзини тарғиб қилаётганларнинг асл мақсадлари бор.
Сўнгги икки йил давомидаги жаҳон модаларини томоша қилсангиз, у ердаги илгари сурилаётган фикрларни кўрасиз. Эркаклар кийимлари модасида қарасангиз, уларнинг кийимларида турли гул безакларидан фойдаланилган, ипак матолар ва шунга ўхшаш бир қараганда аёллар кийимини эсга солувчи унсурлардан фойдаланилган. Аёллар кийимлари эса аксинча – жиддий тусда бўлиб, бир қараганда, эркаклар кийимларини эслатиб юборади. Бу эса инсоннинг жинсини ўзгартиришга ҳаракат қилишнинг руҳий биринчи зарбаси ҳисобланади. Бундай ўзи жуда содда бўлиб кўринадиган тузоқларнинг оммалашишига ёшларимиз билиб-билмай ўз ҳисса қўшишяпти.
Дунё мусулмонлари бундай жинсни ўзгартириш каби тубан ишга қарши ғояларни олиб бораётган бир пайтда биз унинг ривожланишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Кўчаларда қизларнинг турли йиртиқ шимлар кийишига гувоҳ бўляпмиз. Қиз бола учун бундай шимлар кийиш ҳаром. Худди шундай эркак кишилар учун ҳам аёллар кийимига ўхшаш кийимларни кийиш ҳаром.
Кийим нафақат кишининг юзи, балки унинг оиласи, агар четга чиқадиган бўлса, миллатнинг юзидир. Ривожланган технологиялар замонида яшарканмиз, қайси бир ёшнинг қўлига қараманг, сўнгги русумдаги телефонлари бор. Турли ғояларни инсон онггига сингдириш учун ўргимчак тўри деб аталмиш интернетнинг ўзи етарли.
Бундай замонда яшаётган ҳар бир ота-она учун ўз боласининг қўл телефонини текшириш вожибдир. Чунки улар бутун маълумотнинг 90 фоизини китобдан эмас, турли интернет сайтларидан олишяпти. Кийинишда ҳам интернет сайтларида кўриб қолган қандайдир шахсларга тақлид қилишяпти. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, аёлларнинг кийими кун сайин беҳаёлашиб боряпти. Агар чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, бу иш ҳам айни бир мақсаднинг амалга ошаётганидан далолат беради. Ҳозирда аёлларимиз орасида бурқа (ниқоб) тақиш урфга айланмоқда. Юз ва қўлларни ёпиб оладиган даражада кийиниш юртимизда фитнага сабаб бўляпти. Шундай кийиниш керакки, бу фитнага сабабчи бўлмасин.
Бизнинг мазҳабимизда ва жумҳур уламолар мазҳабида ҳам аёл кишининг юз ва кафт қисми аврат ҳисобланмайди. Бу тўғрисида турли ҳадислар ривоят қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Асмо, аёл киши вояга етганида ундан мана бу ва мана бу (юз ва қўлларини кўрсатиб) жойларидан бошқа аъзоси кўриниши мумкин эмас» деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ислом мўътадилликни ёқтиради ва ёқлайди. Кийиниш тарзимизда ҳам бунга амал қилишимиз энг гўзал ишлардан биридир. Кийим билан фаҳшни тарғиб ҳам қилмайлик, кийим билан фитнага ҳам сабабчи бўлиб қолмайлик. Динимиз белгилаган мезонларда, кийиниш маданиятига амал қилиб либос кийсак, бунинг ажр ва мукофотини Аллоҳ таоло, албатта, беради.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Пайғамбар алайҳиссалом шахсий котиблари ёзган Қуръоннинг рақамли нусхаси яратилди
Яқинда Лондонда жойлашган Metadee рақамли платформаси ноёб тўплам – Қуръоннинг тарихий аҳамиятга эга қўлёзмасини чиқарди. Қуръоннинг ноёб рақамли нусхаси Оксфорд университетининг Археология ва санъат тарихи илмий-тадқиқот лабораторияси томонидан сертификатланди. Мусулмонларнинг Муқаддас китоби Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг саҳобаларидан Зайд ибн Собит ал-Ансорийнинг қўли билан ёзилган бўлиб, у уларнинг шахсий котиби ва
Қуръон оятларини ёзиб олган котибидир. Хабар қилинишича, китобнинг асл нусхаси Швейцарияда сақланади.
