muslim.uz
Online: Қувайтдаги Қуръон мусобақасини онлайн кузатинг
Кувайтда IX Халқаро Қуръони карим мусобақаси бошланди
Бугун, 11 апрель куни Кувайт давлати амири Шайх Собаҳ ал-Аҳмад ҳазрати олийлари раҳбарлигидаги IX халқаро Қуръони карим мусобақаси бошланади.
Мусобақа 18 апрелга қадар давом этади, У қуйидаги 4 йўналишда бўлади:
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
- Қуръони каримни ўн хил қироат билан тўлиқ ёддан ўқиш.
- Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш.
- Қуръони каримга хизмат қиладиган муассасалар ва жамиятлар лойиҳаларидан энг яхшисини тақдирлаш.
Кувайт давлати Вақф ва Ислом ишлари вазирлиги вакили Фарид Имадий мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган нутқида мазкур мусобақани ўтказишдан Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тафсир қилиш бўйича ёшларни мусобақага қизиқтириш, уларни Қуръони карим хулқлари ва одоблари билан хулқланишга рағбатлантириш ва Қуръони каримга хизмат қиладиган энг яхши лойиҳаларни мукофотлаш мақсад қилинганини таъкидлади ва бу йилги мусобақада 79 давлатдан 130 нафар вакиллар иштирок этаётганини маълум қилди. Шунингдек, Имадий мусобақа фаолияти давомида илмий мажлислар ва кўргазмалар ташкил қилиниши, Қуръон илми бўйича етук олимларнинг Қуръони карим фазилати ва шу каби масалалар ҳақидаги маърузалари тингланишини қўшимча қилди.
Ўз навбатида, Кувайт Вақф ва Ислом ишлари вазирлигидаги Қуръони карим масалалари бўйича вакил ўринбосари Доктор Валид Кандарийнинг айтишича, мусобақанинг ҳифз йўналишида 72 нафар, ўн хил қироатда ўқиб бериш йўналишида 19 нафар ва тажвид қоидаси билан ўқиб бериш йўналишида 39 нафар қорилар иштирок этмоқда. Бу йил 4 йўналиш бўйича ғолибларга тақдим этиладиган пул мукофотлари маблағи 130 минг Кувайт динорини ташкил қилиши кўзда тутилган.
Юртимизнинг икки нафар вакили – Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имоми ноиби Исмоилжон қори Қурбонов ва Тошкент ислом институти талабаси Абдулазиз қори Раҳмонбердиев ҳифз ва мужаввид йўналишида мусобақада иштирок этмоқда. Қориларимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.
Халқаро алоқалар бўлими ходими Илёс Аҳмедов тайёрлади.
Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар (Қоғоз саноати)
Китобсиз илмнинг равнақ топишини тасаввурга сиғдириб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб Ислом оламида ўрта асрларда қоғоз саноатини шакллантириш ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди ва мусулмонларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида бу иш йўлга қўйилди.
Биринчи қоғоз ишлаб чиқариш фабрикасини 794 йил Хорун ар-Рашиднинг вазири Ибн Фазл очиб ишга туширди. Орадан олти ой ўтиб Мисрда яна бир қоғоз фабрикаси очилди. Европада эса қоғоз фабрикалари кўп йиллардан кейин иш бошлаган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тарихда ибрат ва Аллоҳнинг борлигига далил бор
Агар биз тарихга мурожаат қилсак, унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг борлигига, илмига, барча нарсага қодирлигига моддий далилни топамиз. Келинг, ушбу сурани ўқиб, ўрганиб чиқайлик:
أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِأَصْحَابِ الْفِيلِ أَلَمْ يَجْعَلْ كَيْدَهُمْ فِي تَضْلِيلٍ وَأَرْسَلَ عَلَيْهِمْ طَيْراً أَبَابِيلَ تَرْمِيهِم بِحِجَارَةٍ مِّن سِجِّيلٍ فَجَعَلَهُمْ كَعَصْفٍ مَّأْكُولٍ
“Роббинг фил соҳибларини қандоқ қилганини билмадингми? Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими? Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими? Лойдан пиширилган тошларни отадиганларни? Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими?” (Фил сураси)
Бу сурада келтирилаётган мўъжиза Аллоҳнинг Байти бўлмиш Каъбанинг муқаддаслигини исботлаш ва уни ҳимоя қилиш учун нозил бўлди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида таваллуд топдилар. Бу мўъжиза Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қиладиган динини ҳимоя қилишдан одамлар бош тортсалар ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи уни ҳимоя қилиши ва сақлашига аломат тарзида содир бўлди.
