Мақолалар

Устозга беандишалик

Улуғ мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асари азиз-авлиё ва улуғ шайхлар ҳаёти, шогирдлар тарбияси, уларнинг кароматлари ва беназир ҳаётларида рўй берган ибратли воқеаларга бағишлаб ёзилган. Бир ўринда шайх Маждиддин Бағдодийнинг таржимаи ҳоли, ўз шогирдлари тарбиясида ниҳоятда қаттиққўл устоз бўлгани ҳақида маълумот берилган: “Куняти Абу Саиддур ва оти Маждуддин Шараф Ибнулмуайяд ибн Абулфатҳ ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳу. Асли Бағдоддиндур. Хоразмшоҳ Бағдод халифасидин табиби тилади, анинг отасин юборди. Ва баъзи дебдурларки, Бағдоддандурки, Хоразм кентларидиндур. Ва ул султоннинг муқаррибларидин эрди. Шайх Рукниддин Алоуддавла қуддиса сирруҳу буюрубтурки: “Улки дерлар, ул амрад (ёш йигит) эрмишки, Ҳазрат Шайх хидматиға етибдур, хилоф воқиъдур. Ёшқа еткан улуқ йигит эрди, аммо латиф сурати ва ҳайъати бор эрди. Ҳазрат Шайх ани аввал мутаваззо хидматиға амр қилди. Волидаси эшитти ва ул табиба эрди ва Ҳазрат Шайх ҳам табиб эрдилар, айтиб юбордиким: “Фарзанд Маждуддунға хидмат буюрғон эрмишсиз ва ул нозук кишидур, агар мурод ул хидматдур, мен ўн  турк қул юборайин, то ул хидматни бажо келтургайлар ва анга ўзга хидмат буюрунг”. Шайх дедиларки: “Анга айтингки, мен эшитибменки, тиб илмин билурсен, сендин бу сўз ажабдур. Агар сенинг ўғлунгға сафровий иситма ташвиш берса, мен дору ул қулларға берсам, ул сиҳҳат топарму?”. Ул жавоб топмади. Ва бу навъ тарбиятким, Ҳазрат Шайх қуддиса сирруҳу Шайх Маждуддинға бунёд қилдилар. Бир неча вақтдин сўнграким, риёзатлар тортиб сулуклар қилди, олий маротиб ҳосил қилиб, бийик мақомларға қадам қўйди. Дерларки, Шайх Маждуддин бир кун дарвишлар била ўлтуруб эрди. Анга сукри ғолиб бўлди. Деди: “Биз ўрдак байзаси (тухуми) эрдук дарё қийроғида ва Шайх қуши эрдики, қаноти остида бизни парвариш бериб тарбият қилди, то ул байзадин чиқтуқ. Чун ўрдак боласи эрдук, дарёға кирдук ва Шайх қийрақта қолди. Ва Ҳазрат Шайх каромат нури била ул сўзга воқиф бўлдилар ва муборак тилларига келдики: “Дарёда ўлгай”. Шайх Маждуддин бу сўзни эшитиб қўрқти ва Шайх Саъдуддин Ҳуммуйи қошиға келиб, кўп тазарруъ қилдиким: “Бир кунки, Ҳазрат Шайхнинг вақтларин хуш топсанг, манга хабар қил. То ҳазратлариға келиб узри қулай”.

 Бир кунки, Шайх ҳазратлари самоъда хушҳол бўлуб эрдилар, Шайх Саъдуддин Шайх Маждуддинға хабар қилди. Ул оёғ яланг келди ва бир таштда ўт тўлдуруб, бошиға кўтариб, кашфгоҳда турди. Чун Шайх Ҳазратларининг муборак назари анга тушти. Дедиларки: “Чун дарвишлар тариқи била паришон сўзунг узрин қуласен, имон ва дин саломат элттинг, аммо бошинг борғай ва дарёда ўлгайсен ва биз ҳам сенинг бошингға борғайбиз ва сардорлар боши ва Хоразм мулки ҳам сенинг бошингда борғай ва олам хароб бўлғай”. Шайх Маждуддин Шайх ҳазратларининг муборак оёғлариға тушти. Ва оз фурсатда Ҳазрат Шайхнинг муборак нафаси зоҳир бўлди. Шайх Маждуддин Хоразмда ваъз айтур эрди ва Хоразмшоҳнинг онаси анинг ваъзиға борур эрди. Ва жамила заифа эрди. Душманлар фурсат асрадилар ва Хоразмшоҳ маст эканда, анга айттиларки: “Онанг Имом Абу Ҳанифа мазҳаби била Шайх Маждуддиннинг никоҳиға кирибдур”. Султон бағоят мутағаййир бўлди ва буюрдиким, Шайх Маждуддинни Жайҳун суйиға солдилар. Ҳар не Хоразмшоҳ ва Хоразм аҳли ва ўзи бобида ва оламнинг хароб бўлури сабабида Ҳазрат Шайх деб эрди, барча вужуд тутти. Чун Шайх Маждуддинни олти юз еттида ё олтида шаҳид қилдилар, хотуни Нишобурдин эрди, ани Нишобурға нақл қилди. Андин секиз юз учта Исфаройинға нақл қилдилар”.

 

“Насойимул муҳаббат” китобидан

Бобомурод Эрали тайёрлади.

 

3827 марта ўқилди

Мақолалар

Top