Metadee асосчиси ва бошқарувчи директори Дипали Шукланинг сўзларига кўра, қўлёзманинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи жилдларининг рақамли нусхалари яратилади. Уларнинг ҳар бири бир миллион долларга тушади. "web3 и метаборлиқ одамларнинг қандай фикрлаши, ҳаракат қилиши ва нафас олишини ўзгартириши сабабли рақамли бўшлиқдаги ҳамма нарсанинг қиймати фақат ортиб бориши мумкин", дейди Шукла.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ: Мужтаҳидлик мақомига журъат қилиш... (инфографика)
Президент фармони билан афв этилган шахслар сони – 5555 нафарга етган
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида афв этиш институтига ҳам алоҳида уруғу берилмоқда.
Афв этиш - ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради.
Бу институт амнистия актидан тубдан фарқ қилади.
Амнистияда жиноят содир қилган маълум тоифадаги шахсларга жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламаслик орқали уларга тузалиш имкониятини бериш ёки бу чоралар қўлланганда уларнинг аҳволини яхшилаш мақсадида кўрсатиладиган инсонпарварлик ифодаси ҳисобланади.
Содда қилиб айтадиган бўлсак, амнистия актида аниқ бир шахснинг фамилия, исми шарифи кўрсатилмай, маълум тоифадаги шахслар (масалан, ёшлар, 60 ёшдан ошганлар, аёллар), одатда ижтимоий хавфли қилмишни биринчи марта содир қилаётганлар, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жазодан озод қилиниши ёки унинг муайян қисми камайтирилиши кабилар белгиланади. Яъни аввал жиноятлар тоифасини белгиланиб, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган деб айтсак, тўғри бўлади. Прокуратура, ички ишлар ва суд идораларида ҳам бундай номаъқул ишларга йўл қўйилган. Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган. Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”.
Амнистиядан фарқли ўлароқ, авф этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади.
Яъни шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди.
Президентимизнинг 2017 йилдан бери афв этиш билан боғлиқ 21 фармони эълон қилинди. Мазкур фармонлар асосида 5555 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилди.
Бу рақамларни йиллар кесимида кўриб чиқсак:
2017 йилда – битта фармон билан 2 минг 700 нафар шахс;
2018 йилда – учта фармон билан 621 нафар шахс;
2019 йилда – тўртта фармон билан 771 нафар шахс;
2020 ймолда – бешта фармон билан 616 нафар шахс;
2021 йилда – тўртта фармон билан 637 нафар шахс афв этилди.
Жорий йилда эса афв этиш билан боғлиқ учта фармон эълон қилинди. Шу асосда 203 нафар шахс афв этилди.
Афв замирида нафақат кечиримлилик, балки юксак инсонпарварлик мужассам. Зеро, афв этилган шахсларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бу ёруғликдан баҳраманд бўлади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги қудуқ жойлашган давлат
Бугун сизга жаҳоннинг энг иссиқ мусулмон мамлакатларидан бири ҳақида маълумот берамиз
Нигер республикаси - Ғарбий Африкадаги давлат. Жазоир, Ливия, Чад, Нигерия, Бенин ва Буркина-Фасо давлатлари билан чегарадош. Ўзбекистонга ўхшаб денгизга чиқиш йўли йўқ бўлган қитъа ўртасидаги мамлакатдир. Ҳудудининг катта қисми текисликлардан иборат, шимолий ҳудудларни Саҳрои Кабирнинг баланд қояли платолари эгаллаб туради. Нигер минтақадаги энг катта давлат бўлиб, майдони 1,3 миллион км².
Нигер - президентлик республикаси. Қонун чиқарувчи орган парламентдир. Географик жиҳатдан мамлакат 8 та департамент ва метрополга бўлинади. Миллий валюта - CFA франки. Пойтахти - Ниамей шаҳри.
