Мақолалар

Худбинликдан сақланайлик

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда диний-маърифий ислоҳотларда янги ўзгаришлар рўй берди. Республикамиз вилоятларида қуръон, ҳадис, фиқҳ мактаблари, илмий-тадқиқот марказлари очилди. Қуръон мусобақалари, ҳадис илми бўйича кўрик-танловлар ўтказилди. Ойнаи жаҳон орқали диний-маърифий мавзуда кўрсатувлар йўлга қўйилди. Зеро, бундан мақсад халқимизга ислом дини маънавий етукликни, маърифатни, бошқа динларга нисбатан бағрикенгликни, сабр-тоқат, шукроналикни тарғиб этувчи дин эканлигини тушунтиришдан иборатдир. Бу менинг диний эркинлигим экан дея ўзи хоҳлаган ишни қилиб юриш дегани эмас.

Ислом оламида мўмин-мусулмонлар доимо раҳбарлари бошчилигида, уламолар иштирокида қарорлар қабул қилганлар. Ҳар ким дин номидан ўз билганини қилавермаган. Ўзбошимчалик оқибатида ўтган йилларда не-не оилалар бошига тушган мусибатларни эсга олайлик. Экстремистик оқимга мансуб кимсалар қилмишлари билан ота-оналарини ҳам юзларини ерга қаратдилар, алам-изтиробга солдилар.

Илмсизлигимиз, тажрибасизлигимиз дин душманларининг орамизга нифоқ, ихтилоф, парокандалик солиш учун тинмай уюштираётган фитна-найрангларига эътиборсизлигимиздир. Бизлар намоз ўқияпмиз, рўза тутяпмиз, Ҳажга бориб келяпмиз. Аммо Исломнинг асл моҳиятига кириб боролмаяпмиз, динимизнинг бағрикенглик талабларини тушуна олмаяпмиз.

Динимиз худбинликни, кеккайиш ва манмансирашни қаттиқ қоралайди. Чунки бу иллатлар Аллоҳ ёқтирмайдиган мутакаббирликка олиб боргани учун мусулмонлар булардан қайтарилган. Аллоҳ таоло бандаларини Ўз ҳузурида ҳамиша хокисор, итоатли, қуллик қилган ҳолда кўришни истайди. Худбин кимсада эса буларнинг акси бўлади.

Худбинлик инсоннинг ўз “мен”ига тобе бўлишидир. Инсон ўз нафсини, хою ҳавасини, истакларини жиловламаса, у худбиндир, худбинлик тўрига илингандир. Худбинликнинг асл маъноси ҳар ишда, ҳар бир ҳаракатда “Ўзим бўлай”, “Менинг айтганим бўлсин” қабилида фикр юритиш ва шунга интилишдир.

Худбинликнинг яна бир номи “манмансираш”, “кеккайиш”, ўзини бошқалардан устун кўриш. Худбинлик Аллоҳ суймайдиган кибр деган чоҳ томонга судрайди, охири ҳалок қилади.

Худбин одамдан яхшилик, меҳр-оқибат, одамгарчилик, инсоф кутиш мушкул иш. У ҳақли кишиларнинг риоясини қилиб ўтирмайди, барча воситаларини ишга солиб, ўз мақсадига эришади. У чет эллик манфаатпарастлардан озгина чўтал олиш учун юртимизга ғаразли мафкураларнинг, бузуқ эътиқодларнинг киришига дарвозани ланг очиб беради. У охири пул ёки амал илинжида Ватанини, иймон-эътиқодини, халқини сотишдан ҳам ор қилмайдиган бўлиб қолади.

Ўзидан илмда пешқадам бўлганлар билан холис маслаҳат қилиш ўрнига уларга душманлик қилишга ўтади, ҳатто жиддий зарар келтириш пайидан бўлади. Худбин киши ҳатто ота-онаси ва хотинию фарзандларидан ҳам яхшилигини, ёрдамини, меҳрини қизғанади. Хулласи, худбин киши одамларга фойда келтириш ҳақида мутлақо бош қотиргиси келмайди. Чунки у худбин, манмансираган, кеккайган, унинг нафси, шайтони, хою ҳаваси одамлардан ўзини устун кўришга, уларни менсимасликка тинмай тарғиб этиб туради.

Худбинлик оқибатида катта-катта хайрли ишлар амалга ошмай қолади. Худбиннинг касридан давлатларга, жамиятларга, халқларга жиддий зарарлар етади.

Худбин бўлмаслик учун одамлар билан муносабатда жуда эътиборли бўлиш лозим. Бошқаларнинг айбини улар олдида ҳам, ортидан ҳам гапирилмайди.

Имом Муслим ривоятидаги саҳиҳ ҳадиси шарифда: “Мусулмон мусулмонга дўст-биродар, унга зулм ҳам этмайди ва уни ўз ҳолига ташлаб ҳам қўймайди”, дейилган. Юқорида айтганимиздек, худбинликнинг охири кеккайиш, манмансираш, ўзини бошқалардан устун қўйишга олиб боради. Шундан кейин эса кибрга, калондимоғликка бир қадам қолади.

Худбинлик дардига мубтало бўлган одам ўзининг фикри билан кеккаяди ва унга қойил қолади. У насиҳат этувчининг насиҳатига қулоқ солмайди. У нажот деб эътиқод этган нарсани қандай қилиб тарк этади? Бу дарднинг умумий муолажаси шуки, бу дард соҳиби ўз фикрини доимо танқид-тафтиш этиши, фикрига ғурурланмаслиги лозим. Бунга у илм аҳли ила маслаҳат қилиш ва уларнинг илмларидан кўп тажриба ҳосил қилиш орқали етишади.

Худбинлик, манмансираш мусулмонлар қайтарилган зарарли иллатлардандир. Унинг зарарини барча инсонлар ҳар қадамда, ҳар лаҳзада ўз тажрибаларида кўришади. Мусулмонмиз, шу боис ҳам худбинлик, манмансираш хасталигидан тезроқ қутулишимиз, бу иллатлардан узоқроқ юришимиз лозим.

 Бекобод шаҳар “Исломобод” жоме масжиди
имом-хатиби Ш.Назарқулов

ЎМИ Матбуот хизмати

4086 марта ўқилди

Мақолалар

Top