МАҚОЛА

2-Мавзу: Ҳанафий мазҳабида “такбири таҳрима” ва намозда қўл боғлаш

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва “такбири таҳрима” айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйи­да улардан баъзиларини келтирамиз:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه،”أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ،

وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ” (رواه الإمام مسلم)

яъни: Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ

حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ

(رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني)

яъни: Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар” (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).

Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Ал-Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, намозга киришда қўлни қаергача кўтариш ҳақида мазҳаблар орасида бироз фарқлар бор. Албатта, агар барча ўз мазҳабига амал қилса, муаммо йўқ. Аммо минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиниб келаётган юртда туғилиб-ўсган кишилар, ота-боболарининг мазҳабига зид равишда, кўпчилик жамоатдан ажралиб намоз ўқишлари муаммо ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Тортишувга сабаб бўлган масалалари суннат ёки мустаҳаб даражасидаги кичик амал бўлса-да, тортишувларининг натижаси ҳаром бўлган амалга олиб келмоқда, яъни мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариш, уларнинг бир-бирларига адоват ва ёмон назар билан қарашларига сабаб бўлмоқда.

Натижада бир юртда яшаётган мусулмонлар бир-бирларига душман бўлмоқдалар. Бу ихтилофга сабаб бўлаётган ёшларимиз қилмишлари билан мақсадлари мусулмонлар ўртасида бир-бирларига душманлик, адоват ҳамда тафриқа чиқариш бўлган Ислом динига қарши чиқаётганларга ёрдамчи бўлиб қолаётганликларини англамаяптилар.

Шу нуқтаи назардан, юртимиз мусулмонлари намозни, жумладан, такбири таҳримани ҳанафий мазҳаби асосида амалга оширишлари мақсадга мувофиқдир.

“Такбири таҳрима”да қўллар елка баробаригача кўтарилишига ҳанафийларнинг жавоби. Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозга киришда қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадислар ривоят қилинган. Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулосага келганлар: Совуқда Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи ва салламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар. Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ: أَتَيْت النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَرَأَيْته يَرْفَعُ يَدَيْهِ حِذَاءَ أُذُنَيْهِ إذَا كَبَّرَ... قَالَ: ثُمَّ أَتَيْته مِنْ الْعَامِ الْمُقْبِلِ، وَعَلَيْهِمْ الْأَكْسِيَةُ وَالْبَرَانِسُ فَكَانُوا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ فِيهَا، وَأَشَارَ شَرِيكٌ إلَى صَدْرِهِ
(رَوَاهُ الإمَامُ الطحاوي)

яъни: «Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳузурларига) борганимда икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса, улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар“» (Имом Таҳовий ривояти).

Машҳур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар:

فَأَخْبَرَ وَائِلُ بْنُ حُجْرٍ فِي حَدِيثِهِ هَذَا أَنَّ رَفْعَهُمْ إلَى مَنَاكِبِهِمْ، إنَّمَا كَانَ لِأَنَّ أَيْدِيَهُمْ كَانَتْ حِينَئِذٍ فِي ثِيَابِهِمْ، وَأَخْبَرَ أَنَّهُمْ كَانُوا يَرْفَعُونَ إذَا كَانَتْ أَيْدِيهِمْ لَيْسَتْ فِي ثِيَابِهِمْ، إلَى حَذْوِ آذَانِهِمْ .فَأَعْمَلْنَا رِوَايَتَهُ كُلَّهَا فَجَعَلْنَا الرَّفْعَ إذَا كَانَتْ الْيَدَانِ فِي الثِّيَابِ لِعِلَّةِ الْبَرْدِ إلَى مُنْتَهَى مَا يُسْتَطَاعُ الرَّفْعُ إلَيْهِ، وَهُوَ الْمَنْكِبَانِ. وَإِذَا كَانَتَا بَادِيَتَيْنِ، رَفَعَهُمَا إلَى الْأُذُنَيْنِ كَمَا فَعَلَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ .

яъни: “Демак, Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳунинг “(Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар“ деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегиш­лидир. Аммо “(Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар“ деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир. Шундай экан, биз ҳанафийлар “такбири таҳрима”да қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларининг барчасига амал қиламиз. Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса, елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” (“Шарҳи маонил-осор” китоби).

Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмаслигига сабаб, барча кийимларнинг енги борлигидир. Демак, ҳозирги пайтда намозга кирувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради.

Шу билан бирга, намозга киришда қўлнинг бош бармоғини қулоқ юмшоғига теккизишнинг бир ҳикмати шуки, орқада иқтидо қилгувчиларга намозга киришганлигини аъзолар билан билдиришдир. Айниқса, қулоғи оғир ёки умуман эшитмайдиган кишилар ҳам қўлни қулоқ баробарига кўтарилган пайтда намоз бошланганини биладилар. Қўлни елка баробарига кўтарганда эса, орқадагиларга намоз бошланганини кўз билан билиш қийин бўлади ёки кўринмайди. Шунинг учун ҳам уламоларимиз намозга киришда қўлнинг бош бармоғини қулоқ баробаригача кўтариш суннат ва уни қулоқ юмшоғига теккизиб қўйиш мус­таҳаб амал деганлар.

