Мақолалар

Исломда байроқдорлик

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол ҳисобланади. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этади. Маълумки, 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кундир. Шундай экан, мақолада бу муҳим кун муносабати билан байроқ ва байроқдорлик тарихи тўғрисида сўз юритишни маъқул топдик.

Тарихга назар ташласак, байроқдорлик масаласи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг эътибор қаратган  ишларидан бири бўлган. Хусусан, Ислом дини учун олиб борган ғазотларида (курашларида) албатта байроқ билан чиқардилар ёки байроқдор тайинлаб қўшин жўнатардилар. Ушбу шарафли ишни бажаришни барча саҳобалар орзу қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи боғлаган байроқлари мелодий 623 йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1-йили Рамазон ойида бўлган. Ул Зот Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Ҳамза розияллоҳу анҳу учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Ҳусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди. Бу тарихда “Сайфул-баҳр сарияси” деб аталган.

Энг дастлабки катта ғазотлардан ҳисобланган Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бош қўмондонлик байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Қураший ал-Абдарийга бердилар, байроқ оқ рангда эди. Муҳожирлар байроғини Алий ибн Абу Толибга бердилар, бу байроқни “Уқоб” дейиларди. Ансорлар байроғини Саъд ибн Муозга бердилар. Ҳар икки байроқ қора рангда эди.

Уҳуд ғазотида муҳожирлар байроғини Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарийга бердилар, ансорларнинг Авс гуруҳи байроғини Усайд ибн Ҳузайрга бердилар ва ансорларнинг Хазраж гуруҳи байроғини Ҳубоб ибн ал-Мунзирга бердилар. Байроқнинг вазифаси қўшинни жипслаштириб, олдинга ундаш бўлган ва аксинча байроқ йиқилса қўшин тарқалиб кетган. Масалан, Уҳуд жангида мушриклар байроғи йиқилганида барчалари тумтарақай ортга қочишган. Мусулмон камончилари ўз жойларини тарк этгани сабабли душман отлиқлари орқадан ҳужум қилишди ва шундан сўнг мушриклардан Амра бинт Алқама ал-Ҳорисия исмли бир аёл шошиб келиб, ерда ётган байроқларини баланд кўтарди, шундан сўнг мушриклар байроқ атрофида жипслашиб, бир-бирларини чорлай бошладилар. Ва натижада мусулмонлар катта талофатга учрадилар.

Румликларга қарши бўлган Мўъта ғазотида байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тарбиялаган Зайд ибн Ҳорисага бердилар. Сон жиҳатдан тенгсиз бўлган бу жангда байроқни навбат билан тутган Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳалар шаҳид бўлдилар. Чунки, душман қўшини икки юз минг, мусулмонлар эса уч мингтагина эдилар. Аллоҳнинг қиличи лақабли Холид ибн Валид байроқни олгач, ҳарбий ҳийла ишлатиб қўшинни қутқариб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Муҳаммад ибн Масламага: “Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у Аллоҳ ва Расулини жон-дилдан севади. Бундай одамни Аллоҳ ва Расули  ҳам яхши кўради”, дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. “Ўша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим”, дея эслайди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Тонг отганда Расулуллоҳ Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Али розияллоҳу анҳунинг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар. Байроқдорлик энг шарафли вазифа эди, чунки қўшинни тақдири шунга боғлиқ эди.

Тарихда ҳар бир давлат ёки халқнинг ўз байроқлари мавжуд бўлиб, давлатнинг асосий белгиларидан ҳисобланган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам давлат рамзларига, хусусан, байроққа юксак сиёсий аҳамият берган. Амир Темур байроғи дастаси узунлиги тўрт беш метрдан кам бўлмаган ва мовий рангда бўлган. Байроқ қўшин олдида олиб юрилган. Соҳибқирон: “Жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам байроқни баланд тутсин!”, деб фармон берган ва байроқни эгилишини мағлубият деб қабул қилган.

Бугунги тараққиёт замонида ҳам байроқ ўз аҳамиятини йўқотмаган ва давлатларнинг асосий рамзларидан ҳисобланади. Шунингдек, халқаро мусобақаларда ва спорт беллашувларида, халқаро ташкилотларда байроқнинг ҳилпираши ўша давлатнинг обрў ва эътиборини белгилайди. Мустақил Ўзбекистонимиз байроғи ҳам дунё бўйлаб ҳилпираб, бу юртнинг довруғини дунёга танитиб келмоқда. Спорт мусобақаларида,  БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар қароргоҳида байроғини ҳилпиратган Ўзбекистон дунёга ўзгача нигоҳ ташлаб, тараққиёт сари илдам одимламоқда.

 

 

Акрам АБДУЛЛАЕВ,

ТИИ Махсус сиртқи бўлим 1-курс талабаси,

Бухоро шаҳар “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

 

 

 

4679 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Дин насиҳатдир Ҳазрат Увайс ибрати »

Мақолалар

Top