Фил воқеаси жуда машҳур. Унинг қаҳрамони ўша пайтда Яман подшоҳи бўлган Абраҳадир. У Яманда одамлар ҳаж қилишлари учун Каъбанинг ўрнига бир бино қурдиради. Баъзи араблар бориб, ўша бинонинг ичига ахлатларни ташлашади. Шунда Абраҳа Каъбани бузиш орқали араблардан ўч олишни қасд этади. Катта қўшин, кўп сонли филларни тўплаб, Макка сари юриш қилади. Макка аҳли бу қўшинни кўриб, қочиб кетади. Шу пайт бир гала қушлар жаҳаннам тошларини олиб келиб, қўшинга отишади. Бир неча дақиқа ичида Абраҳа, унинг қўшини ва филлар ер билан яксон бўлади.
Бу қиссани мусулмон бўлмаганларнинг ақли инкор қилади. Улар “Қандай қилиб кичкина қуш филлардан иборат катта қўшинни йўқ қилиб юбориши мумкин?! Мабодо ўшандай қушлардан юзтаси битта филнинг устига қўнса ҳам фил ҳеч нарсани сезмайди-ку!” дейишади.
Баъзи “олимлар” эса “Албатта, Аллоҳ Абраҳа ва унинг қўшинини йўқ қилиш учун бактерияларни юборган” дейишади. Гўё бу гаплари билан ишни ўзларининг ожиз ақлларига мосламоқчи бўлишади. Аммо Аллоҳ таоло барча нарсага қодирдир!
Биз шундай деймиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида таваллуд топдилар. Қирқ ёшларида у зотга пайғамбарлик келди. Бу сура исломий даъватнинг бошида, Маккада нозил бўлди. Ўша пайтда кофирларда қувват ва устунлик бор эди. Мусулмонлар эса озчилик ва заиф эдилар. Кофирлар Ислом динига таъна етказиш учун доим изланардилар. Бу сура Маккада нозил бўлди дедик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қирқ ёшларида Набий этиб юборилдилар. Ўша кунларда Маккада эллик, эллик беш, олтмиш, олтмиш беш ёшга кирган кишилар бор бўлиб, улар Фил воқеасини ўз кўзлари билан кўришган эди. Агар қушлар келмаган, Абраҳа ва унинг қўшини йўқ қилинмаган бўлганида, ўша одамлар “Бу гап нотўғри. Биз ўша пайтларда Маккада эдик. Ҳеч қандай қушни ҳам, қўшинни ҳам кўрмаганмиз” дейишар ва бу орқали Исломга, Қуръонга таъна етказишга уринишар эди. Лекин қушлар келган, мўъжиза содир бўлиб ўтган эди. Шунинг учун ҳам Ислом душманларидан бирортаси бу воқеани инкор қилолмади”.
Шайх Муҳаммад Мутаваллий
Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”
номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
АҚШда мусулмонлар ҳамма учун бепул хизмат кўрсатадиган клиника очди
АҚШнинг Пенсилвания штати маъмурий маркази Филаделфия шаҳрининг Франкфорд ҳиёбонида жойлашган “Шамс” номли янги клиниканинг очилиш маросими бўлиб штди. Ушбу тадбир 9 апрель Қуръони Карим тиловати билан бошлангани ҳақида маълум қилинди.
Рамзий лента қирқилганидан кейин сўзга чиққан клиниканинг кўнгилли шифокорлари ирқи, жинси ва эътиқодидан қатъий назар ҳар қандай фуқаро уларнинг хизматидан бепул фойдалана олишлари мумкинлигини таъкидладилар.
“Биз маҳаллий черковлар, синагогалар ва бизнес вакилари билан мулоқотда бўлиб, клиникамизга мусулмонча ном берилгани, барча ишчилар ва раҳбаримиз мусулмон бўлишига қарамай, эшигимиз ҳамма учун очиқ эканини тушунтирдик”, - дея баён қилди шифохона директори Доктор Аммар Шаҳид.
“Биз ирқи ёки маданиятига ва ҳатто қаердан келганига қараб ҳеч кимни камситмаймиз. Фақат мусулмонларга эмас, балки жамиятнинг ҳамма аъзосига бепул хизмат кўрсатамиз”, - деб сўзига қўшимча қилган Доктор Шаҳид.
Клиниканинг интернет тармоғидаги саҳифасига кўра, Филаделфияда яшайдиган қарийиб 75 минг нафар мусулмоннинг ярмидан кўпроқ қисми камбағалликда кун кечиради ва тўртдан бир қисми тиббий суғуртага эга эмас.
"Whyy.org" нашрига кўра, Филаделфия АҚШнинг энг камбағал йирик шаҳари бўлиб, 400 минг аҳолиси қашшоқликда кун кечиради.
ЎМИ Матбуот хизмати