muslim.uz

muslim.uz

Хабар берганимиздек, жорий йил 7-17- март кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакилларидан иборат делегация кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Франциянинг Париж ва Руан шаҳарларида бўлиб турибди.
ЎзА хабарига кўра, куни кеча делегация аъзолари, Франциядаги катта Париж масжиди ректори, ва фахрий адвокат Шамсиддин Ҳофиз билан учрашди.


Маълумки Франция аҳолисининг қарийб 10 % ни ислом дини вакиллари ташкил этади, бу 6.5 млн. аҳоли атрофида дегани. Ўзбекистонга , Бухорога келадиган францийалик мусулмонлар эса 2 % ни ҳам ташкил этмайди.
Ўзбекистон бутун дунёдан зиёратга келадиган дин уламолари учун ислом маданияти маркази десак муболаға бўлмайди, чунки бу Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Етти Пирлар юртидир.


Учрашувда Бухородаги олим, ислом дини уламолари, имомлар ва мадраса ўқитувчиларини Францияга юбориш ва у ердаги мусулмон жамоатлари билан ҳамкорликда зиёрат туризми йўналишида тарғибот учрашувларини ўтказиш таклифлари берилди.


Маълумки, Францияда 2500 дан ортиқ масжидлар мавжуд бўлиб, бу масжидларнинг барчасига келувчиларни Ўзбекистонга зиёрат туризми йўналишида жалб қилиш, ўзбек ислом тамаддуни дарғалари, олимларимиз илмий меросининг ҳали ўрганилмаган ва очилмаган томонларини мухлисга , китобхонга тақдим қилиш орқали ҳам Франциядан сайёҳларни жалб қилиш каби таклифлар ҳам Бухоро делегацияси томонидан илгари сурилди.
Фахрий ректор Шамсиддин Ҳофиз рўзаи рамазон кунлари Франция масжидларида ҳам таровеҳ намозларининг ўтказилиши, қолаверса ёш қорилар томонидан Қуръон тиловати бўйича мусобақалар ташкил қилиниши ҳақида гапирди.
"Мусобақа якуни Рамазон ойининг охири кунига тўғри келади ва энг яхши қироат қилувчи ёшлар танлаб олинади. Ғолиб бўлган Франция ёшлари учун мукофот сифатида Ўзбекистонга зиёрат турларини ташкил қилсак ҳам нур устига аъло нур бўлади",-деди у.


Бухоро делегацияси томонидан бу таклиф маъқулланди ва тез орада кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Мазмунли учрашув Парижнинг энг катта масжидларидан бирида бўлиб ўтди.


Мазкур масжид, 1922 йилда қурилган бўлиб, шу йили унинг 100 йиллиги нишонланар экан. Масжид бир вақтнинг ўзида 10 мингдан ортиқ кишини сиғдириши мумкин.
"Ушбу масжиднинг 100 йиллиги муносабати билан, катта тадбир ташкил қилиниши режамизда бор ва таклифим Ўзбекистон экспозицияси ҳам бўлса, тадбирга келган барча Францияда яшайдиган ўзбеклар ва умуман француз аҳолиси ўзбек қадриятлари билан танишса",- деди Шамсиддин Ҳофиз.


Учрашув якунида катта Париж масжиди вакилларига Бухоро делегацияси томонидан миллийлигимиз акс этган ҳунармандчилик буюмлари тақдим этилди.
Шамсиддин Ҳофиз жаноблари эса Бухоро делегациясига Қуръони Каримнинг француз тилига ўгирилган вариантини тақдим қилди.


Музокаралар давомида келишилган барча пунктлар бўйича ишлашга келишиб олинди ва ҳамкорликда ишлаш учун катта Париж масжиди вакили Ўзбекистон делегациясига бириктириб берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Воскресенье, 20 Март 2022 00:00

Муҳаммад ибн Сийрин (иккинчи қисм)

Тижорат сафарига кетаётган бирон кимса хайрлашиш учун Муҳаммад ибн Сийриннинг олдига келса, унга насиҳат қилиб:

- Биродарим, сизга насиҳатим аввало Аллоҳ азза ва жалладан қўрқинг, тақво қилинг. Ризқингизни фақат ва фақат ҳалол йўллар билан топинг. Сиз ризқингизни ҳалол бўлмаган йўллар билан топсангиз ҳам, барибир тақдирда ёзилганидан кўпроғини топа олмайсиз, - деб кузатиб қўярди.

