Мақолалар

Зино – разолат ботқоғи

Ҳақ таоло  бошқа  махлуқотлар қатори инсон наслини яратар экан, уларни Ўзига итоат этишга, амрига бўйсунишга, яхши амалларни қилиб, ёмонликдан қайтишга буюради.

Азиз   ва мукаррам инсон фақат  эзгу ишлар, солиҳ амаллар қилмоғи, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ишлардан қайтмоғи лозим. Улкан гуноҳлардан бири зинокорликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп оятларида бандаларини зинонинг ҳаром иш эканидан хабардор қилди. ”Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).

Саҳобалардан ривоят қилинади, Зинодан сақланинглар! Чунки зинода 6 иллат бор, учтаси дунёда, учтаси охиратда. Бу дунёдагиси зинокорнинг ризқдан барака кетади, яхшиликлардан махрум бўлади, инсонларнинг қалбида ғазаб уйғотади; охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига учрайди, ҳисоби қийин бўлади, дўзахга боши билан шўнғийди.

Бир инсоннинг нафс кўйига кириб, қилган гуноҳи оқибатида хонадонидаги аҳли-аёлини жабр кўришига ва болаларининг ҳам бедаво дардга йўлиқишига сабаб бўлади. Чунки гуноҳ билан бирга ОИТС касалини юқтириб, ундан оиласига ўтиб, боласи ҳам шу касаллик билан туғилади. Бир оилада ҳаммаси бедаво дардга йўлиқади.

Ривоят қилишларича, шайтон қўшинларини ер юзига юбора туриб: “Қайси бирингиз бир мусулмонни йўлдан оздирсангиз, бошингизга тож кийдираман”, дейди. Уларнинг энг фитнакори, шайтонга энг яқини бўлади ва унинг олдига келиб: “Фалончини васваса қилаверган эдим, охири хотинини талоқ қилди”, дейди. Шайтон: “Ҳеч иш қилмабсан, у яқинда бошқасига уйланиб олади”, дейди. Сўнг бошқаси келиб: “Фалончини васваса қилавериб биродари билан уриштириб қўйдим”, деганида у: “Ҳеч иш қилмабсан, яқинда қайтадан ярашиб олади”, дейди. Сўнгра бошқаси келиб: “Фалончини тинмай васваса қилган эдим, охири у зино қилди”, дейди. Шайтон: “Жуда зўр иш қилибсан”, деб уни ёнига чорлайди ва бошига тож кийдиради. Шайтон ва қўшинларининг ёмонлигидан Аллоҳ сақласин.

А.Сатторов,

 Избоскан туман “Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

3988 марта ўқилди

Мақолалар

Top