Намозда қўл боғлаш тартиби. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

عن وائل بن حجر رضى الله عنه قال «رأيت النبى صلى الله عليه وسلم وضع يمينه على شماله فى الصلاة تحت السرة» اخرجه الإمام ابن ابى شيبة. رجاله ثقات

яъни: Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳудан, у зот оталаридан ривоят қилинади. «У зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига – киндик остига қўйганларини кўрдим (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). “Эълоус сунан” китобида, бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир, дейилган. Яна бир ривоятда шундай келади:

عن ابى وائل رضى الله عنه قال: قال أبو هريرة رضى الله عنه: “اخذ الاكف على الاكف فى الصلاة تحت السرة” (رواه الإمام ابو داود)

яъни: Абу Воил розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади» (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: “Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламданми?” деб сўраганлар. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдандир”, деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган”.

عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: “السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة”

(رواه الإمام ابو داود)

яъни: Абу Жуҳайфа розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш суннатдир» (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг “Муснад”ида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг “Тажриду завоиди муснад ал-Баззор” асарида: “Агар ҳадис “Муснади Аҳмад”да келса, бошқа “Муснад”ларга ҳожат йўқ”, деган. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмайди” (“Эълоус сунан” китоби).

Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари ҳақида “Музмарот” китобида бундай дейилган:

لانه اقرب الى التواضع وابلغ الى الخشوع والى ستر العورة واحفظ للازار عن السقوط

яъни: “Қўлни киндик остида тутиш – камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорнинг тушиб кетишидан сақлагувчироқдир”.

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ Ҳаммод ибн Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари, бу зот Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари, бу зот Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ­нинг шогирдлари, бу зот хулофои рошидинлардан кейинги энг фақиҳ саҳобалардан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг шогирдларидан бўлган. Бир сўз билан айтганда, Иброҳим Нахаъийнинг амали Алқама ибн Қайснинг амали, Алқаманинг амали Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг амали, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг амали Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амалидир. (“Тазкиротул Ҳуффоз” китоби, 48-саҳифа). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “Муснад”ларининг муқаддимасида қуйидаги ҳадис зикр қилинган:

“رضيت لامتي ما رضي ابن ام عبد و كرهت لامتي
ما كره ابن ام عبد”

«Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Умматим ҳаққида Ибн Масъуд рози бўлган нарсага рози бўлдим ва у кариҳ кўрган нарсани кариҳ кўрдим”».

Намоз пайти қиёмда қўл боғлаш суннат эканига ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Бироқ қўл боғлаш кайфияти борасида шофеий ва ҳанбалий фақиҳлар ҳанафий фақиҳларига хилоф қиладилар. Уларнинг далил қилиб келтирган ривоятларидан бири, Имом Байҳақий Воил розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир.

عن وائل رضي الله عنه انه راي نبي صلي الله عليه وسلم وضع اليمني علي شماله ثم وضعهما علي صدره

Воил розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўнг қўлларини чап қўллари устига, сўнг кўксиларига қўйганларини кўрганлар”. Шофеий ва ҳанбалий уламолар қўлни мана шундай боғлашда хушуънинг комил даражаси борлиги ва бу қўлни киндик остига қўйиб туришдан афзал эканлигини айтадилар. Бунга жавобан ҳанафийлар: “Қўлни киндик остига қўйиш таъзимнинг энг юқори кўринишидир. Одатда, подшоҳнинг олдида қўлни киндик остига қўйиб, таъзим билан турилади. Қўлни кўкракка қўйиб туриш эса, аёллар таъзими кўринишидир”, дейдилар (“Умдат ул-Қорий” китоби, 5-жилд, 407, 408-саҳифа).

Демак, намозда қўлни қаерда тутиш ҳолати ҳақидаги ҳадисларни мувофиқлаштириш керак бўлади. Уни эса фақат ижтиҳод қилишга қодир уламоларимиз аниқлаб берадилар. Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳид­лари юқоридаги ҳадисларга асосланиб, “Эркаклар қўлларини киндик остида тутадилар”, дейдилар. Қолаверса, ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир.

Демак, ким қайси мазҳабга эргашган бўлса, ўшанга амал қилиши лозимдир. Бизнинг диёрларда минг йиллардан бери мўмин-мусулмонлар ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Шу сабаб намознинг қиёмида қўлни боғлаш масаласида ҳам ҳанафий мазҳабига эргашамиз. Акс ҳолда, ноўрин ихтилоф чиқарилган бўлади. Бошқа мазҳабларнинг далилларини топиб олиб, ҳанафийларни чалғитиб, одамлар орасида жорий қилиш фитнага сабаб бўлиши, анъаналарга беписандлик билан қарашларга олиб келиши мумкин.

 

"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан 

1886 марта ўқилди

Мақолалар

Top