Мақолалар

Ким уламоларни масхара қилса охирати куяди

Динимизда илмга ва илм аҳлига катта аҳамият берилган. Уларнинг мартабаси юқорига қўйилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قِيلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِ اللَّهُ لَكُمْ وَإِذَا قِيلَ انشُزُوا فَانشُزُوا يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг, дейилса, бас, силжинг, агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”. (Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида иймон ва илм олардилар. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурлиги эслатилиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват этилди.) (Мужодала сураси, 11-оят).

Албатта, шариат уламолари Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг меросхўрлари ҳисобланишади. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир, пайғамбарлар эса динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмнигина мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким уни олган бўлса, мўл улушни олибди”. Бу ҳадисни Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишган.

Шариат уламоларини ҳурмат қилиш, эъзозлаш Аллоҳ таолони улуғлаш туркумига киради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай деганлар: “Албатта, мусулмон (Исломда соч-соқоли оқарган) қарияни, Қуръонни ўрганиб, ёдлаб, унда ғулувга кетмаган ва ундан узоқлашиб, жафо қилмаган (Қуръон ҳомили бўлган) кишини ва адолатли султонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”. Абу Довуд ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уламоларнинг ҳаққини танимаган, билмаган кишига таҳдид қилганлар, уни қўрқитганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кексаларимизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмас” деб марҳамат қилганлар. Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган.

Шу билан бирга уламолар маъсум, хатодан холи эмаслар. Улар ҳам инсон. Лекин улар қилган ижтиҳодлари учун ажр оладилар. Ҳатто ижтиҳодлари хато бўлиб чиқса ҳам. Бу ҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бўлиб, у зот алайҳиссалом “Агар ҳоким (ҳукм қилувчи олим) ижтиҳод қилганда, ижтиҳоди тўғри бўлса, унга иккита ажр, агар ижтиҳод қилганда, ижтиҳоди хато бўлса, унга битта ажр бўлади” деганлар. Муттафақун алайҳ.

Ушбу ҳадис ҳоким ижтиҳод пайтида хато қилиб қўйиши эҳтимоли борлиги ва у шу хатосида узрли эканига очиқ-ойдин далилдир.

Уламоларнинг борлиги неъмат, уларнинг вафоти катта мусибатдир. Чунки, уларнинг вафоти сабабли Ер юзидан илм кўтарилади.

Бир ҳадисда шундай дейилган: “Албатта, Аллоҳ таоло илмни бандаларидан бирданига тортиб олмайди. Лекин уламоларнинг (руҳларини) қабз қилиш билан илмни тортиб олади. Ҳатто бирорта олим қолмай, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб оладилар. Улардан савол сўрайдилар. (Жоҳиллар) илмсиз равишда фатво бериб, ўзлари ҳам адашадилар, (бошқаларни ҳам) адаштирадилар”. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

Шариатнинг муҳим ҳукмларидан бири шуки, уламоларнинг обрўларига тил теккизиш, бу мавзуга шўнғиш, хатоларини пойлаш ва мажлисларда суҳбат учун уларни нишон қилиб олиш мутлақо жоиз эмас.  

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади ва ким уни еса, ўлади”.

Салафи солиҳларимиз уламоларни гўзал сифатлар билан зикр қилар ва уларнинг обрўсига тил теккизишдан, уларга ёмонлик қилишдан жуда эҳтиёт бўлардилар.

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Ким уламоларни менсимаса, масхара қилса, охирати куяди. Ким амирлар (раҳбарлар)ни менсимаса, масхара қилса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларни менсимаса, масхара қилса, муруввати (одамгарчилиги) ва ҳайбати йўқолади”.

Имом Авзоъий раҳимаҳуллоҳ: “Аҳли илмни, хусусан, уларнинг катталарини, улуғларини ёмонлаш, ғийбат қилиш кабира гуноҳлардандир” деганлар.

Имом Абу Ҳанийфа раҳимаҳуллоҳ бундай деган эканлар: “Устозим Ҳаммод вафот этгандан бери қачон намоз ўқисам, ота-онам билан бирга унинг ҳаққига ҳам истиғфор айтдим”.

 

 

Доктор Аҳмад Абдулҳодий Шоҳин

мақоласи ва интернет маълумотларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

4405 марта ўқилди

Мақолалар

Top