muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 06 Июнь 2022 00:00

Кийиниш одоблари

Замон глобаллашгани сари унинг фойдалари билан бирга зарарлари ҳам тобора намоён бўлмоқда. Шулардан бири кийиниш масаласидир. Ёшларимиз тақлидга ўч бўлгани боис интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кўрган модалари ортидан эргашишга ҳаракат қиляптилар.

Натижани эса кўриб турибмиз: йигитлар калтаиштон кийишиб, бурни ва қулоқларини тештириб олмоқда. Қизлардан эса ҳаё пардаси кўтарилган. Энг ёмони, булар оддий ҳол сифатида қабул қилинмоқда.

Муқаддас динимизда ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, кийинишнинг ҳам гўзал тартиб-қоидалари бор. Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси, 26-оят).

Бугунги глобаллашув даври либосларга ҳам маълум маънода ўз таъсирини ўтказаётгани ачинарлидир. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий суратлар ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши шубҳасиз.

Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган. Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Америка тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўла туриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушаётгани ва унинг тез кўпайиб кетаётгани, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли экани, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.

Бугун айрим кишилар ҳатто давраларга ҳам пала-партиш, кир-чир кийимларда келиб қолади. Кийим кир бўлса, ювади, йиртилса, тикади, бужмайса, дазмоллайди, тугмаси узилса, қадайди ва ҳоказо. 

Саҳл ибн Ҳанзалиядан ривоят қилинади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар-юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Тобароний ва Ҳоким ривояти).

Хуллас, ёшларимизга айтар сўзимиз шуки, ғарбга тақлид қилишимиз билан ҳеч нарсани йўқотмаймиз, деб ўйлашингиз мумкин. Бу жуда катта хато. Чунки ўзлигидан мосува инсоннинг йўқотадиган бошқа нарсаси йўқ.

Тавфиқ Аллоҳдан!

 

Мансур ЎРОЛОВ,

Сергели туманидаги “Нўғайқўғон” жоме масжиди имом ноиби

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида республика эсселар танлови бўлиб ўтди. Унда эссе ёзиш учун икки ярим соат вақт берилди.

Маълумот учун, танловнинг мадраса бўйича саралаш босқичида энг яхши деб топилган 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар Республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

https://t.me/xadichauz 

Хитойнинг «Pseacher» нашрида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Материалда Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм саноатининг турли йўналишларини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган хизматлар даражасини яхшилаш, мамлакатнинг сайёҳлик масканларини авайлаб-асраш борасида қилинаётган ишлар қаламга олинган.

Мақолада қайд этилганидек, бугунги кунда анъанавий маданий ва тарихий туризм билан бир қаторда Ўзбекистон учун зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, тиббий-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, бизнес ва бошқа туризм йўналишлари муваффақиятли ривожланмоқда.

Нашрда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани алоҳида таъкидланган. «Маълумки, Ўзбекистонда бутун дунёга машҳур тарихий ва меъморий обидалар кўп, - деб ёзади Хитой нашри. - Жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа шаҳарларда жойлашган қадимий иншоотлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектлари сифатида эътироф этилган».

Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» ни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дейилади мақолада.

Ҳужжатга кўра, халқаро ҳафталикни ўтказишдан мақсад Ўзбекистонда зиёрат туризми салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, мамлакатни жаҳон цивилизациясининг энг муҳим марказларидан бири сифатида тақдим этиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътирофга сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризмини диверсификация қилишдан иборат хизматлар ва туризм экспортини оширишдан иборат экани қайд этилган.

«Шу мақсадда 2022 йилдан бошлаб ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида Ўзбекистонда Халқаро Зиёрат туризм ҳафталиги ўтказилади, - деб маълум қилган манба. - Халқаро ҳафталик доирасида Ўзбекистонда чоп этилган диний китоблар, дин уламолари асарлари, шунингдек, тематик эсдалик совғалари кўргазмалари ташкил этилади»

Ўзбекистон ўзининг гўзаллиги ва бетакрор обидаларининг улуғворлиги, бой маданияти ва урф-одатлари хорижлик сайёҳлар учун ҳамиша севимли ва жозибали маскан бўлиб қолади, деб ёзган «Pseacher».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Ҳидоя" ўрта-махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида иншолар (эсселар) танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтмоқда.

Эсселар танлови – ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга содиқлик, Ватанга садоқат туйғусини янада кучайтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий ва ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилмоқда.

Танловнинг иккинчи, республика босқичи 2022 йилнинг 14-17 июнь кунлари Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўтказилади.

Танловнинг мадраса кесимида энг яхши деб топилган 1-,2-,3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Республика босқичи 1-ўрин соҳибига 30 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи топширилади.

 

https://t.me/hidoyauz 

4 июнь куни Наманган туманида тумандаги масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва мутаваллилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов ҳамда вакиллик мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилишда тумандаги масжидлар ҳолати, намозхонлар учун яратилган шароитлар, масжидларнинг молиявий ҳолатини янада яхшилаш, диний соҳа ходимлари томонидан амалга оширилган маънавий- маърифий ишлар таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинди.

Наманган туманида сайёр йиғилиш ўтказилди
Наманган туманида сайёр йиғилиш ўтказилди
Наманган туманида сайёр йиғилиш ўтказилди
Наманган туманида сайёр йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top