muslim.uz
Cоғлиқни сақлаш вазири: Туғруқхонадан чиқиш маросимларидаги ортиқча дабдабозликлар чақалоқ саломатлигига салбий таъсир қилади
Фарзанд дунёга келиши ҳар бир оила учун катта бир қувонч. Ушбу қувончли ҳодиса оилаларда турлича нишонланади. Элу юртга маълум қилиш учун ҳар хил маросиму тадбирлар ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати билдиришича, ҳатто туғуруқонадаёқ бошланиб кетадиган тадбирлардан бири чақалоқни тиббиёт муассасасидан олиб чиқиш билан боғлиқ. Тўғри, янги меҳмон катта иззат-ҳурмат билан уйга олиб кетилиши яхши, аммо маросим ортиқча дабдабабозликлар билан ўтказилиб, атрофдагилар тинчини бузса, энг ёмони бундан она ва бола саломатлиги азият чекса-чи?
Бугун Президентимиз Ш.Мирзиёев ушбу масалага давлат даражасида эътибор қаратмоқда. Вилоятларга сафарлари чоғида, турли соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашув ва мулоқотларда ортиқча дабдабабозлик билан кимўзарга ўтказиладиган маросимлардан на жамият, на тадбир эгалари наф кўриши, бу давлатимизнинг ривожланиши, жамият тараққиётига ҳам болта уриб келаётган иллатлардан бири экани такрор ва такрор айтилмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадидчилик асосчилари ҳам тўй-маросимлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганлари барчамизга маълум. Энг ачинарлиси, бу нарса инсон саломатлиги, болалар соғлигига ҳам катта таъсир қилмоқдаки, бугун ушбу муаммога “Менга тегишли эмас”, қабилида қарай олмаймиз.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлигида оилада фарзанд дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар, айниқса, туғуруқхонадан чақалоқни олиб чиқиш тадбирларидаги дабдабабозлик, миллий урф-одатларимизга зид бўлган турли ортиқча маросимларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
– Тан олиб айтиш керак, ҳақиқатан ҳам миллатимиз ушбу масалада таназзул ёқасига келиб қолгани рост – дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов. – Давлатимиз раҳбари жуда ўринли таъкидлаганларидек, тўй-маросимларни ўтказиш фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳам. У бир оилада ташкил қилингани билан тадбирнинг таъсири бутун жамият ҳаётига, халқимиз саломатлигига таъсир қилади. Жорий йилнинг февраль ойида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Оилада фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлардаги дабдабабозликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланиб ижрога киритилди. Тиббиёт ходимлари халқ орасига чуқур кириб, янги ва таъсирчан усулларда тарғибот ишларини олиб бормоқда. Кузатувларимиздан кўринмоқдаки, тушунтиришнинг эскича усуллари бугун ўзини оқламайди. Шу боис айни дамда тиббиёт муассасаларида акушер-кинекологлар, оила шифокорлари, патронаж ҳамширалар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Ҳомиладор аёллар, қайнона-қайноталар билан алоҳида тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Чақалоқ дунёга келиши билан ўтказиладиган ортиқча дабдабабозликдаги маросимларнинг янги туғилган гўдак ва она соғлигига салбий таъсири тиббий нуқтаи назардан тушунтирилмоқда. Айниқса, чақалоқ туғилгач, дастлабки қирк кун она ва бола соғлиги учун энг муҳим палла экани, бу муддат ичида қариндош-уруғларнинг йўқлови ҳам улар саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳақида суҳбатлар ўтказилмоқда. Чилла даври деб айтиладиган бу муддатга халқимиз қадимдан ҳам алоҳида эътибор қаратиб келган.
Биргина Тошкент шаҳрида ушбу тарғиботлар натижасида мингга яқин ёш оилалар туғруқ мажмуасидан чиқиш жараёнларини ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларсиз, миллий урф-одатларимиз бўйича ўтказишди. Бугун уларнинг қамрови кенгайиб бормоқда. Бола саломатлиги, келажаги, эртанги ҳаёти учун унинг туғуруқхонадан қандай автомашина, эртак қаҳрамонларию, карнай-сурнай билан чиқиши эмас, унга бериладиган тарбия, тиббий ёрдам ва ота-она намунаси муҳим эканини англаб етаётган оилалар сони ортиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ўзбекистонлик ҳайдовчи тожикистонлик меҳмонларга қимматбаҳо буюмини қайтариб бериб, қаҳрамонга айланди
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўзаро борди-келди бўйича тегишли ҳужжатларни қабул қилгандан сўнг, икки мамлакат фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан қўшни мамлакат ҳудудида 30 кунгача бўлиш имконияти яратилди. “Халқ сўзи” нашри билдиришича, буни ҳар икки миллат вакиллари катта қувонч билан кутиб олди. Бундай қулайликдан фойдаланган тожикистонлик қардошларимиз Наврўз нафаси кезиб юрган шу кунларда нафақат Сурхондарё, Самарқанд, Бухорога, балки пойтахтимизга ҳам ташриф буюриб, саёҳат қилишаяпти. Диққатга сазовор жойларни томоша қилиб, маданий хордиқ чиқаришмоқда.