Аҳолиси тахминан 26 миллион киши. Улар, асосан, Нигер-Конго ва Сонгаи тил гуруҳларининг турли халқлари, шунингдек, штат шимолида яшовчи туарег-барбар қабилалари вакилларидир. Расмий тили - француз тили, кундалик мулоқотда сонгаи, банту ва бошқа тиллари қўлланилади.
Тарихи
Нигер ҳудудида қадимдан аҳоли яшаб келган. Аир тоғлиги, Тенер чўли, Агадез шаҳридаги археологик қазишмаларда неолит даврига мансуб ашёлар топилган. Қадимда одамлар ёввойи меваларни териб кун кечирганлар, овчилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар. Милодий I асрда Саҳрои Кабирнинг жанубига римликлар кириб келган. Араб ва барбар савдогарлари келиши билан ислом дини тарқалган. VII-XIX асрларда Нигернинг айрим қисмлари ўрта аср Ғарбий Судан давлатлари — Сонгай ва Канем таркибида бўлган. XVIII аср ўрталарида Нигер дарёсининг соҳиллари туареглар қўли остига ўтган. XIX асрда Нигер ҳудудида европаликларнинг бир неча экспедицияси бўлган.
1898 йилдан французлар Нигерни мустамлака қилишга киришдилар. 1901 йил Нигер Франция Ғарбий Африкасига кирувчи Юқори Сенегал таркибига қўшиб олинди. 1922 йилдан Нигер алоҳида маъмурий бирлик қилиб ажратилди. Мустамлакачилар мажбурий меҳнат тартиботини жорий қилдилар. Нигер халқи мустамлакачиларга қарши қўзғолонлар кўтарди (1905,1906-14, 1914-17). Мустамлакачиларга қарши кураш I ва II жаҳон урушлари ўртасидаги даврда ҳам давом этди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин миллий озодлик ҳаракати бошланди. 1946 йил Нигер тараққийпарвар партияси (НТП) тузилди. 1947 йил Франциянинг "денгиз орти ҳудуди" мақомини олди. 1951 йил НТПнинг сўл қаноти Жибо Бакари раҳбарлигида партиядан ажралиб чиқиб, Нигер демократик иттифоқини тузди. Унинг номи 1958 йил Саваба (Озодлик) деб ўзгартирилди. 1957 йил Ж. Бакари Нигер ҳукумати кенгашининг бош вазири этиб сайланди. 1958 йил 28 сентябрда Франциянинг янги конституция лойиҳаси ҳақидаги референдумда Саваба Нигерга мустақиллик берилишини талаб қилди. 1958 йил 18 декабрда Нигер Франция Ҳамжамияти таркибида ўзини ўзи бошқарувчи республика деб эълон қилинди. 1960 йил 3 августда эса мамлакат мустақил республика деб эълон қилинди. 1960 йил ноябрда Миллий мажлис янги конституцияни қабул килди ва НТП раҳбари А. Диорини республиканинг биринчи президенти этиб сайлади.
1999 йил 9 апрелдаги ҳарбий тўнтариш натижасида мамлакат президенти Иброҳим Барре Майнассар ўлдирилди, Миллий мажлис ва ҳукумат тарқатиб юборилди. 1999 йил 18 июлдаги референдумда янги конституция маъқулланди. 1999 йил 24 ноябрдаги сайловда Мамаду Танжа президент этиб сайланди.
Нигер — 1960 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 18 декабрь — Республика эълон қилинган кун (1958).
Иқтисоди
Нигер — аграр мамлакат. Мустамлака ҳукмронлиги даврида иқтисодиёт, асосан, ерёнғоқ етиштиришга ихтисослашган эди. 1960 йиллардан хўжаликни давлат томонидан тартибга солиш кучайди, давлат ва аралаш корхоналар мавқеи мустаҳкамланди. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 12 %, қишлоқ хўжалиги улуши 37,5 % ни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалиги энг қолоқ тармоқ ҳисобланади. Аҳолининг 80 % дан кўпроғи шу соҳада банд. Товар маҳсулотининг асосий қисмини майда анъанавий ярим натурал деҳқон хўжаликлари беради. Ниамей ва унинг атрофида йирик механизациялашган хўжаликлар ташкил топа бошлади. Деҳқонларнинг ўзаро ёрдам уюшмалари ташкил этилди. Ерёнғоқ, пахта, шоли етиштирувчи кооперативлар пайдо бўлди. Нигердаги яроқли 15 млн. гектар ердан (мамлакат ҳудудининг 12 % га яқини) 42 % ҳайдаладиган ва бўз ерлар, 53 % яйлов, 4 % ўрмон.
