muslim.uz

muslim.uz

Жазоир пойтахти Жазоир шаҳрига 30 километр масофадаги Буфарик шаҳри ҳудудида мамлакат қуролли кучларининг ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради. Бунинг оқибатида 257 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.

"Alg24" хабарига кўра Ил-78 русумли самолёт маҳаллий вақт билан соат 08:00да Жазоир шаҳри аэропортидан унча узоқ бўлмаган дала майдони устига қулаган.

Охирги расмий маълумотларга кўра, қурбонларнинг 10 нафари экипаж аъзоларидир.

Самолёт парвозга чиққанидан бир неча дақиқа ўтиб қулаб тушган. Ҳалокат жойига 14та тез тиббий ёрдам машинаси, 10та юк машинаси ва хавфсизлик хизматлари ходимлари, қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилардан иборат 130 нафар киши етиб келган.

Ҳалокат сабаблари ҳозирча аниқланмаган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон делегациясининг Эронга ташрифи доирасида Ўзбекистон-Эрон савдо уйи очилиши маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Эрон Саноат, конлар ва савдо вазири ўринбосари Мужтоба Ҳусравтож тантанали тарзда янги савдо уйи ва Ўзбекистон миллий маҳсулоти шоу-руми ишига старт беришди. Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов ва икки давлат бизнес доиралари вакиллари ҳам иштирок этишган.

Савдо уйи "Uzsanoatexport" акциядорлик жамияти томонидан Эроннинг "FawakehСompany" компанияси билан ҳамкорликда очилган.

Вазир Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, савдо уйининг асосий вазифаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Эронда фаол илгари суришдан иборат бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Индоезия мусулмон сайёҳлар ҳордиқ чиқариши учун энг муносиб жой эканини кўпчилик билмайди. КЎпчиликка маълум бўлган Бали орлидан ташқари ушбу мамлакатда Ломбок ороли ҳам бор. Бу оролнинг кўпчилик аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлиб, ҳалол саёҳлик учун барча шароитлар яратилган.

Ҳалол сайёҳликни оммалаштириш учун Индонезия исломий туризми ассоциацияси Филиппиннинг Индонезиядаги элчихонаси ҳамда Air Asia Philippines авиакомпанияси кўмагида жаҳоннинг 10 мамлакатидан туроператорлар ва журналистларни Ломбок оролига таклиф қилди.

Шу билан Индонезия жаҳондаги энг кўп мусулмонлар яшайдиган ўлка сифатида Ломбок оролига саёҳат қилишнинг афзалликларини кўрсатиб берди. Жумладан:

1. Бу ерда кўплаб масжидлар ва намозхоналар бор.
Оролнинг туб аҳолиси ҳисобланган сасакилар асосан мусулмонлар бўлиб, оролда озчилик бўлган балийлик индустлар ҳам яшайди. Ломбок аҳоли орасида "минг масжидли орол" деб ҳам аталади.

 

Бундан ташқари, бу ерда ҳамма жойда, жумладан, аэропортда ҳам аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхоналар мавжуд.

Оролда Матарама исломий маркази машҳур ҳисобланади, у ерда Ғарбий Нуса Танггарадаги энг катта масжид бор. Масжид эшиклари барча сайёҳлар учун очиқ.

2. Мусулмонлар учун барча шароитларга эга меҳмонхоналарнинг мавжудлиги. Оролдаги ҳамма меҳмонхоналар ҳалол сертификатини олишга ва бу соҳада қабул қилинган жаҳон стандартларига амал қилишга интилади. Масалан, ҳалол таомлар, Қиблани кўрсатиб турувчи белгилар, меҳмонхонадаги ҳар бир хонада Қуръони каримнинг бўлиши, шунингдек, эркаклар ва аёллар учун алоҳида хизматлар таклиф этилиши шулар жумласидандир.

3. Ҳалол таомлар. Ломбокнинг қаерида бўлмасин сайёҳ ҳеч бир қийинчиликсиз ҳалол таом топиб истеъмол қилиши мумкин. Деярли барча оммавий овқатланиш муассасалари ҳалол белгисига эга. Бу ерда таомлар Ислом аҳкомларига мувофиқ тайёрланади.

4. Интерактив хизматлар йўлга қўйилган. Бу ерда бўш вақтни мазмунли ўтказиш мумкин, кўплаб диққатга сазовор жойлар борки, улар сайёҳни зериктирмайди. Буларнинг бари Ломбокда таътилни мароқли ва мазмунли ўтказиш имконини беради.

Юқоридаги оролда яратилган шароитларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда ҳам Индонезия тажрибасини тадбиқ этиш юқори натижаларга эришишга асос бўлади. Ҳалол туризмни оммалаштириш ўз навбатида миллионлаб мусулмон сайёҳларни жалб қилувчи омилдир.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 12 апрель куни Кувайт давлати амири Шайх Собаҳ ал-Аҳмад ҳазрати олийлари раҳбарлигидаги IX халқаро Қуръони карим мусобақаси давом этади.

