МАҚОЛА

Уламолар ва бидъатчиларнинг фарқи

Уммати Муҳаммадийя орасида турли ихтилофлар ҳар замон кўтарилиб туради. Ҳозир бундай ихтилофлар роса кенг тарқаган замонда яшамоқдамиз. 

 Одамлар орасида ихтилоф чиқазиш, умматни тафриқа қилиш жуда хатарли ишлардан. Бу иш бизнинг умматга зарар бўлиш билан бирга душман учун манфаатли ҳисобланади. Чунки байроғи, оммавий фикрлаши, ғояси бир бўлган миллатни йиқишдан кўра турли хил фирқаларга бўлиниб олган миллатни йиқитиш анча осон.

 Ихтилофлар ҳам турлича. Миллатчилик, маҳаллийчилик каби иллатлар яна ақийдавий, фиқҳий, сиёсий, ижтимоий ихтилофлар уммат келажагига раҳна солиб турган хавфлардан. 

 Ақийдавий ва фиқҳий ихтилоф ёйилишининг асосий сабаби уммат орасидаги бефаросатлар ёки хоинлар томонидан ўқтин ўқтин бундай ихтилофларни эсга олиниши ва эслатилишидир. Яна асл мақсад тушунилиши қийин бўлган ҳамда муташобиҳ бўлган ояту ҳадисларни омма олдида зикр қилиш ҳам бундай ихтилофлар қўзғалиши ва тарқалишининг энг катта сабабларидандир. Шунинг учун ҳақ йўлдаги забардаст уламоларимиз бундай ҳадисларни омма олдида айтишни қоралашган. Масалан Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «Тақриб» номли китобларига ёзган «Тадрибур ровий» номли асарларида қуйидагиларни айтадилар:

 «(Муҳаддис) инсонлар ақли кўтармайдиган ва тушунмайдиган ҳадисларни (омма олдида айтишдан) четланмоғи даркор.*

 Масалан Аллоҳнинг сифатлари зикр қилинган ҳадислар. Чунки уларнинг бундай ҳадисларни эшитиб хато ва нотўғри ўйга ҳамда ташбеҳ (яъни, Аллоҳ таолони яратилган мавжудотларга ўхшатиш)га ва тажсим (яъни, Аллоҳ таолони жисм деб эътиқод қилиш)га тушиб қолишлари хавфи бор. 

 Алий розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ ва Расули ёлғончига чиқарилишини яхши кўрасизларми?! Одамларга маъруф нарсаларни гапиринг, улар инкор қиладиганлари эса ташланглар», деб айтганлар (Имом Бухорий ривоят қилган).

 Имом Байҳақий «Шуабул иймон»да Миқдом ибн Маъдийкарибдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қачонки одамларга Раббилари ҳақида гапирсангиз, уларга ғариб бўлган ва оғир келадиган гапларни айтмангиз».

 Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Сен қавмга уларнинг ақли етмайдиган бирор ҳадисни айтсанг, албатта, уларнинг баъзисида фитна бўлади», деганлар (Имом Муслим ривояти).

 Хатиб Бағдодий айтадилар: «(Муҳаддис) яна авомга (шубҳали ишларнинг) рухсатлари ҳақидаги ҳадисларни, саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган фитналарни ва исроийлиётларни айтишдан сақланади». Иқтибос тугади. («Тадрибур ровий» китоби, «Муҳаддис одоблари» боби). 

 Шунингдек Ҳофиз Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Ал-жомеъ лиахлоқи ар-ровий ва одоби ас-сомеъ» (Ровий ахлоқи ва эшитувчининг одоби жамланмаси) асарларида қуйидагиларни айтадилар:

 «Муҳаддис ўз имлоларида** авомнинг ақли кўтармайдиган ҳадисларни ривоят қилишдан четланади. Чунки бунда авом хатога ва ваҳмлар - турли ўйларга кириб қолишлари, Аллоҳ таолони махлуқотларга ташбеҳ қилишлари ва У зотнинг васфида мустаҳил бўлган сифатларни У зотга нисбат бериб қўйишлари хавфи бор. Масалан зоҳири ташбеҳ ва тажсимни тақозо қиладиган ва Азалий Қадим зот - Аллоҳга аъзо ва қисмларни исбот қилишни келтириб чиқарадиган ҳадислар. Гарчи бу ҳадислар саҳиҳ ва уларнинг турли хил таъвиллари бўлсада, лекин улар фақатгина аҳл бўлган кишиларгагина ривоят қилиниши керакдир. Сабаби уларнинг маъноларини билмаган кишилар адашиб кетиб, ҳадисларни зоҳирига йўйишлари ёки уларни инкор қилишлари хавфи бор. Натижада эса у ҳадисларни рад этадилар ва уларнинг ровийларини ёлғончига чиқазадилар». Иқтибос тугади. Имом Хатиб Бағдодий бу гапларидан кейин айтилганларга далил ўлароқ қарийб ўнта ривоятни келтиларидар. 

 Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Муқизаҳ» китобида айтадилар: 

 «Муҳаддис омманинг қалби (ақли) кўтармайдиган мушкилоти (маъносида чигаллик) бор ҳадисларни ривоят қилишдан четлансин. Агар буларни ривоят қиладиган бўлса, бу хос мажлисларда бўлсин». Иқтибос тугади.

 Кўриб турганимиздек инсонлар ақли кўтариши қийин бўлган, зоҳири тажсим ва ташбеҳга олиб борадиган ҳадисларни, агарчи улар саҳиҳ бўлса ҳам, омма олдида зикр қилиш мумкин эмас.

 Бугун эса умматнинг 1400 йиллик карвонини адашганга чиқариб, бунга ўзича ҳадисдан далил келтираётганларга қарасангиз, минбарларда, ижтимоий тармоқда оғиз тўлдириб фақат ана шундай оммага айтилиши мумкин бўлмаган ҳадисларни айтадилар. Умматни ҳадафидан, вазифасидан чалғитадилар. Гўё ўн тўрт аср ҳамма жоҳил эдику, булар келиб мусулмонларнинг ақийдасини тўғрилашди. Гўё булар келгунча ушбу ҳадисларни ҳатто уламолар ҳам билмагану, булар саҳиҳ манбалардан олиб чиқиб, умматни залолатдан қутқариб қолди. Аслида эса иш ғирт тескариси бўлади. Уламоларимиз бу ҳадисларни билган, ёдлаган, ёзган, шарҳлаган ва бундай ҳадисларни фитна бўлмасин учун оммага зикр қилиниши тақиқлаган бўлишади.

 Ким ҳақ ким эса акси, бунинг ўзингиз хулоса қилинг.

 Аллоҳим ҳидоятидан айирмасин!

 ___

 *Ишора қилинган биринчи жумла Имом Нававийнинг «Тақриб»да айтган гаплари.

** Имло - муҳаддис ҳадисни ўзига етиб келган санади билан тўлиқ айтиб, ривоят қилиши.

Миролим Мансур

1082 марта ўқилди

Мақолалар

Top