Ўзбекистон янгиликлари

Cоғлиқни сақлаш вазири:  Туғруқхонадан чиқиш маросимларидаги ортиқча дабдабозликлар чақалоқ саломатлигига салбий таъсир қилади

Фарзанд дунёга келиши ҳар бир оила учун катта бир қувонч. Ушбу қувончли ҳодиса оилаларда турлича нишонланади. Элу юртга маълум қилиш учун ҳар хил маросиму тадбирлар ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати билдиришича, ҳатто туғуруқонадаёқ бошланиб кетадиган тадбирлардан бири чақалоқни тиббиёт муассасасидан олиб чиқиш билан боғлиқ. Тўғри, янги меҳмон катта иззат-ҳурмат билан уйга олиб кетилиши яхши, аммо маросим ортиқча дабдабабозликлар билан ўтказилиб, атрофдагилар тинчини бузса, энг ёмони бундан она ва бола саломатлиги азият чекса-чи?
Бугун Президентимиз Ш.Мирзиёев ушбу масалага давлат даражасида эътибор қаратмоқда. Вилоятларга сафарлари чоғида, турли соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашув ва мулоқотларда ортиқча дабдабабозлик билан кимўзарга ўтказиладиган маросимлардан на жамият, на тадбир эгалари наф кўриши, бу давлатимизнинг ривожланиши, жамият тараққиётига ҳам болта уриб келаётган иллатлардан бири экани такрор ва такрор айтилмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадидчилик асосчилари ҳам тўй-маросимлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганлари барчамизга маълум. Энг ачинарлиси, бу нарса инсон саломатлиги, болалар соғлигига ҳам катта таъсир қилмоқдаки, бугун ушбу муаммога “Менга тегишли эмас”, қабилида қарай олмаймиз.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлигида оилада фарзанд дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар, айниқса, туғуруқхонадан чақалоқни олиб чиқиш тадбирларидаги дабдабабозлик, миллий урф-одатларимизга зид бўлган турли ортиқча маросимларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
– Тан олиб айтиш керак, ҳақиқатан ҳам миллатимиз ушбу масалада таназзул ёқасига келиб қолгани рост – дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов. – Давлатимиз раҳбари жуда ўринли таъкидлаганларидек, тўй-маросимларни ўтказиш фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳам. У бир оилада ташкил қилингани билан тадбирнинг таъсири бутун жамият ҳаётига, халқимиз саломатлигига таъсир қилади. Жорий йилнинг февраль ойида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Оилада фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлардаги дабдабабозликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланиб ижрога киритилди. Тиббиёт ходимлари халқ орасига чуқур кириб, янги ва таъсирчан усулларда тарғибот ишларини олиб бормоқда. Кузатувларимиздан кўринмоқдаки, тушунтиришнинг эскича усуллари бугун ўзини оқламайди. Шу боис айни дамда тиббиёт муассасаларида акушер-кинекологлар, оила шифокорлари, патронаж ҳамширалар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Ҳомиладор аёллар, қайнона-қайноталар билан алоҳида тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Чақалоқ дунёга келиши билан ўтказиладиган ортиқча дабдабабозликдаги маросимларнинг янги туғилган гўдак ва она соғлигига салбий таъсири тиббий нуқтаи назардан тушунтирилмоқда. Айниқса, чақалоқ туғилгач, дастлабки қирк кун она ва бола соғлиги учун энг муҳим палла экани, бу муддат ичида қариндош-уруғларнинг йўқлови ҳам улар саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳақида суҳбатлар ўтказилмоқда. Чилла даври деб айтиладиган бу муддатга халқимиз қадимдан ҳам алоҳида эътибор қаратиб келган.
Биргина Тошкент шаҳрида ушбу тарғиботлар натижасида мингга яқин ёш оилалар туғруқ мажмуасидан чиқиш жараёнларини ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларсиз, миллий урф-одатларимиз бўйича ўтказишди. Бугун уларнинг қамрови кенгайиб бормоқда. Бола саломатлиги, келажаги, эртанги ҳаёти учун унинг туғуруқхонадан қандай автомашина, эртак қаҳрамонларию, карнай-сурнай билан чиқиши эмас, унга бериладиган тарбия, тиббий ёрдам ва ота-она намунаси муҳим эканини англаб етаётган оилалар сони ортиб бормоқда.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

2936 марта ўқилди

Янгиликлар

Top