Муҳаммад ибн Сийрин Уммавийлар амирлари билан ҳам ўзига хос муносабатда муомала қиларди. Улар билан кўришганида маломатдан қўрқмай ҳақ сўзни гапирганига тарих шоҳиддир. Чунки, у Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонларнинг йўлбошчиси учун холис насиҳат қиларди. Шулардан бири:

“Ироқ ва Хуросон ҳокими, Умавийларнинг катталаридан бўлган Умар ибн Ҳубайра Фазорий Муҳаммад ибн Сийринни ҳузурига чорлаб чопар юборади. Ҳокимнинг даъватини ижобат қилиб Муҳаммад ибн Сийрин жияни билан йўлга тушади. Ҳокимнинг олдига киришганда у Муҳаммад ибн Сийринни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга ўтказади ва дин ва дунё ишларидан кўп масалаларни сўраб олади. Суҳбат асносида ҳоким:

- “Эй Абу Бакр, шаҳрингиз аҳолисини қай аҳволда қолдириб келдингиз?” - деб сўраганида, Муҳаммад ибн Сийрин:

“Шаҳар аҳолиси ичида зулм кенг тарқагандир, сиз эса бундан бехабарсиз”, - деди.  Шунда Муҳаммад ибн Сийриннинг жиянлари елкаларини босиб, гапдан тўхташларини талаб қилганида, жиянларига қараб:

- Сен булар ҳақида масъул эмассан, аммо мен масъулман. Бу “гувоҳлик”дир ахир. “Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий – гуноҳкордир”, деди.   Суҳбат ниҳоясига етганида, Умар ибн Ҳубайра Муҳаммад ибн Сийринни қандай иззат-икром билан кутиб олган бўлса, ундан-да зиёда ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўяди ва ортларидан уч минг динор бериб юборади. Муҳаммад ибн Сийрин динорларни олмайди. Жиянлари:

- Ҳокимнинг ҳадясини нима сабабдан олмадингиз? - деб сўраганида. Улуғ тобеин:

 - Ҳоким ҳадяни, менда яхшилик бор деган ўйда берган. Агар ҳоким ўйлаганидек мен яхшилик аҳлидан бўлсам, ҳокимнинг берганини олиш менга лойиқ бўлмайди. Агар у ўйлаганидек бўлмасам, буни олмаслигим менга афзалроқдир, - деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Сийриннинг содиқлигини имтиҳон қилишни хоҳлаб, мусулмонларга етадиган машаққатларга рўбарў қилди... Шулардан бири:

“Улуғ тобеин насияга катта миқдорда ёғ сотиб оладилар. Ёғ солинган идишларнинг бирини очганларида, ўлган сичқоннинг титилиб ётганини кўрадилар. Ўзларига: “Бу идишлардаги ёғларнинг ҳаммаси идишларга алоҳида-алоҳида солинишдан аввал мойжувозда бир идишда бўлган. Демак бу нажосат фақат мана шу идишдаги ёғга хос эмас. Агар ёғингга сичқон тушиб ўлиб титилиб ётибди, мен бу айбли молингни олмайман, деб ёғни эгасига қайтариб берсам, у ёғни одамларга сотиб юбориши мумкин” деб, ёғнинг ҳаммасини тўкиб юборади. Бу иш, тижоратлари қаттиқ касодга учраб қолган вақтга тўғри келган эди. Шундай қилиб катта қарзга кириб қолади. Ёғнинг эгаси ҳаққини талаб қилганида, қарзни тўлашга қодир бўла олмайдилар. У волийга шикоят қилади, волий бўйниларидаги қарзни адо қилмагунларича, Муҳаммад ибн Сийринни қамаб қўйишга буюради. Қамоқда узоқ муддат қолиб кетганларини ва яна улуғ тобеиннинг диндаги салобатлари, тақволари ва ибодатларини кўрган қамоқхона нозири раҳми келиб:

- Эй шайх, кеч киргач уйингизга бориб, оилангиз билан кечани ўтказиб кела қолинг, тонг отгач қайтарсиз. Қамоқдан озод бўлиб чиққунингизгача шундай қилиб турақолинг, - деганида. Муҳаммад ибн Сийрин:

-  Аллоҳга қасамки, мен асло бундай қилмайман.

Қамоқхона нозири:

- Нима учун?

Муҳаммад ибн Сийрин:

- Волийга хиёнат қилишингда сенга ёрдамчи бўлиб қолмаслигим учун, - деб жавоб берган эканлар.

Муҳаммад ибн Сийриннинг қамоққа тушишлари, улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг дунёдаги охирги дамларига тўғри келиб қолди. Улуғ саҳобий вафотларидан сўнг ювиш, кафанлаш ва жанозаларини ўқиш маросимларини Муҳаммад ибн Сийрин бажаришига васият қиладилар. Анас ибн Молик вафот этгач, одамлар волийга келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилган улуғ саҳобийнинг сўнги васиятлари ҳақида хабар бериб, васиятни бажариш учун Муҳаммад ибн Сийринни қамоқдан чиқариб туришга изн сўрайдилар, волий рухсат беради, аммо қамоқга бориб Муҳаммад ибн Сийринга ҳолатни баён қилишганида, улуғ тобеин: “Токи қарзимнинг эгаси изн бермагунича чиқмайман, чунки мен устимда унинг ҳаққи борлиги учун қамалганман”, деб жавоб берадилар. Ҳақдор ҳам рози бўлгач, қамоқдан чиқиб, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, сўнг аҳли-оилаларини кўриш учун уйларига ҳам бормай яна қамоққа қайтиб келадилар”.

Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Сийрин 110 ҳижрий санада вафот топганлар, 77 йил умр кечирдилар.

