muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар муборак рамазон ойида катта хайрли ишларни амалга оширмоқда. Рамазон ойининг илк хафтасида имом-хатиблар саховатпеша инсонлар ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда, аҳолимизнинг боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган ва кам таъминланган оилаларга жами 1 989 120 504 (бир миллиард тўққиз юз саксон тўққиз миллион беш юз тўрт) сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим кечак ва зарур рўзғор анжомларини эҳтиёжманд оилаларга тарқатишди.

Телевидение ва радиода 80 га яқин кўрсатув ва эшиттиришларда Рамазони шариф фазилати ва бошқа долзарб мавзуларда чиқишлар қилишди. Интернет сайти ва ижтимоий тармоқларда турли мавзуларда 400 га яқин видео роликлари қўйилди. Ёшлар таълим тарбияси ва турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш мақсадида 100 дан зиёд маърузали чиқишлар амалга оширилди.

Аллоҳ таоло имомларимизнинг қилаётган хайрли амалларига кўмакчи бўлсин, эҳтиёжманд инсонларга қилинаётган хайрли ишларнинг файзини бунданда зиёда айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими

Вторник, 20 Апрель 2021 00:00

Рамазон нажот ойидир

Рамазони шариф ойлар ичида энг муборак ойдир. Рамазон – мўмин бандаларга яратганнинг улуғ ажрларига етишиш учун имкон эшиклари очиб бериладиган нажот ойидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) рамазон ойини мадҳ этиб: "Бу шундай ойки, унинг аввали раҳматдир", дейди. Яъни, бу ойда тутилган рўза ва қилинган эзгу амаллар билан Аллоҳнинг раҳматига дохил бўлинади. "... ўртасида эса банданинг гуноҳлари мағфират этилади", дейилади. Демак, гуноҳларимиз, хато ва қусурларимиз кўп бўлса-да, тутган рўзамиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу ойни рўза тутиб, ибодат билан ўтказган бандалар жаҳаннамдан озод бўлишини марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилмоқликлари муҳимдир.

Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади? Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, рамазон кириши билан ҳар бир мўмин энг аввало, тилини ёмон сўзлардан, яъни ғийбатдан, ёлғондан сақламоқлиги керак. Чунки уламолар "Аллоҳ учун рўза тутиб, ўзингизни Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ейишликдан тийиласизлару сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ейсизларми? Яъни (инсонларни ғийбат қилиб, гуноҳларни ейсизларми) деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди".

Яна динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин", деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳам ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилмоқлиги, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланмоқлиги керак. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Тавбага шошилинглар ўлим келмасдан олдин" деганлар ва яна бу ойда мўмин фақирларнинг холидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзмоқлари, ҳеч бўлмаса ифторликларига бир қултум сув билан бўлса ҳам уларга меҳру муҳаббатларини кўрсатмоқликлари лозимдир. Бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултум сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат инъом этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди", деганлар.

Ушбу муборак ойда мўмин банда етимлар холидан хабар олиб, уларнинг ўксик қалбларини шод қилмоқлари лозимдир. Яна пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Ким бир етимни кафолатини олса, бас у мен билан жаннатда бирга бўлади", деганлар. Ушбу муборак ойда инсон имкони борича атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзмоғи лозим. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло у бандасини қиёмат куни қийинчиликларини енгиллатади", дея марҳамат қилганлар.

Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизни юқорида айтиб ўтилган амалларни адо этишликка, рамазонни чиройли ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишишликни насиб этсин.

Шарофиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имом-хатиби

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг)саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).

Аллоҳ таоло йил ойлари орасидан рамазон ойини мақтади, Қуръонни нозил қилиш учун ойлар ичидан уни ихтиёр қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар рамазон ойининг биринчи кечаси нозил бўлган, Таврот рамазон ойининг олтинчи куни, Инжил ўн учинчи куни нозил бўлган. Қуръони карим эса Қадр кечаси нозил қилинган” (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Вафот этадиган йилларида икки марта ўтказиб олганлар.

Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ рамазон ойи кирса: “Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир”, деб айтардилар.

