МАҚОЛА

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ВОЖИБ

Сарлавҳадан маълум бўлганидек, сиз ва бизга бир мазҳабга эргашиш вожиб. Мазҳабни ушламаслик охири динсизликка олиб боради. Гапимниг тасдиқи ўлароқ Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” китобида “Биз бу каби ҳолатга тушган жуда кўп инсонларни кўрдик. Ўзларича бир нечта ҳадисни маъносини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”,-деб, бориб бориб беқарор инсонларга айланишди. Бир иш борасида ўзининг фойдасига нима далил келса ўшани ушлаб олаверади. Ҳатто энг чеккадаги заиф қавлларни ҳам ушлаб, нафси хоҳлаган нарсани қилиб кетадиган бўлиб қолишди. Алкаш бўлиб кетганлари қанча. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Малфузот” китобларида Ҳиндистонда мазҳабсизликни тарғиб қилган бир муҳаддисни “Мен 25 йиллик тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир оқибат динсизликка олиб борар экан” деган гапларини иқтибос келтирган.

Дин душманлари бу умматни тўғридан-тўғри диндан олиб чиқиб кетишни уддасини қилолмагач, охири мазҳабсизлик ғояларини тарғиботини бошлашди. Бунинг учун баъзи саноқли масалалардагина ўз мазҳабидан четга чиққан ҳанбалий мазҳабидаги Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳни асос қилиб олишди. У киши ҳанбалий мазҳабида бўлиб, бир юз олтитагина ақоид ва ибодатга тегишли баъзи масалаларда мазҳабдан ташқарига чиққанлар. Бошқа ҳаммасида ҳанбалий мазҳабини маҳкам ушлаганлар. Лекин У киши ҳам ўзларидан аввалги уламоларни кофирга чиқарган эмаслар. Ҳатто Боязид Бистомий, Абдулқодир Жилоний каби тасаввуф машойихларини ҳам мақтов билан зикр қилганлар. Мазҳабдан чиққан ўринларда уммат уламоларининг қаттиқ раддияларига учраганлар. Демак, хатоларининг асосий сабаби- улар мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмаслигидадир.Уламолар мазҳабларга эргашиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилоф ни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, риояти).

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши лозимлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “…Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орсида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна вал жамоа олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

 Алҳамдулиллаҳ! Бизнинг диёрнинг аксар қисми ҳанафийлардан ташкил топган. Имом Шаъроний раҳимаҳуллоҳ шофеьий мазҳабида бўлсалар ҳам: “Ҳанафий мазҳабини текшириб чиқдим ва саҳиҳ ҳадисларга бино қилинган ҳолатда топдим”.

Мазҳаб имомларимиздан ҳам, бу мазҳабни бизга етказган буюк мужтаҳид алломаларимиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин.

Шарифжон Юнусов
Чортоқ тумани “Ҳазрати ибн Аббос” жоме
 масжиди имом хатиби

147 марта ўқилди

Мақолалар

Top