muslim.uz

muslim.uz

— Кўпинча овқатлангандан сўнг “едик, ичдик, савобларини ўтганлар руҳига бағишладик”, деб дуо қилинади. Инсон овқат тановул қилса ҳам савоб бўладими, бунинг ҳикмати нимада? Аслида дастурхонга нима деб дуо қилиш керак?

— Қилинган барча яхшиликнинг савобини ўтганларга бағишлаш жоиз. Шунингдек, таом бериш каби яхшиликлардан ҳосил бўлган савобни бағишлаш шариатимизда бор. Таомдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо қилар эдилар. Шуниси суннат.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон дастурхонлари йиғиштирилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз”, дер эдилар” (Бешовларидан фақат Имом Муслим ривоят қилмаган).

Имом Бухорийнинг ривоятида: “Бизга кифоя қилган ва бизни қондирган, Ундан ўзга кифоячи йўқ ва инкор ҳам қилинмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дейилган.

“Сунан” соҳибларининг ривоятида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомларидан фориғ бўлсалар: “Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар”, дейилган.

Муъоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таом еса-ю, кейин: “Шуни менинг куч-қувватимсиз менга таом қилиб, ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилингай”, дедилар” (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Малайзия Бош вазири Муҳиддин Ясин Мадинадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таржимаи ҳоли ва Ислом цивилизацияси халқаро музейига ташриф буюрди. Музей Бутунжаҳон мусулмонлар лигаси томонидан бошқарилади ва Исломнинг адолат, тинчлик, раҳм-шафқат, бағрикенглик ва мўътадиллик ҳақидаги ғояларини тақдим этишни мақсад қилган.

Ясин музейнинг турли бўлимларида бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари тасвирланган экспонатларга алоҳида қизиқиш кўрсатди.

Бу ерга келувчилар араб тилидан ташқари инглиз, испан, урду, француз, турк ва индонез тилларида ҳам маълумот олиши мумкин. Кўргазмада ўнлаб расм ва интерфаол дисплейлар мавжуд. Шунингдек, бу ердаги 4DX кинотеатрда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларига бағишланган фильмлар намойиш этилади.

Islam.ru маълумотларига кўра, кўргазмадаги йигирма беш павильондан бирида аёлларнинг Исломдаги ўрни, унинг тарқалишида аёлларнинг ўрни ўйнагани ҳақида ҳикоя қилинади

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 12 Март 2021 00:00

Қарзи ҳасана недир?

Қарз муносабатлари ҳаётимизга чуқур сингиб кетган. Ҳаётда, кимдир кимдандир қарз олишга мажбур бўлиб қолади. Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини тартибга солгани каби қарз масалалари илоҳий қонунлар билан белгилаб қўйилган.

Қуръони каримдаги энг узун оят – Бақара сурасининг 282-ояти қарз муаммосига бағишланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни муҳтожларга қарз бериб, уларни қўллаб-қувватлашга даъват этар эдилар.

Аллоҳ таоло қуръони карим марҳамат қилади:

“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар” (Бақара сураси, 245-ояти).

Оят мазмунидан кўриниб турибдики, Аллоҳ Ўзининг йўлида “қарзи ҳасана” – яхши қарз берадиганлар борми, йўқми деб сўраяпти. Муфассирлар “қарзи ҳасана” деб инсоннинг Аллоҳ йўлида сарфланган бойлигини тушунтирганлар. Бу бойликнинг бу дунё ҳаётида қайтарилиши шарт қилинмаган. Одатда, қарзнинг моҳиятида уни берган одамга қайтариш шарти мавжуд.

Аллоҳга қарзи ҳасана берган мўминга оламлар Роббиси бу қарзни бир неча баробар қилиб қайтаради.

Одамнинг табиати шуки, агар кимгадир қарз берсам, мол-дунёйим камайиб қолади деб хавотирланади. Аллоҳ бу хавотирдан мўминларни қайтармоқда: ризқни танг, тор қиладиган ҳам, кенг қиладиган ҳам Аллоҳ. Агар ризқингиз тор бўлиши лозим бўлса, бу ўзгаларга қарз бериш билан содир бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳга “Қарзи ҳасана” қиладиган киши борми?” ояти нозил бўлганда, Абу Даҳдаҳ исмли саҳоба:
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими? – деди.

– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар Сарвари олам. Шунда Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга: .
– Қўлингизни беринг, – деди ва:
– Мен Раббимга боғимни қарз бердим, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом:
– Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган хурмозорлар Абу Даҳдаҳники бўлди, – дедилар”.

Бугун қарз олди-бердиси катта муаммолардан бирига айланди. Бу масалада қуйидаги ҳолатларга дуч келяпмиз:

Муҳтож бўлмаса ҳам, одамларни алдаб қарз олиб, шунинг эвазига яшайдиганлар кўпайди;
Қарз олгач, имконияти туғилса ҳам, уни қайтармаётганлар учраяпти;
Жуда муҳтож одам қарз сўраб келса ҳам, беришни истамайдиган инсонлар ҳам бор.
Умуман олганда, бу каби ҳолатларни ислоҳ қилиш ўзимизга боғлиқ. Инсон қарз берар экан, сўровчининг ростгўйлиги, асл ҳолати ҳақида маълумотга эга бўлган ҳолда қарор қабул қилиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, қарз олганлар ҳам имконлари бўлиши билан уни қайтаришлари керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси шарифдан маълум бўляптики, қарз олаётганда инсон ниятни тўғирлаб олиши лозим. Яъни қарздан мақсад – қийин молиявий шароитдан чиқиб, дарҳол уни соҳибига етказиш. Қарз билан тирикчилик қилиш эмас. Аллоҳ қарздорнинг ҳар икки ниятига етказади: қайтараман деса, унга барака ёғдиради. Қайтармайман деса, қўлини қисқартириб, яна ҳам оғир, яна қашшоқ ҳолга тушишини ирода қилади.

Ҳар куни бу ҳақиқатнинг жонли мисолларини кўриб турибмиз.

Аслида, қарзни садақадан яхшироқ деб айтилади. Чунки садақа олган одам уни қайтариш ҳақида ўйламайди. Қарздор эса қайтариш учун ҳаракат қилади ва у буни текинга ўрганишдан, танбалликдан ҳимоялайди.

Умуман, қарзнинг аҳамияти, шунингдек, маънавий қарздорлик ҳақида ҳам гапириш мумкин.
Аллоҳ таоло қарздорларга нажот берсин! Бизни қарз оладиган эмас, балки муҳтожларга Аллоҳ йўлида қарзи ҳасана берадиган бандалари қаторидан қилсин!

Абдул Ҳамид Маликов,
“Пискент” жоме масжиди имом хатиби

Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров шайх Зайд бин Султон Ал-Наҳайён (БАА) хайрия ва гуманитар жамғармаси бош директори Ҳамад Салем Кардус Ал-Америни қабул қилганда айтиб ўтди, дея хабар беради Qalampir.uz.
Унинг сўзларига кўра, диний таълим ва ўқитиш сифатини академик даражада ошириш ушбу таҳдиднинг олдини олишга ёрдам беради.

Жапаров ҳозирда диний таълим Қирғизистон учун ҳам долзарб муаммо эканлигини таъкидлаган. Унинг ечими комплекс чора-тадбирларни қабул қилишни талаб қилади. Давлат раҳбари Токмок шаҳрида Ислом академиясини қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаганлиги учун фондга миннатдорлик билдирди.

Садир Жапаров ушбу лойиҳа Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун туртки бўлишига ишонади ва самарали ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Ҳамад Салем Кардус Ал-Амери Ислом академиясининг қурилиши ҳақида маълумот берди, бунинг учун Токмакда 2 гектар ер майдони ажратилган.

Токмокда академиянинг келажакдаги биноси пойдевори остига капсула қўйиш маросими бўлиб ўтган. У ерда 200 киши таҳсил олиши кутилмоқда, улардан 150 нафари магистратура ва докторантурада таҳсил олади. Яна 50 та жой тайёргарлик курслари ва малака ошириш курсларига ажратилган.

Олий таълим муассасаси диний фанларни чуқур ўрганишни ўз ичига олган дунёвий таълимдан иборат магистратура ва докторантура дастурлари учун аралаш таълим беради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Заиф сўзи луғатда: исми фоил бўлиб, ўзаги ضعف يضعف))  феьли, бешинчи бобдан олинган.

