muslim.uz
Ҳомиджон домла Ишматбеков мадрасадаги янги бинога илк ғишт қўйди, таровиҳ намозларида мавъиза қилди
2022 йил 20-22 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб, ҳудуддаги масжид ва мадрасаларда намозхон ва талаба-ёшларга маърифий мавзуларда мавъиза қилиб бермоқда.
Дастлаб Ҳомиджон домла Нукус шаҳрида бўлиб, диний соҳа ходимлари билан учрашди. Шунингдек, шаҳардаги “Ережеп бий” жоме масжиди таровиҳ намози олди “Рамазон рўзасининг фойдалари” мавзусида сермазмун мавъиза қилди.
Сафар давомида Ҳомиджон домла Хоразм вилоятига ташриф қилиб, Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, ўқув даргоҳи ҳудудида талаба-ёшларга янги барпо этилаётганган ётоқхона пойдеворига илк ғиштни табаррукона қўйиб, унинг қурилишига оқ фотиҳа берди. Пешин намозида талаба-ёшлар билан дилдан суҳбат бўлиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Шу куни Ҳомиджон домла Ишматбеков Урганч шаҳридаги “Охунбобо” жоме масжидидаги таровиҳ намози ва хатми Қуръонда қатнашиб, бу ерда йиғилган мўмин-мусулмонларга Қадр кечасининг фазилатлари ҳақида чиройли маъруза қилиб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ижтиҳод эшиклари ёпилганми? (аудио)
Президент: Бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан
Давлатимиз раҳбари оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди.
Шавкат Мирзиёев раҳбар сифатида қатъиятли ва талабчан бўлса, шахс сифатида меҳрибон ва эътиборли инсон. Буни унинг кексаларга, болаларга, эҳтиёжманд одамларга муносабатидан билса бўлади.
Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти ҳокими бўлганида Меҳрибонлик ва Мурувват уйларини тартибга келтиргани, Самарқандда кўзи ожиз болалар интернатига борганини одамлар ҳалигача эслайди.
Бугун бундай меҳр-эътибор бутун мамлакат миқёсига ёйилган. Президентимиз ҳудудларга чиққанида шундай ижтимоий муассасаларга боришга вақт топади.
Яқинда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги мактаб-интернатга борганида Шавкат Мирзиёев «юртимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўларди» деган эди. Халқимиз бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб, барча ҳудудларда оилавий болалар уйлари ташкил этилмоқда. Натижада сўнгги ойларда 16 та Меҳрибонлик уйидан 10 таси ўз фаолиятини тугатди.
Қашқадарё вилоятида ҳам биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилди. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.
Президентимиз Қашқадарёга сафари чоғида шундай меҳрибон инсонлар - Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашди.
- Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман, - деди Шавкат Мирзиёев. - Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўлаяпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратаяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўяяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди.
Президент болажонларга ҳам мурожаат қилиб, далда берди.
- Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин, - деди давлат раҳбари.
Қашқадарё вилоятида жами 16 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 98 нафар ўғил-қиз меҳр оғушига олинган. Президентимиз ушбу оилаларга ҳам миннатдорлик билдирди.
ЎзА
Диний соҳа ходимларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди
Бугун, 21 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ҳуқуқшунослик бўлими “Zoom” платформаси орқали Сирдарё вакиллиги ва масжидларни иш юритувчи масъул ходимлари билан онлайн учрашув ўтказилди.
Масофадан туриб ўтказилган тадбирни Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.в.б. Жаҳонгир Хотамов олиб борди. Унда мазкур бўлим масъул ходими Элёр Минаваров ҳам қатнашди.
Онлайн тадбирда Жаҳонгир Хотамов иштирокчиларга Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори мазмун-моҳияти шарҳлаб берилди ва бу тўғрида ҳудуддаги диний соҳа вакилларига етказиш айтилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси лойиҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Масофавий учрашув давомида масжид ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштириб қўйиш, жомелардаги ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
БОБОЛАР МEРОСИ жаҳолатга қарши маърифат билан курашда асосий қалқонимиз
МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ
Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида халқимизнинг диний-маърифий илмга эҳтиёжини қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳамма ҳудудда масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, диний таълим муассасалари барпо этилаётгани, чет эллик таниқли уламоларнинг ташриф буюраётганини юртдошларимиз катта мамнуният билан қарши олмоқда.
Халқимиз, хусусан, ёшларнинг маънавий-маърифий, илмий интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлиги асосида таълим сифатини ошириш мақсадида соҳа бўйича малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими яратиляпти. Жумладан, Президентимизнинг 2018-йил 16-апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги эзгу ишларни амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Фармонга асосан, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Ушбу мактабда ўқиш муддати беш йил бўлиб, ҳадис илми, диний фанлар мутахассислари ва араб тили ўқитувчилари тайёрланади. Дарсликлар “устоз-шогирд” анъанаси асосида ўргатилади.
