МАҚОЛА

Ёшлар тарбиясида жадидлар меросининг аҳамияти

Мамалакатимизда қатағон қурбонлари бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, жадидлар меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Халқимизнинг ноёб адабий-бадиий мероси бугунги кунда ёш авлодга улкан маънавий куч беради. Ҳозирги кундаги кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,[1] “Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебахо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”

Юртимиз азалдан бебаҳо маънавий мерос ва қадриятларга бой мамлакат бўлган. Фақат биз бу меросни чуқур ўрганиб ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида фойдалансак, бизга Ватанни севиш, миллий ўзликни англаш, юрт келажагига дахлдорлик хисси билан яшашга ўргатади. Маърифатпарвар боболаримиз миллатни уйғотиш ва истиқлол йўлида қанча жабру жафолар чеккани ва тараққиётга фақат илму маърифат билан эришиш  мумкинлигини тарғиб этган.

Жадид боболаримиздан бири Абдулло Авлонийнинг ёшларимиз тарбияси хақидаги қуйидаги сўзлари  эътиборга моликдир:[2]“Тарбияни туғилган кундан бошламоқ, вужудимизни қувватлантирмоқ, фикрларимизни нурлантирмоқ, ахлоқимизни  гўзаллантирмоқ, зехнимизни равшанлантирмоқ лозим экан. Тарбияни ким қилади? Қаерда қилади?деган савол келади. Бу саволга: Биринчи уй тарбияси, бу она вазифасидир. Иккинчи мактаб ва мадраса тарбияси, бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидир... Хулоса шуки, тарбия биз учун ё хаёт, ё мамот, ё нажот, ё халокат, ёсаодат-ёо фалокат масаласидир”, деган  сўзлари бугунги глобаллашу жараёнида нақадар ахамиятлидир.

Ҳозирги кунда эктремизм, оммавий маданият, космополитизм[3] ижтимоий тармоқларга қарамлик каби зарарли иллатлар ёшларимиз ўртасида кенг авж олмоқда. Бу хатарлардан ёшларимизни сақлаш учун барчамиз шуғулланишимиз керак, заррача лоқайдликка йўл қўймаслик зарур.

 “Ёшларнинг бўш вақти душманнинг иш вақти” деган нақл бор. Биз фарзандларимизнинг бўш вақтини қолдирмаслигимиз, аксинча уларни фойдали ўқиш ва касб-ҳунарга  тарғиб қилишимиз шарт.

Давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида бундай деди[4]: “Азизларим, тарбияси издан чиққан нопок кимсалардан огох бўлайлик! Фарзандаларимизни уларнинг бузғунчи таъсиридан асрайлик! Келажагимизни ёвуз кучлар қўлига бериб қўйишга асло ҳаққимиз йўқ. Агар барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилсак, жамиятимизда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга, албатта, қодирмиз”.

Ушбу мавзу борасида маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қуйидаги сўзлари ҳозирги вақтда ҳам ўз таъсирини йўқотмаган:[5] “Тўй ва таъзияға сарф қилатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм вадин йўлига сарф этсак, анқариб оврўпойиллардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизга давом этсак, дин ва дунёга зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

Ҳақиқатан бугунги кундаги аҳволимиз ҳам худди шундай. Эндиликда маблағимизни ёшларимизнинг илм олишига шароит қилишга сарфласак мақсадга мувофиқ бўларди.

Жадид боболаримизнинг фикр-ғоялари мана бир аср бўлибдики ўз таъсирини йўқотгани йўқ. Бугунги кунда инсоният инқирозлар қуршови ва экологик муаммолар таҳликасида қолган, бу ҳам етмагандек, дунё ёшлари ишсизлик, очлик ва ахлоқий қашшоқлик каби иллатларга мубтало бўлиб турган вақтда биз ҳали ҳам баъзи майда икир-чикирлар хақида баҳсдамиз.

Миллий қарашнинг моҳиятини англаб етиш бугунги ҳодисаларни тўғри ўқий олиш учун ўз тарихимизни, хусусан, маърифатпарвар жадид боболаримиз қолдирган маънавий меросни чуқур билишимиз керак. Бугунги замонда илмий салоҳият ва саноатда қандай ўринлардамиз шу ҳақида баҳс қилишимиз зарур.

Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган замонда бизнинг аҳволимиз қандай? Илғор халқлар ҳамма соҳада ривожланиб бормоқда. Ҳатто ойни забт этиб сунъий интелектни ривожлантириб тараққий этаяпти. Хўш, биз бундай кадрларга муҳтож эмасмизми?! Мусулмон аҳли шундай кадрлар чиқармаса гуноҳкор бўлмайдими?!

Юртбошимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида қуйидаги таъсирли сўзларни ҳам таъкидлади: “[6]Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон”деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни хал этишимиз бўйича амалий харакатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади. Бу сўзлар ҳар бир “Ўзбекистонликман”, “ўзбекман” деган инсоннинг қалбида чуқур хис этмоғини истардим”.

Хулоса ўрнида биз буюк миллат сифатида дунёда ўз ўрнимизга эга бўлишни истасак, буюк тарихимиз билан бир қатордамаърифатпарвар жадид боболаримиз қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиб, уларнинг ўгитларига амал қилмоғимиз, Ватан тарақиёти учун жидду жаҳд қиладиган янги авлодни тарбияламоғимиз лозим.

Муҳаммадзакий домла Ҳомидов

Фарғона вилояти Қува тумани

“Акбаробод” жоме масжиди имом ноиби

[1]Ш.Мирзиёоев.Жадидлар тўплами китобидан Махмудхўжа Бехбудий Т.2022-йил 3-бет

[2] Абдулла Авлоний.Жадидлар тўплами китоби “Ёшлар нашриёти уйи,2022 84-85-бетлар.

[3] Миллий анъана ва маданиятдан,ватанпарварликдан воз кечишга-беватанликка чақирадиган мафкура.

[4] Ш.Мирзиёев. “Методик таргибот” телеграм сахифасидан олинди.22.12.2023

[5] Махмудхўжа Бехбудий. Жадидлар тўплами китоби “Ёшлар нашриёт уйи”Т.2022 140-бет

[6] Ш.Мирзиёев. “Методик тарғибот”телеграм канали 22.12.2023

1616 марта ўқилди

Мақолалар

Top