Ўз замонасидаги обида аёллардан бўлган Хафса бинти Рошид ҳикоя қилади: “Тоат-ибодатга берилган жуда обид киши бўлган Марвон Маҳмалий бизнинг қўшнимиз эди. Шу киши вафот этганида қаттиқ ғамга ботган эдик. Туш кўрибман, тушимда ана шу обид қўшнимизни кўриб:

- Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни нима қилди? - деб сўрадим. У:

- Роббим мени жаннатга киритди, — деди.

- Кейин нима бўлди?

- Кейин ўнг тараф эгаларининг олдига олиб чиқилдим.

-  Кейин нима бўлди?

- Кейин муқарраблар (Аллоҳга яқин қилинган буюк кишилар) олдига олиб чиқилдим.

-  У ерда кимларни кўрдингиз?

-  Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийринни... деди.

 

Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

 

 

Интернет материаллари асосида

Халқаро алоқалар бўлими  ходими

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

Устоз Исҳоқжон домла Бегматов

Воскресенье, 20 Март 2022 00:00

Қуръони карим кўргазмаси очилди

Яқинда Маккада Қуръони карим кўргазмаси очилди. У Саудия Арабистони ислом ишлари вазирлиги, Кўргазма ва конференциялар бош котибияти томонидан ташкил этилди. 14 кунлик тадбир Мадинадаги Қуръони каримни чоп этиш бўйича Шоҳ Фаҳд мажмуаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Вазирликнинг Маккадаги бўлинмаси бош директори Салим бин Ҳаж Ал-Ҳамри ушбу кўргазма дунёдаги энг йирик Қуръон босма мажмуасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлишини айтди.
Унинг таъкидлашича, мажмуа яратилганидан бери китоб нашр этиш 345 миллион нусхасидан ошди. Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш қарийб 8 миллион нусхани ташкил этган бўлса, ҳозирда Қирол Салмон кўмагида Қуръони каримнинг нашр этилиши йилига 20 миллион нусхага етди.
Кўргазмада Қуръонни чоп этиш ва нашр этиш жараёни намойиш этилиб, мураккаб ва замонавий технологиялар, эски қўлёзмалари тўплами ҳам тақдим этилмоқда. Буларнинг барчаси мусулмонларни Қуръони каримга яқинлаштириш мақсадида қилинмоқда, деб ёзмоқда islam.ru .
Муқаддас Қуръонни чоп этиш бўйича Қирол Фаҳд мажмуаси 1985 йилда Исломий босма ва аудио нашрларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун ташкил этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Аллоҳга шукрки, “COVID-19” пандемияси сабабли тўхтаб қолган Умра зиёрати, узоқ муддатли танаффусдан сўнг, катта қувонч билан яна қайта йўлга қўйилди.

Мўмин-мусулмонларимиз Каъбаи Муаззамани тавоф қилиш, Расулимиз алайҳиссаломнинг муборак равзаларида намоз ўқиш, дуо қилиш, у зоти шарифга салом бериш бахтига муяссар бўлдилар.

Ҳақ таоло Қуръони каримда: “Ҳаж ва Умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг”, – деб баён қилган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда Умра ибодати учун улкан савоблар, даражалар ваъда қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра – умрагача бўлган хатоларга каффоратдир”, – дея марҳамат қилганлар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида ҳам катта қадамлар ташланди: Умра сафарига бўлган эътибор кучайди, навбатлар сезиларли даражада камайтирилди, хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилди. Буларнинг барчаси – юртдошларимизни хурсанд қилмоқда.

Қувонарли жиҳати, 20 март куни, “Умра-2020” мавсумида сафар харажатларини тўлиқ амалга оширган, лекин “COVID-19” пандемияси сабабли зиёратга бора олмаган фуқароларимизнинг охирги гуруҳлари Саудия Арабистонига жўнаб кетади.

Шу билан, Саудия Арабистони билан мавжуд шартномага мувофиқ, “COVID-19” пандемияси сабабли зиёратга бора олмай қолган 23 минг юртдошимизни Умра сафарига юбориш ишлари тўлиқ якунланади.

Айни кунларда Рамазон ва Шаввол ойларида Умра сафарини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий ва амалий ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида “COVID-19” пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари аста-секин юмшатилиб, Саудия ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.

Бу эса, ўз навбатида, меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳамкор ширкат вакиллари билан Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра зиёрати юзасидан музокаралар олиб борилди ва белгиланадиган нарх бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Таъкидлаш зарурки, Рамазон ойида Саудия Арабистонидаги мавжуд шароитдан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш нархлари ошаётган бўлсада, саъй-ҳаракатлар натижасида Шаввол ойида (Рамазон ойидан кейин) Умра мавсумининг охиригача зиёратчиларнинг сафар харажатлари учун амалдаги мавжуд қиймат сақлаб қолинади.  

Яна бир муҳим масала, юртдошларимизнинг Умра зиёратига бўлган талаб ва истакларини инобатга олиб, Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам қисман ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қиламиз.

Ўз навбатида, узоқ муддатли танаффусдан сўнг, юртимиз мўмин-мусулмонларига муборак Рамазон ойининг раҳматга тўла кунларини яна Икки Ҳарамда ўтказиш бахтини насиб этган Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top