Талабалар ўқиш давомида ихтисослик фанларини ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган юртимиз ва хорижий алломаларнинг мўтабар илмий асарлари асосида ўрганади. Ислом оламида эътироф этилган олтита ишончли тўпламдаги ҳадисларни ёдлаб, уларга ёзилган шарҳлар ёрдамида динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини ўрганади, кўплаб фазилатларни ўзлаштиради. Шунингдек, ўқув жараёни қадимги Бухоро, Самарқанд, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги мадрасаларнинг ўқитиш анъаналари ҳамда нуфузли хорижий таълим муассасаларининг тажрибаси асосида йўлга қўйилган.
Жумладан, ихтисослик бўйича ишлаб чиқилган ўқув режаси ва фан дастурлари дунёдаги етакчи таълим муассасаларининг нуфузли 20 нафар уламосига тақдим қилинган ва улардан экспертлик хулосалари олинган. Хулосаларда Ҳадис илми мактабининг ўқув режасидаги фанлар ҳамда улар асосидаги дарсликларни пухта ўзлаштирган битирувчилар нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида тўғридан-тўғри ўқишни давом эттириши мумкинлиги эътироф этилди.
Бугуннинг талабига кўра, Ҳадис илми мактабида ўқув жараёнини ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш мақсадида электрон портал фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу қулайлик натижасида талабалар фанларга доир маълумотлардан ҳеч қандай қийинчиликсиз мустақил хабардор бўлиб бормоқда.
Президентимиз 2019-йил 11-январ куни Ҳадис илми мактабига ташрифи давомида ўқув методикасини халқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида хориждаги нуфузли таълим муассасаларининг малакали ўқитувчиларини жалб этиш лозимлигини таъкидлаган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш ҳамда машғулотларни юқори савияда ташкил этиш учун мактабга дунёнинг нуфузли таълим муассасаларидан ҳисобланадиган Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан ҳадис илми ҳамда араб филологияси бўйича малакали мутахассислар таклиф этилди. Шунингдек, талабаларнинг хорижий тилларда эркин мулоқот қилиш кўникмасини шакллантириш ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенгроқ фойдаланиши ва чет тилларда илмий изланиш олиб бориши учун зарур шарт-шароит яратилди. Хусусан, мактабга Деҳли университетининг Тилшунослик илғор тадқиқотлар маркази профессори Равиндер Гаргаш инглиз тили машғулотларини ўтказиш учун жалб этилди. Қолаверса, талабаларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришини таъминлаш мақсадида чет тили аудиторияларига синхрон таржима ускуналари ўрнатилди. Ҳозир улар хорижлик ўқитувчилар билан ҳамкорликда араб ва инглиз тилларидаги кўп қисмли мултфилмларни ўзбек тилига таржима қилмоқда.
Ўқув жараёнида талабаларнинг фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича назорат синови Ал-Азҳар университети тажрибаси асосида ўтказиляпти. Кези келганда айтиш жоизки, ўтган ўқув йилининг биринчи ва иккинчи ярим йиллиги якунига кўра, талабалар малака талаблари бўйича мутахассислик фанидан асосий дарслик ҳамда қўшимча ўқув адабиётларни “устоз-шогирд” анъанаси асосида тўлиқ ўзлаштирди.
Бундан ташқари, мактабда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, уларни турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишга йўналтирилган давлат сиёсати ва ҳукуматимиз топшириқларини ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Муассаса ўқитувчилари вилоятдаги Ҳадис ва Калом илмий мактаблари тингловчиларига ислом дини, Қуръони карим, ҳадис, ақоид каби илмларнинг асл моҳиятини, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотларнинг меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган асоссиз хуружларнинг олдини олиш бўйича ҳам машғулотлар олиб бормоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти ҳудудий филиалида ташкил этилаётган малака ошириш курсларида назарий ва амалий дарслар ўтилаётир.
Яна бир муҳим жиҳат. Ҳадис илми мактабида ўқитувчилар ва хорижлик нуфузли уламолар, мутахассисларнинг маърузаларини аудио ва видео шаклида ёзиб олиш, юртимиздан етишиб чиққан бошқа буюк уламоларнинг сабоқлари асосида телекўрсатув ҳамда радиоэшиттиришлар тайёрлаш мақсадида Мултимедиа бўлими ташкил этилган. Мазкур студияда мутахассислик фанидан видео дарслар, қатор маърифий, халқчил китоблар асосида видеороликлар, ижтимоий ҳаётимизга оид долзарб мавзуларда кўрсатувлар тасвирга олиниб, муассасанинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.
Чет элда бўлиб қайтган юртдошларимиз хорижликларнинг Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк ҳадисшунос боболаримизга чексиз эҳтиромидан ҳайратга тушиб қайтганига кўп гувоҳ бўламиз. Бу ҳурмат бежиз эмас. Аждодларимизнинг бу қадар довруқ қозониши замирида катта меҳнат, илм йўлидаги заҳмат, мусофирлик машаққати ётибди. Уларда бугунги имкониятлар бўлганида, эҳтимол, бундан-да каттароқ натижаларга эришарди. Шу маънода, мамлакатимиз ёшлари учун муҳайё этилган ҳозирги шарт-шароитнинг маънавий қиймати жуда юксак. Мактабимиз тингловчилари бу имкониятдан фойдаланиб, боболаримизга муносиб авлод бўлиб етишиш йўлида асло толмайди.
Олимхон ЮСУПОВ,
Ҳадис илми мактаби ректори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 21-апрел, 79-сон