Заиф сўзининг антоними "қувватли" деган маьнода келади. Заиф бўлди иборасининг маьноси: кучи ёки соғлиғи йўқолди, вазни йуқолди, бетоб бўлди. Заиф сўзининг кўплиги зуафо, зуъфо, зиъоф шаклида келади.

Заиф ҳадис муҳаддислар истилоҳида: бир неча маъноларда шарҳланган. жумладан:

  1. Саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар шартлари топилмаган ҳадис.
  2. Ҳасан ҳадис шарти топилмаган ҳадис. Бу таьриф аввалгисидан афзалроқ, чунки ҳадис ҳасан мартабасига етишмаса, саҳиҳга ҳам етишмайди.
  3. Ҳадисни қабул қилинадиган шартлари топилмаган ҳадис. Бошқача қилиб айтганда,аввалги таьрифларга сабаб бўлган ҳадисдир.

Заиф ҳадис кўп қисмларга бўлинади. Ҳадисда қабул қилинадиган шарт ва сифатлар топилмаса, мурсал ё мунқотеъ ё мўъзал ё муааллақ ё мудаллас,агар ҳадиснинг сиртдан иллати билинмаса,у ҳолда муаллал ҳадис дейилади.

Шу тарзда Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ал-Бустий заиф ҳадисларни 49 қисмга ажратган. Заиф ҳадислар бир хил даражада қиёсланмайди. Мурсал[1], Мунқотеъ[2], Мўъзал[3], Муаллаққа[4] ўхшаш, заиф ҳадислар ровийсининг заифлиги ё ровийнинг ёдлаш қобилиятини сустлиги билан бошқасидан ажралиб туради.

Мақлуб[5], Мусаҳаф[6], Муддараж, Шозз[7], Музториб[8] ҳадислар юқоридаги ҳадислардан ҳам заифроқ ҳисобланади. Мункар[9], Матрук[10], Муъаллал[11] ҳадислар заиф ҳадисларнинг энг қуйи пағонаси ҳисобланади. Ҳатто айрим заиф ҳадислар тўқима ҳадислар сирасига кириб, баьзи муҳаддислар бу турдаги ҳадисларни ҳадислар сонига қўшмайди. Ровийнинг ёдлаш қобилиятини сустлиги ё ровийнинг номаълумлиги ё ҳадиснинг санадининг узулиши сабабли заиф саналган ҳадислар, мутобеь ва шоҳид ҳадислар билан қувватлантирилади.

Натижада заиф ҳадис бошқа йўллар билан ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилади. Ровийнинг фисқ ва ёлғонга мойиллиги жиҳатидан заиф саналган ҳадислар, бошқа ҳадислар билан қувватланирилмайди. Ва бу турдаги ҳадисларни ҳасан ҳадис даражасига кўтариш тавсия этилмайди.

 

Фахритдин ХУДОЙНАЗАРОВ,

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими.

 

[1] Мурсал ҳадис – санадининг охиридан тобеъиндан кейин бирорта ровий тушиб қолган ҳадис.

[2] Мунқотеъ ҳадис – санади муттасил бўлмаган, яъни уланиб келмаган, кесилиши бор ҳадис.

[3] Мўъзал ҳадис – санадидан икки ва ундан ортиқ ровий кетма–кет тушиб қолган ҳадис.

[4] Муаллақ ҳадис – санадининг аввалида битта ёки ундан кўп ровий кетма–кет тушириб қолдирилган ҳадис.

[5] Мақлуб – ҳадис санадида ёки матнида бир лафзнинг ўрнига бошқасини келтириш, аввал ёки охирига суриб қўйиш ва шунга ўхшаш ишлар.

[6] Мусаҳҳаф – ҳадисдаги сиқа ровийлар ривоят қилган бир сўзнинг лафзини ёки маъносини алмаштириб қўйиш.

[7] Шозз ҳадис – ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис.

[8] Музториб ҳадис – турли йўллар ила баён қилинган ва қуввати тенг бўлган ривоят.

[9] Мункар – санадида катта хатоси бўлган ёки ғафлати кўпайган ёҳуд фисқи зоҳир бўлган ровий бор ҳадис.

[10] Матрук ҳадис – санадида ёлғончиликда айбланган ровийси бор ҳадис.

[11] Муъаллал – сиртдан қаралганда иллати билинмайдиган, лекин саҳиҳлигига футур етказадиган иллати топилган ҳадис.

Мақолалар

Top