Деҳқончилик мамлакат жанубий ва жануби-ғарбида ривожланган. Атиги 12 минг гектар майдон суғорилади, бу жойларда ирригация иншоотлари барпо этилган. Асосий озиқ-овқат экинлари: тариқ, нйебе, маниок, шунингдек, буғдой, маккажўхори, шакарқамиш, батат ва бошқалар. Нигерда кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик устун. Қорамол, қўй, эчки, туя, от ва эшак боқилади. Саванналар қовжирашининг олдини олиш ва яйловларни сақлаб қолиш учун янги ўрмонлар барпо этилган. Нигер ва Комадугу-Ёбе дарёларида, Чад кўлида балиқ овланади.
Нигерда уран, қалай, гипс, ош тузи қазиб чиқарилади ва сода ишлаб чиқариш ривожланган. Нигер саноати маҳсулотининг 3/4 қисмини озиқ-овқат корхоналари беради. Нигерда темир йўл йўқ. Нигер дарёсида кемалар қатнайди. Ниамей ва Агадезда халқаро аэропорт бор. Четга уран экстрактлари, тирик мол ва чорвачилик маҳсулотлари, ерёнғоқ мойи, пахта, сабзавот экспорт қилади. Импорт эса нефть маҳсулотлари, дон, транспорт воситалари ва асбоб-ускуналардир. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Франция, Италия, Германия, Япония, Нигерия ва Жазоир.
Иқлими
Нигер ҳудудининг учдан икки қисми қуруқ тропик чўлдан иборат. Мамлакатда ёмғирли мавсум фақатгина жанубий қисмда учраб туради. Мамлакатни аксар ҳудуди чанг ва қуруқ чўллардан иборат.
Апрель-май ойларида жанубий Атлантика океанидан эсадиган шамоллар экваторга етиб боради ва Саҳрои Кабир томон йўналади, шундан сўнг чанг бўронлари ва ёмғир мавсуми бошланади. Ёмғир мавсуми бир ойдан тўрт ойгача давом этиши мумкин.
Глобал муаммолар
2021 йилда БМТ Нигерни дунёдаги энг кам ривожланган давлат деб баҳолади (кейинги ўринларда Марказий Африка Республикаси, Чад, Бурунди ва Жанубий Судан). Йиллар давомида мамлакатнинг аҳволи фақат ёмонлашди, чунки гуманитар контекст хавфсизлик, очлик, иқлим инқирози ва COVID-19 туфайли оғирлашмоқда. Бу сабабларнинг барчаси кунига 1,9 доллардан кам даромад билан яшайдиган миллионлаб нигерликлар учун қашшоқликдан қутулишни янада қийинлаштиради.
Нигерда 3,8 миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож. Аҳолининг 42,9 фоизи қашшоқликда яшаб, кунига 1,9 доллардан кам даромад топади. Аҳолининг 83 % и қишлоқ жойларда яшайди. Нигерияликларнинг 20 фоизи асосий кундалик озиқ-овқат ва овқатланиш эҳтиёжларини қондира олмайди.
Фуқароларининг ўртача ёши бўйича Нигер дунёдаги энг ёш давлат бўлиб, ўртача ёши 15,4 ёшни ташкил қилади. Аҳолининг ярми 14 ёшдан кичик. Бироқ, бу ерда таълим йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш қийин, улар орасига можаролар сабаб бўлган ишончсизлик, иқлим билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар, COVID-19 пандемияси, очлик ва ўта қашшоқлик киради. Бу омиллар Нигерда мактабга боришга бевосита таъсир қилади, кўплаб ўқувчилар мактабга бормайди. Ҳозир Нигерда 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 50 фоиздан ортиғи таълим олишдан мосуво, бу кўрсаткич 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган катта ёшдаги болалар учун 60 фоиздан ҳам юқори. Мамлакат БМТ Тараққиёт Дастурининг таълим индексида доимий равишда охирги (187) ўринни эгаллаб келмоқда.