«...Одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир». Аллоҳ таоло Қуръонни унга имон келтирган, эргашган ва уни тасдиқлаган бандалар учун ҳидоят этиб, уни тушунадиганлар учун, очиқ-ойдин далил, ҳужжат қилиб, ҳақ ва ботилни, ҳаром ва ҳалолни ажратиб берувчи Фурқон этиб нозил қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана бўлади. Бу бир ҳасана ўзига ўхшаган ўнта ҳасана билан бирга бўлади. Мен «Алиф лам мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мана бу Қуръон Аллоҳнинг одобномасидир. Унинг одобномасидан имконингиз борича ўрганинглар. Бу Қуръон Аллоҳнинг қатъий аҳди, ёрқин нур ва фойда берувчи шифодир. Унга амал қилган кишига саломатлик, унга эргашган кишига нажотдир. Унинг ажойиботлари туганмас, кўп такрорлаш билан эскирмас. Уни ўқинглар, Аллоҳ сизларга унинг ҳар бир ҳарфига ўнтадан ҳасанот беради. Мен «Алиф лам мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир (Имом Ҳоким ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори кироман котибинлар (яхши ва ёмон амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) билан (бир мақомда)дир. Қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар» (Бухорий, Муслим, «Сунан» соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло: “Қуръон (тиловати) ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга бериладиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман, дейди” (Имом Термизий ривояти). Доримий ва Байҳақий ривоятида: “Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга бериладиган энг афзал савобни бераман”, дейилган.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар, зеро, у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади”, деб айтганларини эшитганман» (Имом Муслим ва Имом Аҳмад).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “(Эй Раббим,) мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “(Эй Раббим,) мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади» (Имом Ҳоким).

“Ким рамазон ойида ҳозир бўлса”, яъни муқим ва соғлом ҳолда рамазон ойига етиб борса, рўза тутиши фарз саналади. Сафардаги одамга рўза фарз эмас, улар рўза тутиш ва тутмасликда ихтиёрлидирлар.

«...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди...» Бу оятдаги “енгилликдан” мурод сафарда рўза тутмаслик, “оғирлик”дан эса сафарда рўза тутиш назарда тутилган.

«...Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун...». Сафар ёки касаллик сабабидан рўза тутмаганлар сафардан қайтгач ёки соғайгач, қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб берсинлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ой йигирма тўққиз кун ҳам бўлади”.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, янги ойнинг чиққанига икки киши гувоҳлик бериши лозим. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Агар Шавволнинг янги ойи заволдан кейин кўринса, у келаётган туннинг ойи саналади. Агар заволдан олдин кўринса, у ўтган туннинг ойи ҳисобланади”.

Саудия Арабистонида 20 йиллик танаффусдан сўнг қарийб минг йил аввал қурилган масжид қайта очилди.
Баха шаҳридан 30 км узоқликдаги қишлоқда жойлашган ат-Таула масжиди минтақадаги энг қадимгиларидан бири – қурилганига 900 йилдан ошган, дея хабар бермоқда IslamNews Esquireme нашрига таянган ҳолда.

Масжид турли шаклдаги тошлардан қурилган, томи эса арча шохларидан қилинган. Бино томига муаззин зина орқали кўтарилиб, азон айтади.

Масжид тахминан 300 квадрат метр майдонни эгаллаган, ўз ичига 130 нафар намозхонни сиғдиради. Узоқ йиллик қаровсизликдан кейин масжид ноёб тарихий хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда. таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 Ўтган йили онам рўза тутдилар, бироқ соғлиғи ёмонлашиб, озгина қолганда очиб юбордилар. Бу йил ҳам рўза тутишни бошладилар, лекин яна соғлиғи яхшимас. Мен тутманг, десам гуноҳ бўлмайдими? Яъни рўза тутишдан қайтарсам бўладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таоло беморлар ва мусофирларга енгиллик берган. Бемор одам агар рўза тутса, касали кучаядиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, рўза тутмасдан, тузалганидан кейин тутмаган кунларининг қазосини тутиб беради. Борди-ю, сурункали касал бўлиб, тузалиш умиди бўлмаса, фидя беради.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар

Top