Юртимизнинг икки нафар вакили – Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имоми ноиби Исмоилжон қори Қурбонов ва Тошкент ислом институти талабаси Абдулазиз қори Раҳмонбердиев ҳифз ва мужаввид йўналишида мусобақада иштирок этмоқда.

Бугун, 12:00да қирғизистонлик қорининг чиқишидан сўнг ватандошимиз Абдулазиз қорининг чиқишини кузатинг.

Қориларимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

Мусобақа 18 апрелга қадар давом этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 12 Апрель 2018 00:00

Соғинмадинг-ми…

Бугун эрта тонгдан Онам раҳматлини негадир қаттиқ соғиндим...
Яқинда Онамнинг қабрлари боши узра тик туриб, ўзимга айтган сўзларим билан ўзимни яна такрор койидим...

“Муштипар Онанг сени кўзлари тўрт бўлиб, зор кутди.
Кутди, кутди…
Мунгли йиғидан кўзлари ожиз бўлди…
Йўқ, йўқ!!!
У ожиз бўлмади…
Аксинча, қулоқлари кўзга айланди…
Нима қимир этса, шу томон бошларин қуйи қилиб, “Болам…”, дея - чақириб, жавоб кутди…
Ҳатто, ёмғирларнинг ҳар томчиси шитирлашидан сени кутди... Сени сўради…
Сен эса келмадинг… Уни соғинмадинг…
У сени қаттиқ соғинди…
Соғинч азобида оламдан ўтди…
Сен Онангни соғинмадинг-ми… Соғинмадинг-ми… Соғинмадинг-ми…”

Ҳа, бу сўзлар ўша куни ўша жойда ўзим томонимдан ўзимга айтилган сўзлар эди...
Талабалик даврим айрилганим, йўқотганим – Зулфузар Онам бўлдилар...

1998 йил... Биринчи курс талабаси эдим... Уйдагиларнинг зиёратига келдим... Аниқроғи, мени уйдагилар чақиртиришди... Шу онларда Онамнинг хасталиклари кучая бошлаган экан...

Ҳамон ёдимда... Ёз фасли... Кечқурун очликдан танаси оқариб кетган, танангга ёпишиб, қонингни ширадек сўрувчи чивинлар ҳар томонингдан ҳужум қилиб, тинчлик бермайди... Кечқурун пашшахонада Онам билан биргаликда алоҳида овқатландик... Ишонсангиз, Уларни кўпроқ овқат есинлар, дея “Қаранг, мен ўзимга яна битта косани тўлдириб келдим”, дея 4-5 коса мастава ичиб юборар эдим... Шунда Улар менга “Болам, ўқишинг қачон тугайди?”, дея ҳорғин қараб ўйчан ҳолда савол бериб, “Сенинг ўқишинг ҳеч тугамайди-я...”, дея ўз саволларига ўзлари яна савол билан жавоб берган эдилар... Шунда мен уларни маҳкам қучиб, йиғлаб юборган эдим... Ҳа, ҳозир ҳам йиғлаяпман...

Орадан бироз вақт ўтиб, дардлари янада оғирлашди ва 5 йил азоб чекиб, меҳнат фаолиятимнинг салкам иккинчи йилида омонатларини топширдилар...

Оналар...
Аслида биз Уларнинг ёнларида қанчалар кўп турсак ҳам Улар учун шунчалар кам, шунчалар оз экан...

Инкор этиб бўлмас ҳақиқатки, Улар бизларни кўзларидан бир нафас ҳам нари кетишимизни хоҳламаганлар...

Аминманки, бизсиз ўтказган ҳар бир нафасларини минг бир соғинчлар билан ўтказганлар...

Ҳа, Оналар шундай марҳаматли эканлар...
Уларга шу марҳаматни берган энг улуғ марҳаматли Зот – Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб, марҳаматининг чеки бўлмаган ана шу Зотдан Муштипарларимиз учун марҳаматидан сўраб қоламиз... Амин...

Биласизми, тепаликларга чиқиб, “Онажонларни асранг, уларни зиёрати ва дуоларига ошиқинг!”, дея ҳайқиргим келади...

Мени кўпдан кўп соғиниб, озгина, ҳа озгина яшаган ва бу кунларимни кўрмаган Онамнинг ҳақларига ғоибона тарзда бир бор бўлсада дуо қилиб қўйсаларингиз..
Ҳозир қабрлари томон зиёрат учун сафарга чиқаяпман... Биламан, улар ҳозир ҳам мени соғиниб турибдилар...
Ҳозир бориб, Улар билан яна узоқ суҳбат қурамиз...

Ҳурмат ила,
Соғинганини Унингдек соғиниб яшашни уддаламаган, фақат соғинтириб яшаган фарзанд – Нурали МАВЛАНОВ.
08 апрель, 2018 йил.

 

Мақолалар

Top