Қизиқарли фактлар
1. Нигер номи мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмини кесиб ўтувчи Нигер дарёси шарафига қуйилган. Бу "Дарё Гир" деган маънони англатувчи "Ни Гир" атамасидан келиб чиққан.
2. Нигер Африкадаги энг катта қўриқхона ҳудудига эга. У тахминан 7,7 миллион гектар майдонни эгаллайди.
3. Нигер харид қобилияти паритети (ППП) асосида аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича ўлчанадиган бўлса, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади.
4. Нигер денгизга чиқа олмайдиган мамлакат, чунки у бутунлай қуруқлик билан ўралган, очиқ денгизга чиқиш имкони йўқ.
5. Нигер байроғи Ирландия, Кот-д’Ивуар ва Ҳиндистон давлатлари байроғига ўхшайди. Шунинг учун, эҳтимол, тўқ сариқ қуёш Нигерда тропик қуёш мавжудлигини билдирувчи деталь сифатида байроққа қўшилган.
6. 2020 йил ҳолатига кўра, Нигер дунёда туғилиш даражаси энг юқори бўлган давлат, ҳар бир аёлга ўртача 6-7 та бола тўғри келади.
7. Нигер қисман дунёдаги энг катта иссиқ чўл билан қопланган. Умумий майдони 8 600 000 км² (3 320 000 м²) бўлган Саҳрои Кабир чўли Шимолий Африканинг катта қисмини эгаллайди.
8. Нигернинг деярли бешдан тўрт қисми чўл бўлиб, уни дунёдаги энг иссиқ мамлакатлардан бирига айлантиради. Шу сабаб бу давлатни "Дунёнинг қиздирилган идиши" номи билан ҳам аташади.
9. Саҳрои Кабирнинг жанубий чеккасида жойлашган Агадез "чўлга кириш эшиги" сифатида танилган шаҳардир. ЮНЕСКО рўйхатига киритилган шаҳар эрамизнинг XV асрига тўғри келади ва Саҳрои Кабирда карвон савдоси учун муҳим чорраҳа бўлган.
10. Нигер ядровий реактор учун зарур бўлган асосий ёқилғи - уран бўйича дунёдаги олтинчи йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.
11. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Нигер сайёҳлар ташриф буюриши учун мутлақо хавфли деб топилган 17 давлатдан биридир.
12. Нигер давлатида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номига қудуқ қазилган.
Нигерда ислом
Нигерда аҳолининг 87,6 фоизи ислом динига эътиқод қилади. Шундан суннийлик 81,1 фоиз, шиалик 6,5 фоизни ташкил этади. Ислом биринчи марта ХV асрнинг бошларида Сонгаи империясининг кенгайиши (1375-1591) ҳамда Шимолий ва Ғарбий Африка бўйлаб Транс-Сахара савдосининг таъсири билан ҳозирги Нигер ҳудудига кириб келади. Мамлакатда христианликка эътиқод қилувчилар 0,7 фоиздир.
Мамлакат конституциясида диний камситиш тақиқланган, жамоат тартиби, ижтимоий тинчлик ва миллий бирликка мос келадиган дин ҳамда диний эътиқодлар эркинлиги кафолатланган.
Ниамей жоме масжиди
Ниамей жоме масжиди пойтахт Ниамейда жойлашган масжиддир. У 1970 йилларда қурилган. Шаҳардаги энг катта масжид Ислом хиёбонида жойлашган. Бино Ливия пули ҳисобидан молиялаштирилган. Унда 171 зинапоядан иборат минора мавжуд.
Агадез масжиди
Агадез масжиди Нигернинг марказий қисмидаги Агадез шаҳрида жойлашган машҳур масжиддир. У дастлаб 1515 йилда Сонгаи империяси даврида қурилган. Шаҳарнинг масжид жойлашган марказий қисми диққатга сазовор жой бўлиб, асрлар давомида ибодат учун йиғиладиган манзил ҳисобланган.
Закариё тайёрлади
Azon.uz