Ана шундай меҳмонлардан бири Тожик миллий университети талабаси Саид Носирхон Маъруфзода Тошкент шаҳрида ўзи дуч келган бир ибратли ҳодиса ва ундан олган катта таассуроти ҳақида “Facebook”даги гуруҳида шундай самимий дил сўзларини билдириб ўтди:
“Ассалому алайкум! Дўстлар Тошкентда биз билан рўй берган бир воқеани сизларга ҳам айтиб бермоқчиман.
Биз “Megaplanet” савдо марказига етиб олиш учун машина тўхтатдик ва ўзимиз билмаган ҳолда унда янги қимматбаҳо смартфонимизни унутиб қолдирибмиз (гап шундаки, ҳали Ўзбекистон сим-картасини сотиб олишга улгурмаган эдик, бизнинг Тожикистон сим-картаси эса бу ерда ишламас экан) ва ўйладик: “Ҳа, майли, нима бўлса, бўлди, шаҳар катта ўша машинани барибир топа олмаймиз”. Тасаввур қилаяпсизми, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас ўша машина ҳайдовчиси савдо марказига келиб бизни топди ҳамда бизнинг СМАРТФОНни қайтариб берди.
Ундан “Қандай қилиб топдингиз, ахир у орқа ўриндиқда тушиб қолган эди-ку?” деб сўрадик. Шунда у биздан кейин чиққан маҳаллий ўзбек мижоз телефонни кўриб қолиб, унга топширганини айтди. Ахир топган ҳам ва уни олган ҳам смартфонни ўзида қолдириб билдирмасдан кетиши мумкин эди-ку (Уларнинг ҳар иккиси ҳам Қаҳрамонлар, ҳа қаҳрамонлар! Чунки бизнинг замонимизда бундай инсонлар жуда кам) ва ўз вақти ҳамда бензинини аямай бизни топдию қайтариб берди. Биз уни пул билан мукофотламоқчи бўлдик, биласизларми, у нима деб жавоб қайтарди: “Биз қардош халқлармиз, сизлар эса бизнинг меҳмонимизсиз ва менинг ўрнимда бошқа бўлганида ҳам худди шундай қилган бўларди”(шундай камтар жавоб берди) ҳамда мукофотни қатъий рад этди.
Якунда шуни айтишни истардимки, бизни Ўзбекистон қардош халқи жуда илиқ ва хурсандчилик билан кутиб олаяпти. Бунинг учун катта раҳмат!
Расмда ўртамизда бизнинг қаҳрамон
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Австралиялик хоним исломни нима учун қабул қилганлигини изоҳлади
Таниқли австралиялик крикет ўйини устаси Усмон Ховожийнинг келини қандай қилиб ўзининг католик динини мусулмонликка ўзгартирганлиги изоҳлаб берди.
Брисбен шаҳрилик 22 яшар Рейчел МакЛеннан ва унинг 31 яшар спортчи куёви кейинги ой, крикет мавсуми тугаши билан никоҳ қуришга аҳд қилишган. Машҳур телешоу эфири чоғида мусулмоннинг бўлажак турмуш ўртоғи Усмон билан танишувга қадар исломга нисбатан ҳар хил нотўғри қарашларга эга бўлганлигини тан олди .
Бу ҳақда The Daily Mail нашри хабар бермоқда.
– «Мен фақат янгиликлар бўйича кўрсатиб келишган нарсаларга ишониб келганман».
Рейчелнинг сўзларига кўра, Усмон ҳеч қачон дин масаласида унга босим ўтказмаган ва фақат “унинг учун” исломни қабул қилишидан ҳеч қанақанги маъно йўқлиги – динни ўз ҳаётидаги эркакка қараб эмас, балки бутун қалб билан ва Аллоҳ учун қабул қилиш кераклигини тушунтирган.
Исломнинг асосий қоидаларини таҳлил қилиб, қиз шундай бир хулосага келди: муслима бўлиб, ўз диндоши билан мустаҳкам оила қуриш учун унга ҳеч нарса ҳалақит бермайди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Президент табрик йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайнни Покистон куни билан табриклади.
Ўзбекистонлик имомлар делегацияси Свердловскда бўлди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси имомларидан иборат делегация Свердловск вилоятида бўлиб, у ердаги масжид ва ахлоқ тузатиш муассасаларига ташриф буюрдилар.
Свердловск вилояти мусулмонлар идораси матбуот хизматининг хабар беришича, ўзбекистонлик имомлар делегациясининг ташрифи давомида экстремизм ва диний радикализмнинг олдини олишга йўналтирилган маънавий-ахлоқий руҳдаги тадбирлар ўтказилган.
Ўзбекистон делегацияси масжидларда бўлиб, Екатеринбургдаги олий ўқув юртлари талабалари билан учрашув ташкил этишган. Свердловск вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига борганлар. Имомлар жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган мусулмонлар билан суҳбатлашишган.
ЎМИ Матбуот хизмати